Мазкур нуфузли учрашув Швейцариянинг Женева шаҳридаги Мартин Бодмер жамғармаси музейида 2026 йилнинг 22 ноябридан 13 декабрига қадар бўлиб ўтади. Бу шахмат бўйича жаҳон чемпионати баҳсларини 2004 йилдан бери илк бор Швейцарияга қайтаради.

Мусобақа дастури 22 ноябрь куни очилиш маросими билан бошланиб, илк классик ўйин 24 ноябрга белгиланган. Сўнгги классик партия 11 декабрда ўтказилади, зарурият туғилганда эса тай-бреклар 12 декабрга кўзда тутилган. Гукеш Д ҳам, Жавоҳир Синдаров ҳам учрашув бошланишида 20 ёшда бўладилар, бу эса шахмат тарихидаги энг ёш жаҳон чемпионати мусобақаси бўлишини таъминлайди. Шунингдек, Жавоҳир Синдаров Ўзбекистон тарихида мутлақ жаҳон чемпионати унвони учун ўйин йўлланмасини қўлга киритган илк шахматчидир.

Учрашув кўпи билан 14 та классик ўйиндан иборат бўлиб, 7.5 очкога етган биринчи ўйинчи чемпионлик унвонини қўлга киритади. Агар ҳисоб тенг келса, ғолиб тай-бреклар орқали аниқланади. Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига 2 кун қолди.