Айниқса, таълим муассасаларидаги ёзги таътил даврини мазмунли ва самарали ташкил этиш, уларнинг бўш вақтини фойдали машғулотларга йўналтириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада “Долзарб 90 кун” лойиҳаси юртимиздаги олийгоҳлар фаолиятида ҳам самарали даврни бошлаб берди. Тошкент кимё-технология институти ҳам ушбу лойиҳани масъулият билан, юксак савияда амалга ошириб, талабалар, ўқувчилар ва маҳалла ёшлари учун ёзги таътилни нафақат дам олиш, балки шахсий ва касбий ўсиш даврига айлантиришга эришмоқда.
Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши учун Тошкент кимё-технология институтида махсус штаб ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти аниқ режалар асосида йўлга қўйилган. Штаб аъзоларининг вазифалари пухта белгилаб олингани, уларнинг лойиҳа мақсадларидан тўлиқ хабардорлиги тадбирларнинг узлуксиз ва мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилишини таъминламоқда. Бу тизимли ёндашув лойиҳанинг ҳар бир жиҳати пухта режалаштирилиши ва доимий назорат остида бўлишини кафолатлайди.
Институтнинг барча спорт иншоотлари, ўқув-амалий лабораториялари, тўгараклар учун ажратилган хоналар ёзги таътил даврида тўлиқ иш режимига ўтказилиб, улардан талабалар, шунингдек, ён-атрофдаги маҳаллалар ёшлари бемалол фойдаланиши учун барча шароитлар яратилган. Бу, ўз навбатида, таълим муассасасининг нафақат академик, балки ижтимоий масъулиятини ҳам тўлақонли адо этаётганини кўрсатади. Масъул ходимлар, тўгарак раҳбарлари ва спорт тренерларининг аниқ рўйхати шакллантирилган ва улар фаолияти меҳнат қонунчилигига мувофиқ рағбатлантирилмоқда, бу эса лойиҳа иштирокчиларини янада руҳлантириши шубҳасиз.
“Долзарб 90” доирасидаги тадбирлар орқали Шайҳонтоҳур туманидаги 51 та маҳалла ҳамда 35 та мактаб қамраб олинган бўлиб, белгиланган режа-графиклар асосидаги ҳамкорликлар ҳисобига мунтазам тўгарак ва машғулотлар ўтказиб келинади.
Лойиҳа доирасидаги чора-тадбирлар дастурида ҳафтанинг ҳар бир куни учун аниқ тематик йўналишлар белгиланган. Бу режа-график лойиҳанинг тизимли ва узлуксиз амалга оширилишини кафолатлайди. Душанба куни маънавий-маърифий тадбирлар, санъат кўргазмалари ва “Заковат” интеллектуал ўйинларига бағишланса, сешанба куни спорт мусобақалари ва киберспорт ўйинлари ёшларнинг жисмоний ва ақлий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Чоршанба куни кино ва театр санъати, пайшанба куни тадбиркорлик ва инновацион ғояларни ривожлантиришга қаратилган тренинглар, жума куни хорижий тилларни ўрганиш ва замонавий дастурлаш кўникмаларини шакллантириш бўйича маҳорат дарслари, шанба куни эса 3D моделлаштириш, амалий кимё ва физика лабораториялари, робототехника ва дрон технологиялари тўгараклари орқали ёшларнинг технологик билимлари бойитилмоқда.
Шунингдек, “Ватан бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳаси доирасида тарихий жойлар ва инновацион технопаркларга экскурсиялар уюштирилаётир. Институт ҳудудида “Бунёдкор ёшлар” талабалар отрядларининг фаолияти йўлга қўйилиб, ёшларнинг меҳнатсеварлик кўникмалари шакллантирилмоқда. Бу тадбирларнинг барчаси аниқ режа асосида, юксак савияда ташкил этилиб, ёшларнинг ҳар томонлама ривожланишига замин яратади албатта.
Институтда “Талабалар медиа гуруҳи”нинг ташкил этилиши ва унинг зарур воситалар билан жиҳозланиши лойиҳа доирасидаги барча тадбирларнинг оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб борилишига имкон яратган. Бу эса лойиҳанинг шаффофлигини таъминлаб, унинг аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим ўрин тутади. “Ёшлар бандлиги ойлиги” доирасида битирувчи курс талабаларига “Давлат хизматига ишга кириш тартиби” мавзусида семинарлар ташкил этилди. Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамкорлигида Саноат муҳандислиги ва менежменти факультети битирувчилари учун ташкил этилган “Карьера куни” кўплаб ёшларнинг ўз иш ўринларини топишига катта ёрдам берди.
Тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида муваффақиятга эришган тадбиркорлар иштирокида мотивация берувчи “Бизнес марафон” тренинглари ўтказилаяпти. Замонавий технологияларни ўзлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Институтда “3D моделлаштириш” тўгараги фаолияти йўлга қўйилган ва бу ёшларнинг 3D Max, Blender, Lumion, Solid Works, Maya, AutoCAD каби дастурларда мустақил лойиҳалар амалга ошириш кўникмалари шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, “Амалий физика ва кимё лабораториялари” тўгараклари ҳам талабаларнинг назарий билимларини амалиётда янада мустаҳкамлайди. Буларнинг барчаси институтнинг ёшлар учун назарий билимлар билан бир қаторда амалий кўникмаларни ҳам ривожлантиришга жиддий эътибор қаратаётганини кўрсатади.
Лойиҳа якунида турли йўналишларда фаол иштирок этган ёшлар муносиб рағбатлантирилди. Футбол, волейбол, шахмат ва стол тенниси бўйича спорт мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаган иштирокчилар, шунингдек, илмий-амалий тўгараклар, “Караоке кечаси”, ижодий учрашувлар ва “Заковат” интеллектуал ўйинида фаол қатнашган ҳамда ғолибликни қўлга киритган ёшлар диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Бундай рағбатлантиришлар ёшлар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва ўз устида доимий ишлашга ундашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида институт талаба-ёшлари ўртасида “Спорт – саломатлик гарови!” шиори остида футбол мусобақаси ташкил этилди. Велоспорт мусобақаси ҳам ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Тошкент кимё-технология институтида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган мазкур кўламдор ишлар ёшларнинг ёзги таътилини нафақат мазмунли ва фойдали, айни пайтда унутилмас хотираларга бой ўтказишга хизмат қилади. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида талаба-ёшлар нафақат жисмонан чиниқмоқда, шу билан бирга маънавий жиҳатдан юксалади, янги билим ва кўникмаларга эга бўлади, ўз келажаклари учун мустаҳкам пойдевор яратади. Институтнинг ёшлар масаласидаги бундай изчил фаолияти келгусида юртимизнинг баркамол ва етук кадрлар билан таъминланишига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Ушбу лойиҳа ёшларнинг бўш вақтини самарали ўтказишлари, уларни жамиятнинг фаол ва ташаббускор аъзолари этиб тарбиялашга қаратилган муҳим қадамдир. Бу каби тадбирлар нафақат ёшлар орасида ижобий кайфият яратади, балки уларни жамиятга фойдали шахслар сифатида шакллантириш, Ватанга садоқатли бўлиш, ўз миллий қадриятларига ҳурмат билан ёндашишга ундашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Тошкент кимё-технология институти келажакда ҳам ёшлар билан ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва салоҳиятини юзага чиқариш бўйича изчил ишлашда давом этади.
Баҳодир БОБОРАЖАБОВ,
Тошкент кимё-технология институти биринчи проректори