Ҳужжатда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, таълим ва тиббий хизматлар сифатини ошириш, оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда болалар манфаатларига йўналтирилган давлат харажатларини кўпайтириш каби устувор вазифалар белгиланган.

22 октябрь куни «Болалар фаровонлигига инвестиция киритиш: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли ривожланиш сари йўл» мавзусидаги Жаҳон саммити якунида Самарқанд декларацияси тасдиқланди. Икки кун давом этган саммит 21–22 октябрь кунлари бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон томонидан БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда биринчи хонимлар, вазирлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар ва бизнес вакиллари, шунингдек, болалар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Болалар ҳуқуқлари ва хавфсизлиги устувор вазифа

Декларацияда иштирокчилар Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция тамойилларига содиқлигини тасдиқлади. Ҳужжатда болалар дунё аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этиши, улар фаровонлигига киритилган сармоялар эса соғлиқни сақлаш, таълим, меҳнат унумдорлиги, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва тинчликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган.

Давлатлар миллий шароит ва имкониятлардан келиб чиқиб, бир қатор йўналишларда чоралар кўришни кўзда тутмоқда. Жумладан:

  • болалар ва оилалар учун ижтимоий ҳимоя ҳамда нафақа тизимларини такомиллаштириш;

  • болаларни зўравонлик, шафқатсиз муомала ва эксплуатациядан, шу жумладан интернет муҳитида ҳимоя қилиш;

  • эрта болаликдаги ривожланиш, инклюзив таълим ва тиббий хизматларни қўллаб-қувватлаш;

  • болалар саратонига қарши курашиш чораларини кучайтириш;

  • ота-оналар ва васийларга ёрдам бериш, болаларнинг оиласидан асоссиз ажратилишига йўл қўймаслик;

  • ёшларни рақамли ва «яшил» иқтисодиёт талабларига тайёрлаш, улар учун муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш.

Болалар учун давлат харажатлари оширилиши мумкин

Декларациянинг муҳим йўналишларидан бири молиялаштириш масаласига бағишланган. Унда давлат инвестицияларини болалар манфаатларига йўналтиришни изчил ошириш, миллий бюджетларнинг шаффофлигини кучайтириш ва бюджет қарорларида болалар эҳтиёжларини ҳисобга олиш зарурлиги қайд этилган.

Шунингдек, халқаро молия институтлари, тараққиёт ҳамкорлари, хайрия жамғармалари ва хусусий секторни болалар фаровонлигига ажратиладиган маблағларни кўпайтиришга чақирилган. Бу, айниқса, даромади паст ва ўртача бўлган мамлакатлар, шунингдек, қуролли низолар, иқлим ўзгариши ва табиий офатлардан жабр кўрган давлатлар учун муҳим ҳисобланади.

Болалар қарорлар қабул қилишда ҳам иштирок этади

Ҳужжатда болалар ва ўсмирлар ўзгаришларнинг фаол иштирокчилари сифатида эътироф этилган. Иштирокчилар уларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларида хавфсиз ва мазмунли иштирокини таъминлашга, жумладан, декларацияни амалга оширишда уларнинг фикрини инобатга олишга тайёрлигини билдирган.

Декларацияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш миллий сиёсат ва бюджетлар орқали, ҳар бир мамлакат ўзи белгилайдиган муддатлар ҳамда мунтазам ҳисоботлар асосида олиб борилади. Эришилган натижаларни баҳолаш учун кейинчалик яна учрашишга келишилган.

Саммит иштирокчилари тадбирни Самарқандда ташкил этгани учун Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига миннатдорлик билдириб, шаҳарни «цивилизациялар чорраҳаси» деб атади.

Саммит якунини «Оскар» мукофоти совриндори Эдриан Броуди сарҳисоб қилди. У, шунингдек, Шаҳноза Мирзиёевага ўзи чизган расмни совға қилди.