Тасвирда шу йилнинг 7 сентябрь куни Самарқанд шаҳри Университет хиёбони Оқсарой кўчасидан Амир Темур мақбарасига қараб кириш йўлининг ўнг томонидаги уч туп дарахт кесилганини кўриш мумкин.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, бундан бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда «Шаҳардаги хатарли ёхуд эътиборга муҳтож дарахтлар» сарлавҳаси остида мурожаат тарқалган.

Унда чириб, йиқилиш хавфи юқори бўлган дарахтлар ҳақида маълумот берилган. Ушбу мурожаат Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари иштирокида тузилган Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, уч туп чинор дарахти ташқи таъсирлар натижасида ҳозирги кунда ўзининг мустаҳкамлик ҳолатини йўқотганлиги, танасида ғоваклар пайдо бўлиб, йўл томонга 40 даражага оғиб қолиши оқибатида инсонлар ҳаёти учун хавфлилик даражаси юқори бўлиб қолганлиги аниқланди.

Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Самарқанд вилоят бошқармасининг тегишли хулосаларига кўра мазкур дарахтларни инсонлар ҳаёти ва мол-мулкига зиён етказиш даражаси юқори бўлгани ҳисобга олинган ҳолда дарахтлар кесилиб, ўрнига янгидан худди шундай чинор дарахтлари экилган.