Шунингдек, икки ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг жорий кўрсаткичлари ва уни янада рағбатлантириш бўйича биринчи даражали вазифалар кўриб чиқилди.

Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни жадал равишда амалга ошириш борасидаги ишларни янада фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди. Жорий йил охирига қадар Самарқанд вилоятида умумий қиймати 12,1 триллион сўмлик 1184 та лойиҳани амалга ошириш ва 17,3 мингта янги иш ўрни яратиш, Бухоро вилоятида эса 5,7 триллион сўмлик 584 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш ва шунинг ҳисобига 12,3 минг янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди. Тегишли идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарларига вилоятларнинг туман ва шаҳарларига чиққан ҳолда, юқори қўшимча қийматга эга саноат маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга доир таклифларни шакллантириш топширилди.

Экспорт фаолиятининг жорий кўрсаткичлари ўрганилди. Тадбиркор ва экспортчиларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича манзилли ишларни фаоллаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, муҳокама давомида вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларининг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларини талаб қилувчи бир қатор алоҳида масалалар кўриб чиқилди.

Видеоконференция якунида мутасадди раҳбарлар муҳокама давомида кўтарилган муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ кўрсатма ва топшириқларни олдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.