Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, учрашувда Ўзбекистон ва Украина алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётгани икки мамлакат минтақалари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликнинг ривожланишига хизмат қилаётгани таъкидланди.
Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда вилоятда “IT Park” ташкил этиш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик ва бошқа бир қатор соҳалар бўйича биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар муҳокама этилди.
Учрашувда Украина элчиси Самарқанд билан ўзаро биродарлашган Львов вилояти раҳбари Максим Козицькийнинг вилоятимиз вакилларини Львовга таклиф хатини топширди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳар ҳокимига ҳам Львов шаҳрига таклифнома тақдим этилди.
Учрашувда Самарқанд билан Львов шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиа қатновларни йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар тез фурсатда украиналик ишлаб чиқарувчилар ва ишбилармонлар иштирокида онлайн режимда самарқандлик тадбиркорлар билан учрашув ташкил этиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.