Спектаклнинг Премьерасини томошабинлар қаторида Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Самарқанд вилояти филиали раҳбари Рустам Қобилов, вилоятдаги қўғирчоқ, рус драма, Каттақўрғон шаҳар драма театрлари раҳбарлари ва ижодкорлари, шунингдек, журналистлар, жамоатчилик вакиллари томоша қилишди.

Спектаклда улуғ аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур вафотидан сўнг темурий шаҳзодалар ўртасида тожу тахт учун олиб борилган курашлар натижасида салтанатнинг парчаланиб кетаётганлиги акс эттирилган.

Халил Султон Мирзо бобоси Соҳибқироннинг васиятига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан салтанат пойтахти бўлмиш Самарқандни эгаллайди. Малика Шод Мулк (Амир Сайфиддиннинг собиқ чўхраси) турмуш ўртоғи Халил Султонни қўғирчоқдай ўйнатиб уни мунофиқлик йўлига бошлайди.

Бибихоним нечоғлик тўғри ва адолатли йўлга бошлашга қанчалик уринмасин, ўзларини салтанат эгалари деб ҳисоблаган Халил Султон ҳамда Шод Мулк расман валиаҳд деб эълон қилиниши керак бўлган оғаси шаҳзода Пирмуҳаммад Мирзони, содиқ бўлган амиру бекларни ўлдиради, қолганларини эса пойтахтдан бадарға қилади.

Сароймулкхоним Соҳибқирон салтанатининг парчаланиб кетмаслиги учун, Халил Султоннинг тўғри йўлга (ҳақ йўлга) қайтиши, адолатли бўлиши учун панд-насиҳатлар қилади. Ўзининг ва салтанатнинг тизгинини Шод Мулк қўлига топшириб қўйган Халил Султон Бибихонимнинг сўзларига қулоқ осмайди.

Спектакль якунида, ёш шаҳзода Улуғбек Мирзо булутлар ортидан кўринган қуёшдай Бибихонимда ва халқда умид уйғотиб, Соҳибқирон салтанатида тинчлик ўрнатади ва тахтга ўтиради.