Самарқандлик кўпни кўрган, тажрибали деҳқонлар 2021 йил ҳосили учун 4 минг 470 та фермер хўжаликлари томонидан 94 минг 230 гектар сувли майдонга экилган кузги бошоқли дон экинларидан 235 минг тоннадан ортиқ ҳосил йиғиштириб олиш мақсадида астойдил меҳнат қилишмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан ғалла ўрим-йиғими мавсумида қатнашувчи 273 та ғалла ўриш комбайнларининг техник ҳолати кўздан кечирилиб, махсус сертификатлар берилди.
— 2021 йил ҳосили учун ўрим-йиғим мавсумида қатнашувчи комбайнларни таъмирлаш мақсадида 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Мавсумни қисқа муддатда ва беталофат ўтказиш юзасидан 273 та отрядлар шакллантирилди, — дейди инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Шаҳриддин Бутунов. — Ғалла ўриш комбайнларидан унумли фойдаланиш мақсадида, техник хизмат кўрсатувчи кўчма гуруҳлар “Механизаторлар уйи” ташкил этилди. Ёқилғи мойлаш материаллари билан узлуксиз таъминлаш учун зарурий миқдорда ёқилғи мойлаш материаллари заҳираси шакллантирилди. Жорий йилги мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида илк бор комбайнларнинг барчаси 20 километр масофага техник синовдан ўтказилди. Айни пайтда инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан вилоятдаги мавжуд 4 та донни қайта ишлаш корхоналарига қарашли 18 та дон қабул қилиш шахобчаларини мавсумга ҳозирлаш юзасидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, “Самарқанддонмаҳсулотлари” АЖга қарашли “Самарқанд” дон қабул қилиш маскани томонидан Самарқанд, Нуробод ва Пастдарғом туманларидаги 286 та фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган 5 минг 775 тонна дон маҳсулоти қабул қилинади. Ҳосилнинг 2 минг 962 тоннаси товар, 2 минг 813 тоннаси уруғлик буғдойни ташкил этади. 2021 йилда ғалла ўриш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан шахобча уруғлик цехида 876 миллион сўм маблағ эвазига Туркиянинг замонавий ускунаси ўрнатилди.
— “Жомбой дон масҳулотлари” АЖ томонидан Жомбой, Тойлоқ ва Ургут туманларида етиштирилган ғалла қабул қилинади, — дейди инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси катта инспектори Рашид Собиров. —Корхонанинг сақлаш сиғими 103 минг тоннани ташкил этади. 25 минг тонна омборхона мавжуд бўлиб, айни кунларда бу ерда бир суткасида 350 тонна буғдой қайта ишланиб 250 тонна ун маҳсулоти истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Инспекция органлари ходимлари томонидан мавсумга тайёргарлик ишларида самарадорликни янада ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси
ахборот хизмати