Нашр Ўзбекистон Президенти 9 декабрь куни Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ломйиҳалар тақдимоти билан танишганини хабар қилган. Лойиҳалар Самарқандни замонавий шаҳарга айлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар фаоллигини ошириш, туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган.

"Дунё" ААнинг қайд этишича, манба яқин йилларда Самарқанд бир миллион аҳолига эга шаҳарга айланиши кутилаётганига эътибор қаратади. Бунинг учун шаҳарга қўшни туманларнинг алоҳида ҳудудлари киради. Давлат идоралари ва маъмурий хизматлар тарихий марказдан ташқарига кўчирилади.

Самарқанд иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланган туризм соҳасида 40 минг кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган. Вилоятни мамлакатнинг сайёҳлик марказига айлантириш орқали келгуси беш йилда туристик хизматлар ҳажмини 10 баробар ошириш режалаштирилган. Хусусан, 600 дан ортиқ янги меҳмонхона ва меҳмон уйлари ташкил этилади.

Бу борадаги энг йирик лойиҳа Самарқанд ишбилармонлик ва сайёҳлик марказидир. 212 гектар майдонда барпо этилаётган мажмуа халқаро конгресс маркази, “Абадий шаҳар” карвонсаройи, 8 та меҳмонхона, дам олиш ва кўнгилочар масканлар, ҳунармандчилик маркази ва сунъий сув ҳавзаларидан иборат бўлади. Бу ерда 5 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланади, дейилади мақолада.

Умуман олганда, режалаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига вилоятга келаётган хорижий сайёҳлар сонини йилига 5 миллион нафарга етказиш кутилмоқда.

Нашр, шунингдек, 2023 йилда Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтишига ҳам ўқувчилар эътиборини қаратган. ЮНВТО Бош Ассамблеянинг Мадридда (Испания) бўлиб ўтган 24-сессиясида навбатдаги сессияни чақириш жойи бўйича овоз бериш жараёнида Ўзбекистон ғолиб чиққани қайд этилган.

ЮНВТО Бош Ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказиладиган энг муҳим туризм форуми бўлиб, БМТнинг бундай юқори савияда оилавий тадбирининг Ўзбекистонда ўтказилиши тарихий воқеадир, дея хулоса қилади мақола муаллифи.