Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида “Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида” мавзусида Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси ўз ишини бошлади.
“Дунё” АА хабар беришича, нуфузли халқаро анжуман Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Парламентлараро иттифоқ ҳамкорлигида ташкил этилган.
Конференцияда дунёнинг 58 мамлакатидан ёш парламент аъзолари, шунингдек, 11 та халқаро ташкилот вакилларидан иборат қарийб 250 нафар иштирокчи қатнашмоқда.
Анжуманда иштирок этиш учун Буюк Британия, Хитой, Россия, Канада, Туркия, Германия, Ирландия, Жазоир, Зимбабве, Кот-дʼИвуар, Озарбайжон, Покистон, Сейшел ороллари, Уругвай, Уганда, Намибия, Швейцария, Шимолий Македония, Эрон, Баҳрайн, Нигерия, Мавритания, Жанубий Африка, Камбоджа ҳамда Марказий Осиё давлатлари парламентлари делегациялари ташриф буюрди.
Конференциянинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистон Президентининг форум қатнашчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Табрикда Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган дунёнинг ўнта етакчи давлати қаторидан ўрин олаётгани таъкидланди. Шунингдек, мамлакатимиз глобал ёшлар тараққиёти индексида энг тез ривожланаётган давлатлардан бири сифатида эътироф этилгани қайд этилди.
Конференция доирасида мураккаб глобал шароитда инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ёшларнинг ўрни, уларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш ва ёш авлоднинг парламент фаолиятидаги ролини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилмоқда.