HGM (Dr.Sulaiman AL-Habib Medical Group) Яқин Шарқнинг хусусий секторида тиббиёт хизматларининг илғор етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади. Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн Подшоҳлигининг 18 та тиббиёт муассасаси компания бошқаруви остидадир.

Ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон соғликни сақлаш тизимига тиббий маълумотларни рақамлаштириш ва марказлаштириш, шунингдек, беморлар билан ўзаро мулоқот жараёнларини такомиллаштириш мақсадида замонавий технологиялар, жумладан, Тошкентнинг йирик тиббий муассасаларидан бирини HMG етказиб берадиган IT-ечимларга улаш бўйича синов дастури жорий қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистонда ўзбек тиббиёт ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш мақсадида HMG тиббиёт академияси ташкил этилади. Бундан ташқари, ҳар йили кичик тиббиёт ходимларидан камида 10 та ходим ҳар йили малакасини ошириш мақсадида Саудия Арабистонидаги HMG касалхоналарига юборилади.

Ҳужжатда Тошкентда HMG нинг илғор ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган шифохона ва касалхоналарининг стандартларига мувофиқ бўлган замонавий кўп тармоқли тиббий комплексини яратиш бўйича янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида ҳам сўз боради.

Меморандумни имзолаш маросими Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ иштирокида бўлиб ўтди. Унинг остида Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси бош директори Отабек Назиров ва HMG нинг бош амалиётчи директори доктор Абдулваҳоб ал-Абдулваҳоб ўз имзоларини қўйдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.