Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ҳамда Ҳиндистон Республикаси темир йўллари, савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял раислик қилди.

Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Савдо айланмасини 1 миллиард долларга етказиш бўйича биргаликдаги ишларни фаоллаштириш доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини келишишни жадаллаштиришга келишилди.

Саноат кооперацияси ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш механизмлари кўриб чиқилди. Айни пайтда Ўзбекистонда Ҳиндистон ҳамкорлари билан биргаликда таълим, IT-технологиялар, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд 85 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга ошириляпти. Инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида яқин келажакда инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни имзолаш учун барча зарур масалаларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Тадбир давомида савдо-саноат кооперациясини янада кенгайтиришнинг муҳим шарти сифатида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш истиқболлари ҳам муҳокама этилди. Томонлар қуруқ портлар тармоғини биргаликда ривожлантириш ҳамда ташувлар учун ундириладиган тўловлар ва тарифларга ўзаро чегирмалар жорий этиш орқали транспорт алоқаларини яхшилаш учун барча мавжуд имкониятлардан фойдаланишга келишиб олдилар.

Шунингдек, «Шимолий-Жанубий» ташаббуси доирасида тўғридан-тўғри ва транзит юк ташишни ҳажмини ошириш, логистика инфратузилмасини, мультимодал транспорт коридорларининг минтақавий тармоғини ривожлантиришнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида Ҳиндистон - Марказий Осиё транспорт вазирлари учрашувини ўтказишга келишилди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 2021-2025 йилларга мўлжалланган Маданий алмашинув дастурининг ижроси кўриб чиқилди. Айни пайтда ушбу дастур доирасида бир қатор амалий тадбирлар амалга ўтказилди: Ўзбекистонда йога фестиваллари ва Ҳинд киноси кунлари бўлиб ўтди, Амитй, Шарда, Самбрам университетларининг филиаллари ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирги вақтда яна учта ОТМ ўз филиалларини очиш арафасида. Булар Глобал, ЛНТ ва Интеграл университетларидир. Йиғилиш майдонларида келишилганидек, қисқа вақтда янги қўшма умумтаълим, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини очиш, тадқиқот ва технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, инновацион ишланмалар ва стартапларни тижоратлаштиришни назарда тутувчи қўшма «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.

Тадбир якунида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 13-йиғилиши баённомаси имзоланди. Унда тадбир давомида қабул қилинган қарорлар ва эришилган келишувлар ўз ифодасини топди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.