Жорий йил 6 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Хитой Халқ Республикаси Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси Раиси Ли Чжаншу билан онлайн-учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон Республикаси ва ХХР ўртасидаги стратегик ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳамда олий даражадаги келишувларни амалга оширишда мамлакатлар парламентларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига алоҳида урғу берди.

Шунингдек, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги доирасида парламентлараро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув сўнггида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.