Маълум қилинишича, ушбу чора Президент топшириғи асосида амалга оширилган. Масъулларга 1 сентябрга қадар оқова сувларни қабул қилиш иншоотида замонавий фильтрлаш қурилмаларини ўрнатиш ва нохуш ҳид муаммосини бартараф этиш вазифаси юклатилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, «Салар» оқова сув иншоотлари пойтахтнинг 7 та туманидан келадиган оқова сувларни қабул қилиб, тозалайди. Иншоотнинг суткалик қуввати 900 минг куб метрни ташкил этади.

Нохуш ҳидни камайтириш учун қиймати 9,5 миллиард сўмлик замонавий фильтрлаш ускунаси ўрнатилди. Оқова сув ҳавзалари герметик ёпилиб, улардан чиқадиган нохуш ҳидли ҳаво махсус тизим орқали тортиб олинади, тозаланади ва зарарсизлантирилади.

«Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ бош технологи Дононбой Қозибековнинг айтишича, ҳавони тозалаш ускунаси Россия томони билан ўтказилган музокаралардан сўнг етказиб берилган.

Қурилмада ҳаво вентиляторлар ёрдамида сўриб олиниб, 11,5 тонна махсус материал — каталитик сорбент орқали ўтказилади. Ультрабинафша нурлар таъсирида озонлаш ҳамда ифлослантирувчи моддаларни оксидлаш жараёни амалга оширилади.

Шундан сўнг ҳаво 2,5 тонна фаоллаштирилган кўмир орқали қўшимча тозаланади.

Қайд этилишича, тозалашдан кейин ҳаводаги водород сульфид ва аммиак концентрацияси нолга туширилган.

Ускуна 15 кундан ортиқ вақтдан бери ишлаб келмоқда. Шу вақт давомида иншоотлар атрофидаги нохуш ҳид бартараф этилгани, буни яқин ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳам тасдиқлагани маълум қилинди.