Ушбу дастурни ташкил этишдан асосий мақсад — илғор технологияларни қўллаган ҳолда аҳолига янада қулайликлар яратиш учун электрон давлат хизматларини тақдим этиш бўйича Корея тажрибаси билан танишиш ҳамда иштирокчи давлатлар тажрибасида ушбу йўналишдаги муваффақиятли натижаларини қўллашдан иборат.

Шунингдек, Кореяда давлат хизматларига инновацион ва рақамли технологияларни қўллаш бўйича маълумотларни тақдим этиш ва ушбу жараёнлар билан таништириш, иштирокчи давлатлар ўртасида бу соҳада ўзаро маълумот ва тажриба алмашиш, Корея ҳамда иштирокчи давлатлар ўртасида келажакдаги ҳамкорликни янада ривожлантиришни мустаҳкамлаш мақсад қилинган.  

Мазкур дастур давлат хизматлари бўйича Остона хаб (БМТнинг Қозоғистондаги билим ва тажриба алмашиш бўйича платформаси) томонидан Корея Республикасининг ички ишлар ва хавфсизлик вазирлиги ҳамда Ахборот жамияти миллий агентлиги (НИА) билан ҳамкорликда ўтказилиб, унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва “Электрон ҳукумат” лойиҳаларини бошқариш маркази ДМ раҳбар ходимлари иштирок этмоқда. 

Шу билан бирга, дастур доирасида Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган ушбу соҳанинг масъул раҳбар ходимлари ҳам қатнашмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистонда Электрон ҳукуматни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида алоҳида тақдимот ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг бу соҳадаги қонунчилик базасини такомиллаштириш, телекоммуникация инфратузилмаси ва комплекс ахборот тизимларини ривожлантириш, электрон хизматлар улушини ошириш, муқобил идентификация тизимлари, маълумотларни қайта ишлаш маркази имкониятлари ҳамда кадрлар тайёрлаш ва салоҳиятини ошириш бўйича юртимизда олиб борилаётган ишлар ва ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Дастур доирасида Ахборот жамияти миллий агентлигининг (НИА) президенти Жонсунг Хван, Давлат хизматлари бўйича Остона хаб раиси Алихан Байменов, Корея Республикасининг ички ишлар ва хавфсизлик вазирлигининг рақамли ҳукумат соҳасида ҳамкорлик бўлими директори Сонжу Сон маърузалари билан иштирок этишди.

Юқорида қайд этилган дастур 2022-йил 21-сентябрига қадар давом этади ва унда иштирокчи давлатлардан келган мутахассислар Рақамли технологиялар ҳукуматининг кўргазмалар зали, ID-карталарни чоп этиш ҳамда улар билан ишлаш корпорацияси, Ахборот ресурслари миллий хизмати ҳамда Анъян шаҳридаги “Ақлли шаҳар” марказига ташриф буюришлари режалаштирилган.