Корея Республикаси билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида “Корея Республикаси — Марказий Осиё ҳамкорлик форуми” котибияти томонидан Сеул шаҳрида “Марказий Осиё ҳафталиги – 2022” кўргазма-ярмаркаси ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбир майдонида Жанубий Корея ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигига бағишланган инсталяция ўрнатилди. Марказий Осиё давлатлари санъаткорлари иштирокида концерт дастури тақдим этилди.

Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон тарихи, бой маданияти ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган миллий стенд кўплаб ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Миллий стендда ҳунармандчилик, заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, ипакчилик ва бошқа халқ амалий санъати намуналари, Ўзбекистоннинг тарихий-маданий ва меъморий мероси, шунингдек, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга оид видеофильмлар намойиш этилди. Тадбирда иштирок этган Жанубий кореялик ва хорижлик меҳмонлар миллий таомларимиздан татиб кўриш, миллий чолғу асбобларимизни чалиш имкониятига эга бўлди.

Рангли буклет ва нашрлар орқали Ўзбекистоннинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг қадимий меъморий ёдгорликлари, Самарқанд шаҳрида бунёд этилган “Буюк ипак йўли” халқаро сайёҳлик маркази ҳақида маълумотлар берилди.

Кўргазма меҳмонларига корейс ва инглиз тилларида буклетлар ва бошқа ахборот материаллари, эсдалик совғалари тақдим этилди.