Брокерларнинг асосий иш қуроли компьютер. Улар учун маҳаллий ва хорижий бозорда таклиф этилаётган маҳсулотлар ҳажми ва нарх-навоси жуда муҳим. Компьютер мониторида пайдо бўлаётган турли хилдаги жадвал, котировкаларни таҳлил қилиш, шу асосда мижозлар учун маҳсулотларни танлаш иш моҳиятини белгилайди. Табиийки, мижоз учун зарур бўлган товарни имкон қадар пастроқ нархда сотиб олишга интилади.
Тўлқин Турдиқулов биржанинг малакали брокерларидан бири. Ўн саккиз йилдан буён шу ерда 200 дан ортиқ ҳамкасби билан иш юритади.
—Кейинги йилларда биржада савдоларнинг амалга оширилиши, мижозларга хизмат кўрсатиш изимлари замонавийлашгани ҳолда, жуда соддалашиб боряпти, — дейди брокер. — Менинг хорижий мижозларим кўпроқ БАА, Покистон, Ҳиндистон мамлакатларидан. Улар кўпроқ кимё саноати маҳсулотларига қизиқиш билдиришади. Кўпга бормайлик, бундан беш-олти йил олдин ҳам уларни биржа рўйхатидан ўтказиш учун кўп вақт кетарди. Ҳозир бир, нари борса икки кунда бу иш амалга ошади.
Талаб ва таклиф, соф рақобат, котировка, замонавий ахборот технологиялари биржалар фаолиятининг моҳияти ва таркибини белгилайди. Ўзбекистон товар-хомашё биржаси ҳам худди шундай асосда иш юритади. Унинг савдолари айланмаси сўнгги уч йилда 2 бараварга ўсиб, 90 триллион сўмга етган, сотиладиган товарлар сони эса 3 баравардан зиёдга кўпайган.
Яқин пайтга қадар биржанинг мамлакатимизда 13 та ҳудудий филиали, мингдан ортиқ брокерлик идоралари, 300 дан зиёд маҳаллий ва 20 та хорижий савдо майдончаси мавжуд бўлиб, 3000 нафардан ортиқ трейдерлар мижозларга хизмат кўрсатарди.
—Эндиликда биржа фаолияти янада кенгайиб боряпти, — дейди Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси бошқаруви раиси Зиёвиддин Бадриддинов. — Президентимиз томонидан шу йил 28 майда имзоланган “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ун маҳсулотлари жорий йил 1 июндан, ғаллани эса 1 июлдан бошлаб очиқ биржа савдоларига қўйилиши белгиланди.
Буғдойни биржа орқали туманларда самарали сотилишини йўлга қўйиш мақсадида 20 мингдан зиёд фермерлар ўқитилди. Уларнинг хўжаликлари биржада электрон рақамли имзо орқали соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, брокерлик идораларига бириктирилди. Шунингдек, биржа мутахассислари томонидан Ўзбекистон Савдо саноат палатасининг қарийб 200 нафар, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бухгалтерлар марказининг 1 500 дан зиёд ҳодими ҳам биржа савдолари йўналишида ўқитилди.
Биржамизнинг бугунги мавжуд электрон инфратузилмаси унинг савдоларида иштирок этишга чоғланаётган фермер хўжаликлари ва кластерларга ҳам, тадбиркорлик субъектларига ҳам замонавий хизмат кўрсатишни тўла таъминлай олади. Фермерлардан буғдойни биржа савдоларига қўйганда гаров маблағи талаб этилмайди ҳамда улар биржанинг комиссион тўловларидан озод этилган.
Маҳсулотни сотишда биржанинг ҳисоб-китоб клиринг хизмати кенг қўлланилади. Бунда фермерга тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушиши кафолатланади.
Қарорда ғалла бозорини эркинлаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Жумладан, 500 минг тонна буғдой фермерлар томонидан очиқ биржа савдолари орқали бозор нархларида сотилади.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Мирзаевнинг қайд этишича, ғалла бозорини эркинлаштириш фермерлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Янги тизим бўйича суғориладиган ернинг ҳар бир гектаридан 2,5 минг тоннадан буғдойни биржа орқали сотувга чиқаради, қолганини фермер, кластерлар эркин бозор нархларида сотади. Ҳар йили жаҳон бозори, биржа нархларидан келиб чиқиб ғаллага тавсиявий нарх ишлаб чиқилади. Ҳозир белгиланган 3 миллион сўм якуний нарх эмас, у ўзгариб боради. Энг асосийси, фермерлар аста-секин эркин савдога кириб боради.
Бугунги кунда вилоятларда ғалла ўрими давом этяпти. Жорий йил мамлакатимизда 1 миллион 32 минг гектар майдонда 7,8 миллион тонна буғдой етиштирилиши кутилмоқда. Ушбу кўрстакич ўтган йилга нисбатан 1,1 миллион тоннага кўп. Бу кўплаб фермерлар ҳосилдан яхши даромад олади, дегани. Қолаверса, авваллари фермерлар 43 та дон корхонаси билан ишланган бўлса, охирги 3 йилда буғдойни қайта ишлаш бўйича соҳага 160 дан ортиқ хусусий сектор субъектлари ҳам ўз хизматларини таклиф этяпти.
Маълумки, коронавирус пандемияси шароитида 2020 йил 16 апрелдан, ун маҳсулотини биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб бериш бўйича вақтинчалик тартиб ўрнатилган эди. Бироқ ушбу тизим шаффоф бўлмаганлиги сабабли жорий йилнинг май ойида арзонлаштирилган уннинг бир қопи 140-145 минг сўм атрофида сотилиши тавсия этилганлигига қарамай, мазкур масулот мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўртача 270-290 минг сўм атрофида сотиб келинган.
Жорий йил 1 июндан бошлаб 1-навли ун маҳсулоти “Ўздонмаҳсулот” АЖ корхоналари томонидан очиқ биржа савдоларига қўйилиши ва сотилиши бошланди. Бунда, аввалги тизимдан фарқли равишда биржа савдолари шаффофлик ва бозор тамойиллари асосида ўтказилмоқда.
—Ўтган даврда биржа савдолари ун бозорида барқарор ҳолат шаклланганлигини намоён этди, — дейди Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси матбуот хизмати раҳбари Ҳикматулло Тиллабоев. — Уннинг биржадаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 668,9 минг сўмдан 4 278,5 минг сўмгача, яъни 8,4 фоизга пасайди. Сўнгги савдо кунларида биржада ун бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархи (4 224,9 минг сўм)га нисбатан атиги 1,2 фоизга ўсган. Демакки, ун биржада деярли ўзининг бошланғич баҳосида сотилиб келинмоқда.
Нархини пасайишига бозорда таклифнинг юқори даражада сақланаётганлиги ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Маълумки, тасдиқланган жадвалга мувофиқ, жорий йил июнь ойида жами 192 минг тонна ун маҳсулоти биржа савдоларига қўйилиши белгиланган эди. Ўтган даврда “Ўздонмаҳсулот” АЖ таркибидаги 44 та корхона томонидан биржа савдоларига 175,7 минг тонна ун маҳсулоти қўйилди ва улардан 146,7 минг тоннаси, яъни 83,5 фоизи харид қилинди. Сотилмаган ун ҳажми 29 минг тоннани ташкил қилди. Бу захира талаб ўсган пайтларда нархларни барқарорлаштириш мақсадида қўшимча ҳажм сифатида биржа савдоларига қайта қўйилади.
—Ун савдоларида биз ҳам фаол иштирок этиб келяпмиз, — дейди брокер Тўлқин Турдиқулов. — Бошланишида талабнинг кўплиги нархнинг бироз ошишига олиб келди. Лекин ун ва макарон маҳсулотлари ҳажмининг ошиши унинг нархини пасайтирди. Савдо жараёнлари шаффоф ўтяпти. Биз авваллари Тошкент шаҳридаги 55 та нон ишлаб чиқарувчи корхонага хизмат кўрсатсак, кейинги пайтда уларнинг сони 81 тага кўпайди. Лекин муаммо йўқ. Энг муҳими, биржада истаганча ун маҳсулотлари бор ва улар нархи тобора пасайиб боряпти.
1 июлдан бошлаб биржага ғалла маҳсулотлари қўйила бошланди. Бизнинг асосий мижозларимиз Тошкент вилояти фермер ва кластерлари ҳисобланади. Улар бу кунни қанчалик орзиқиб кутганини яхши биламиз. Шу боис шаффоф, холис ва малакали хизмат кўрсатиш учун яратилган барча имкониятлардан фойдаланиб, уларга яқиндан ёрдам бериб келяпмиз.
Савдоларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ун маҳсулотларини кунма-кун биржа савдоларига қўйилиш ҳажмлари ва унинг нархлари расмий вебсайт, ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда эълон қилиниб борилмоқда. Ғалла бўйича ҳам шундай тартибда ишлаш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Мухтасар айтганда, мамлакатимиз ғаллачилиги тарихида эркин бозор муносабатларининг янги даври бошланди.
Савдоларнинг илк куни фермер ва кластерлар томонидан 16 395 тонна ғалла очиқ биржа савдоларига қўйилди. Ундан 8 007 тонна қисми, яъни 48,8% ҳажми сотилди. Таъкидлаш керакки, биржанинг буғдой бозорида таклиф этилган маҳсулот ҳажми етарли бўлди.
Ўтказилган биржа савдо якунларига кўра буғдойнинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 227,0 минг сўмни ташкил қилди. Биржада ғалла бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархи (3 041,9 минг сўм)га нисбатан 5,7% га ўсди.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
Иқтисодий шарҳловчи