Бугунги кунда шаҳар атрофи йўналишлари бўйича ҳаракатланадиган электр поездларининг амалдаги жадвали нафақат темир йўл ҳаракатини ташкил этишни ҳисобга олган ҳолда, балки пойтахтга меҳнат фаолиятини олиб бориш учун келадиган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида 09:00 дан 18:00 гача бўлган иш жадвалига мувофиқлаштириб тузилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан вагон паркини янгилаш ва йўловчи вагонларини модернизация қилиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Шаҳар атрофида қатновни таъминлаш, кейинчалик уни шаҳар транспорт тизимига интеграция қилиш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан яқин келажакда янги ҳаракат таркибларини харид қилиш ва шаҳар атрофи йўналишида йўловчи оқимини кўпайтириш режалаштирилган. Шу мақсадда йирик мегаполисларда шаҳар атрофи ҳаракатини ташкил этишнинг халқаро тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, қулайлик, ишончлилик ва хавфсизликни ҳисобга олган ҳолда, Россия, Хитой, Беларус ва Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий ҳаракат таркибларига қўйилган талаблар ўрганилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, тадқиқотлар Германиянинг «Deutsche Bahn AG» –темир йўл компанияси ва Россиянинг рельсли транспорти учун ҳаракат таркибларини ишлаб чиқарувчи икки йирик корхоналарининг бири ва дунёдаги энг йирик транспорт машинасозлиги компаниялари ўнталигига кирувчи «Трансмашхолдинг» АЖ каби йирик компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилоятига ва Фарғона водийсига ташрифи чоғида электр поездларни сотиб олиш бўйича топшириқларига мувофиқ барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди ва харид қилиш учун тендер ўтказиш босқичлари белгиланди. Жами 15 та электропоезд ва 5 та дизель поездларини харид қилиш режалаштирилган бўлиб, улар қўшимча равишда бутун республика бўйлаб қатнайдиган барча йўналишдаги шаҳар атрофи поездлари сафига қўшилади. Сотиб олинган янги электр ва дизель поездлар қуйидаги йўналишлар бўйича қатновларни амалга оширишади: Тошкент-Гулистон, Тошкент-Хўжакент, Тошкент-Ангрен, Тошкент-Бекобод, Қўқон-Поп-Наманган, Қўқон-Марғилон-Андижон, Самарқанд-Бухоро, Бухоро-Хива, Бухоро-Қарши, Хива-Нукус, Термиз-Дарбанд, Тошкент-Самарқанд, Тошкент-Бухоро, Тошкент-Хива.

Бундан ташқари, 2022 йил охирига қадар мавжуд электропоездларни модернизация қилиш, қаттиқ ўриндиқларни юмшоқ ўриндиқларга алмаштириш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, йилдан йилга йўловчи ташиш билан боғлиқ объектлар ва темир йўл линиялари инфратузилмаси модернизациялаштирилиб янгиланиб бормоқда. Айни пайтда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан «Салар – Чирчиқ – Хўжакент» темир йўл участкасида тезюрар йўловчи, хусусан, шаҳар атрофи поездлар ҳаракатини ташкил этиш учун кенг кўламли ишларни амалга оширяпти. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан шаҳар атрофи йўналишида ҳаракатланувчи йўловчилар учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида тўхташ пунктларини реконструкция қилиш ва замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ишлари олиб бориляпти.

Бундан ташқари, мавжуд электрон чипталарни сотиш платформаси «e-ticket.uz» каби шаҳар шаҳарлараро электропоездларига электрон чипталарни сотиш бўйича ахборот тизими яратилиш жараёни кетяпти. Чипталарни Android вa IOS платформаларидаги мобил иловаларнинг интернет ресурслари, шунингдек, расмий веб-сайт орқали сотиб олиш имконияти пайдо бўлади.

Янги электропоездлар сотиб олиниб, мавжудларини модернизация қилишдан сўнг, вилоят ва туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда маркетинг тадқиқотлари натижалари бўйича (йўловчилар – талабалар ва ўқувчилар, ишчилар ва давлат тузилмаларида ходимлар, тадбиркорлар, пойтахт меҳмонлари ва ҳ.к.) инновацион ечимлардан фойдаланган ҳолда, электропоездлар сонини кўпайтириш режалаштирилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан охирги беш йил ичида Тошкент Жанубий, Андижон, Бухоро, Хива, Наманган, Ангрен, Хонобод, Каттақўрғон вокзаллари қурилиб, Жиззах, Ховос, Бекобод Гулистон, Қўқон, Поп, Марғилон, Навоий, Термиз, Қарши, Денов станцияларининг барча вокзаллари реконструкция қилинди. Барча вокзаллар жаҳон талабларига мос янги технологиялар билан жиҳозланган. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан бевосита боғлиқ бўлган мутахассислар ҳар йили Тошкент давлат транспорт университетига малака ошириш учун юборилади, деб хабар беради «Oʼzbekiston temir yoʼllari» АЖ матбуот хизмати.

Республика аҳолисини юқорида келтирилган ишларни босқичма-босқич амалга ошириш жараёни билан таништириш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ расмий сайти “www.раилwай.уз» орқали мунтазам равишда ахборот хабарлари эълон қилинади.