Олимлар бир вақтнинг ўзида коронавирус ва риновирус юқтирган кишиларнинг нафас йўллари шиллиқ қаватидаги ҳужайраларни ўрганишди.  
Маълум бўлишича, агар иккала вирус ҳам бирданига организмга кирса, у ҳолда риновирус ташаббусни ўз қўлига олади ва коронавирусни ҳужайраларга киришига тўсқинлик қилади.

“Маълум бўлишича, риновирус коронавирусни бостиради ва тез-тез учрайдиган шамоллаш пайтида коронавирус юқтириш жуда кам содир бўлади”, — дейди доктор Пабло Мурсия ВВСга.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, риновирус ҳужайра ичига кириб олганидан сўнг, организмнинг иммунитет реакциясини келтириб чиқаради, бу эса коронавируснинг ўзи нусхаларини олиш орқали кўпайишига йўл қўймайди.
Шунга ўхшаш ҳолатлар илгари ҳам кузатилган. Масалан, Европанинг баъзи жойларида риновируснинг кенг кўламда тарқалиши чўчқа гриппи пандемиясининг олдини олган эди.

Бироқ, ўзингизни эҳтиёт қилинг, дея огоҳлантиради олимлар. Шамоллаш ўтиб кетгач, риновирус организмдан чиқиб кетганидан сўнг одам коронавирус билан касалланиши мумкин.

Уорикск университети тиббиёт факультети профессори Лоуренс Янг фикрига кўра, коронавирусга қараганда анча юқумли бўлган риновирус куз ва қиш ойларида COVID-19 инфекциясининг тарқалишини секинлаштириши мумкин.

Бироқ, келгуси йилларда совуқ фасллар қандай кечиши ҳали аниқ эмас. Эҳтимол, коронавирус ҳеч қаерга йўқ бўлиб кетмайди, аммо бутун дунё бўйлаб жорий қилинган чеклов чоралари туфайли ортга сурилиб турган бошқа инфекциялар нафақат қайтади, балки иммунитетини заифлашган одамларга ҳам кучли таъсир кўрсатади.