Биринчиси армияда қулоқ музлаб қоладиган, ҳатто ундан айрилиш мумкин бўлган совуқ жойга тушиб қолгани билан боғлиқ. Мактабда она тили ва рус тили муаллимларининг ёзувига ниҳоятда ҳавас қилиб, шундай ёзишни ўзлаштириб олган ўқувчисининг ҳуснихатини ҳар икки ўқитувчи бошқаларга ибрат қилиб кўрсатган.
Ва Абдулазиз ҳарбий хизмат ўташ учун ўта совуқ юртга бориб қолса ҳам қийналмаслигини, иссиққина хонада деворий газеталарни ёзиб ўтиришини айтишган. Яратганнинг қудрати билан худди шундай бўлади. Ҳарбий хизмат ўташ учун Абдулазиз Мансуров Ленинград ва Финляндия оралиғидаги совуқ ҳудудга юборилади.
300 га яқин аскардан фақат Абдулазиз Мансуров чиройли ёзувли бўлади. Уни деворий газеталарга масъул қилиб, ҳақиқатдан алоҳида хона беришади.
Иккинчиси эса КГБ деган ташкилот идорасидан кутилмаган тарзда чиққани ҳақида. Алишер Навоий асарларига мактаб давридан муҳаббати ортиб, жуда кўпини мутолаа қилган ўсмир йигит араб ва форс тилига қизиқиб қолади.
Навоий асарларидаги ҳар икки тилга мансуб сўзлар луғатини ясайди. Укаларига луғатга қараб туришлари, ўзи сўзларни ёддан айтиб беришини айтади. Шу тариқа Навоий асарларини кенгроқ ўрганишни ният қилиб, уйда ўтириб қолган уламолардан арабий ва форсий илмларни ола бошлайди. 31 ёшида КГБ ходимлари уни ушлаб олишади.
Идорада унга оқ қоғоз бериб, шу пайтгача нима қилганларини ёзиб беришини айтишади. Қаҳрамонимиз бошидан ўтганларини шу даражада берилиб, гўзал кўринишда баён этади. Уни тутиб келишга буйруқ берганлар аввало ҳуснихатидан, қолаверса қилган эзгу ишларидан ҳайратга тушадилар.
Абдулазиз Мансуровни қамаш ўрнига Тошкентда ишлашга юборишади. “Шунча илмингиз бор экан, нима қилиб юрибсиз бу ерларда, уйларда таълим олиб“, дея ажабланиб ҳам қўйишади. Шундай қилиб кутилмаган тарзда пойтахтга келиб, Абдулазиз Мансуров ҳам мадрасаларда дарс бериб, ҳам дипломли бўлади.