Германия 2022 йилда “Шимолий оқим” газ қувурини портлатишда гумон қилинган олти кишини ҳибсга олишга ордер берди. Тергов маълумотларига кўра, операцияни амалга ошириш мумкин бўлган барча айбдорлар аниқланган ва улар Украина фуқаролари. Бу ҳақда 27 август, чоршанба куни немис ОАВлари хабар берди.
Die Zeit, Suddeutsche Zeitung нашри ва ARD телеканалининг қўшма текшируви натижасида портлашларни тайёрлашда тўрт нафар ғаввос, жумладан, бир аёл, портловчи моддалар бўйича мутахассис, шунингдек, шкиппер ва операция координатори иштирок этгани аниқланди. Координатор Италияда ҳибсга олинган, ҳозирда Германия уни экстрадиция қилишни талаб қилмоқда. У конституцияга зид бўлган саботаж, портлаш уюштириш ва биноларни вайрон қилишда айбланмоқда, бу эса максимал 15 йиллик қамоқ жазосига олиб келиши мумкин.
Хабар қилинишича, операциянинг эҳтимолий иштирокчиларидан бири фронтда ҳалок бўлган, қолганлари эса Украинада яширинган бўлиши мумкин. Улар Польшада гумонланувчилардан бирини қўлга олишга уринган, бироқ у Украина ҳарбий атташеси машинасидан фойдаланиб қочиб кетган. Шу билан бирга, Германия Украина расмийларига бошқа гумонланувчиларни экстрадиция қилиш бўйича расмий сўров юбормаган.
Материалга кўра, Германия ҳукумати бу терговдан масофани сақлашга ҳаракат қилмоқда. Журналистларнинг қайд этишича, тергов хулосалари Фридрих Мерц идорасида сиёсий кескинликни келтириб чиқармоқда. Бироқ Украина томони қўпорувчиликка алоқадорлигини рад этди, деб хабар берди korrespondent.net.