Ушбу гўзал сатрлар ила бошланувчи гўзал шеър саксон йилдан ошибдики, халқимиз орасида тиллардан тушмай, диллардан ўчмай келяпти. Мана шундай ҳаётбахш, умрбоқий шеърлари билан қалбларга ёшлик завқи, бахт сурурини улаша олган Ҳамид Олимжон таваллудига 111 йил тўлди.
Айни муносабат билан “Ҳамид Олимжон мероси” мавзусида Ўзбекистон давлат консерваториясида ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари ҳам шодлик ва бахт куйчисининг қалб тубидаги инжа туйғуларини қайтадан кашф этди, десак хато бўлмайди.
Тадбир буюк ижодкорнинг Адиблар хиёбонидаги рамзий сиймоси пойига гул қўйиб хотирлаш билан бошланди. Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувохитов табрик сўзи билан очди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид Ҳамид Олимжон ва унга ижодий юксаклик бахш этган Зулфияхонимнинг бой маънавий мерослари ҳақида сўзлар экан, конференциянинг юксак маънавий аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Илмий-амалий тадбир давомида тожикистонлик санъатшунослик фанлари доктори Аслиддин Низомов, озарбайжонлик филология фанлари бўйича фалсафа доктори Агшин Дадашзаде, Боку мусиқа академияси профессори Зумруд Ахундова, Озарбайжонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зохра Алиевалар Ҳамид Олимжоннинг ўзига хос, серқирра ижоди тожик ва озар халқ адабиётида ҳам ўз ўрнига эга эканлигини эътироф этишди. Улуғ шоирнинг гўзал сатрларини тожик ва озар тилларидагина эмас, ўзбек тилида ҳам ўзгача ҳурмат ва завқ билан ёдга олдилар.
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев ўз сўзида Ҳамид Олимжон ва Зулфиядек садоқатли жуфтликни ижодда бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу икки ижодкор билан боғлиқ воқеалар, хусусан, “Садоқат” операсининг ёзилиш тарихи ҳақида ҳаяжон билан сўзлаб берди. Айниқса, Ҳамид Олимжон вафоти аниқ бўлганда Зулфияхонимнинг Дўрмонга чақиртирилгани, шоирнинг яқин дўстлари, шифокорларнинг индамай бош эгиб тургандаги ҳолатидан яралган “Сени жонсиз кўрдим-у”, деб бошланувчи шеърни тинглаб, беихтиёр кўзларда ёш қалқди. Операда ана шу ҳолатларнинг ҳам акс этгани унинг табиийлигини таъминлаганини иштирокчилар яна бир бор тан олдилар.
Фалсафа фанлари доктори Гулнора Мансурова томонидан Зулфиянинг ўзбек ва рус тилларида жаранглаган “Баҳор келди сени сўроқлаб” шеъри эса тадбирга янада жозибадорлик касб этди. Шунингдек, консерватория ўқитувчилари Рустамбек Абдуллаев, Татьяна Расулова, Жавлон Ражабийлар ҳам ўз маърузаларида Ҳамид Олимжоннинг буюк ижодий меросини ўрганиш ёшларда ҳаётга муҳаббат, садоқатни тарбиялашда муҳим омил бўлишини таъкидладилар.
Кун тартибидаги маърузалардан сўнг конференциянинг бадиий қисми бошланди. Дастлаб намойиш этилган концерт дастурида Ҳамид Олимжон шеърлари асосида яратилган куй-қўшиқлар ижро этилди. Дастур сўнгида шоир шеърларига ёзилган энг яхши қўшиқ, романс, ариялар, Ҳамид Олимжон мавзусига ёзилган энг яхши мусиқий асар бўйича республика миқёсидаги танловлар ғолибларига сертификатлар топширилди. Конференция иштирокчиларига эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси томонидан тайёрланган эсдалик совғалари улашилди. Конференцияга ташриф буюрган Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг қариндошлари ва яқинлари Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва консерватория раҳбариятига тадбирни ташкиллаштирганлари учун чуқур миннатдорлик билдирдилар.
Тадбир режиссёр Руслан Салимов томонидан саҳналаштирилган “Ҳамид ва Зулфия” номли ҳужжатли фильм намойиши билан якунланди.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири