Ташриф давомида маҳаллалардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, аҳоли муаммоларини манзилли ўрганиш ва уларга жойида ечим топишга алоҳида эътибор қаратилди.

Дастлаб вазир ўринбосари С.Турдиев Шўрчи тумани «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди. Қабул давомида фуқаролардан уй-жой, моддий ёрдам тайинлаш, ишга жойлаштириш, йўлларни таъмирлаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш каби бир қанча мурожаатлар келиб тушди.

Эътиборлиси, аксарият муаммоларга жойида ечим топилди, ижроси муайян вақт ва маблағ талаб этадиган масалалар юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Шундан сўнг маҳалла фаоллари, нуронийлар билан учрашув ўтказилди. Суҳбат давомида жиноятчиликка мойиллиги бўлган ёшларни тўғри йўлга солиш, ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар ҳолидан хабар олиш ва бу жараёнда Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари ҳамда «Кексалар маслаҳати» гуруҳи аъзолари фаоллигини янада ошириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, вазир ўринбосари Музработ ва Ангор туманларидаги «Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, ҳудудда олиб борилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишди. Ташриф доирасида нуронийлар билан учрашиб, аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш, фаровонлигини ошириш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Қолаверса, вилоят марказидан салкам 160 километр олисда жойлашган Бойсун туманидаги «Тузбозор» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган аҳоли билан учрашувда бир қатор мурожаатларга ижобий ечим топилди.

Хусусан, маҳалланинг 1,2 километр масофадаги ички йўлларига шағал ётқизилиб, текисланди. Аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 2 трансформатор мукаммал таъмирланиб, 1,5 километр узунликдаги электр симлари янгиланди. Айни кунда маҳалла ҳудудидаги 230 та эски ва яроқсиз симёғочлар янги бетон устунларига алмаштирилмоқда.

Бундан ташқари, вазир ўринбосари С.Турдиев маҳалладаги «Темир дафтар»га киритилган Аноргул Йўлдошева, Ботир Янгаров ҳамда «Аёллар дафтари»да рўйхатда турувчи Зебо Жалилованинг хонадонларида бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларни тинглади ва аниқланган масалаларни ҳал этиш бўйича туман ҳокими ва сектор раҳбарларига тегишли топшириқлар берди. Шу билан бирга 3 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила хонадонлари, ёрдамчи хўжалик хоналари тартибга келтирилди.

Ташриф доирасида Шеробод туманидаги «Айинли» маҳалласида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ўрганилиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар давомида аниқланган муаммоларни мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилди.