– Сиз бир мунча йил аввал оилангиз билан Швецияга кўчиб кетган экансиз. Андижон тупроғи билан хайрлашиш осон кечмаган бўлса керак?
– Швецияга келганимда 13 ёшда эдим. Барибир киндик қонинг тўкилган масканнинг қадри ва файзи бошқача бўлади. Ота-онам кетиш тараддудига тушган кундан бошлаб қалбимда безовталик бошланган. Тўғри, чет элга чиқиш иштиёқида ҳаяжонландим ҳам... Лекин қадрдон мактабим, меҳрибон ўқитувчиларим, ошналарим билан қувлашиб ўйнаган қадрдон маҳалламиз ҳиди... Кўчамизда ўсган дарахтлар, очилган гуллар... Юрагимга ўрнашган илк таассуротлардан бирдан айрилиш осон эмас эди. Бироқ, дадамнинг демократияга интилиши, қатъияти ва курашувчанлиги менга катта куч бағишлаган.
Дадам бизга китоб совға қилишни яхши кўрарди. Ўша китобларнинг барчасини сумкамга жойлаганман, лекин ўзим энг яхши кўрган асар — Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романини атай қолдириб келганман. Бир куни юртимизга, албатта, қайтиб келишимга умид қилганман. Бу менинг ўша давр муҳитига бўлган кичик бир исёним бўлгандир балки...
– Сиз бир пайтлар ҳаттоки отангиз изидан бориб, кучли сиёсатчи бўлишга аҳд қилган экансиз...
– Отам оддий муаллим бўлса-да, фикри ўткир ва ташаббускор инсон бўлгани боис CССР халқ депутати даражасига етган. Шу сабаб уйимизга жуда кўп инсонлар ўз муаммолари билан келишар, улар билан кечган суҳбатларда атрофимизда кечаётган воқеликларни тезроқ англаб етишга, фикрлашга ҳаракат қилар эдим. Қолаверса, сиёсатга қизиқишимга сабаб бўлган омиллардан бири шуки, миллий тарихимизга оид китобларни кўп мутолаа қилганман. Шу боис, мактабдаги дарс жараёнида ўқитувчиларим айтаётган мулоҳазалар ва маълумотларни бемалол таҳлил ва танқид қила олар эдим. Албатта, бу ўзбошимчалигим мактаб раҳбариятига ёқмас, директор хонасида тез-тез дакки эшитиб туришга тўғри келарди.
Швецияда ўз сиёсий қизиқишларим доирасида сиёсий партиялардан бирида фаолият юритганман. 18 ёш пайтимда бўлиб ўтган умумий сайловда Хельсинбургдан сайланган маҳаллий сиёсатчига айланишимга оз қолган. Лекин энг охирги дақиқаларда тақдирим ва ҳаётим иқтисод йўналиши билан чамбарчас боғлиқ эканини англаб қолганман. 2007 йилда Lund университетининг бизнес бошқаруви бўйича магистрлик даражасини олганман. Шу кунгача кечган давр мобайнида дастур битирувчиси, хатар таҳлилчиси, муносабатлар менежери, мулкни бошқариш бўлими бошлиғининг ижрочи маслаҳатчиси, активлар ва мулкни бошқариш бўлими бошлиғи, трансчегаравий Nordea Private Bankининг интерн миллий мижозлари раҳбари сифатида фаолият юритдим. Ўтган ой менга Стокгольмда Нордеа ҳудудида Шимолий Европадаги хусусий банкларнинг халқаро бўлинмасини ташкил этиш вазифаси юклатилди.
– Ижтимой тармоқлардаги саҳифаларингизда Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни таҳлил қилган ҳолда, кўплаб ижобий мулоҳазалар қолдиргансиз. Бу янгиликлар ўз ватанидан узоқда яшашга мажбур бўлган сиз каби ҳақиқатгўй инсонларга узоқ кутилгани билан ниҳоятда қадрли. Шундай эмасми?
– Албатта, бу изтиробли ва машаққатли йиллар оиламизни катта синовдан ўтказди, десам адашмаган бўламан. Отам билан айни мавзуда жуда кўп мунозара қиламиз. Тан олиш керак, Шавкат Мирзиёев раҳбар бўлганидан буён одамларимизда сиёсий фаоллик анча кучайди. Тўғриси, мен одамлар ҳатто оддий ижтимоий муаммоларини гапира олмайдиган бу мамлакатда кимдир порахўрлик, қийноқлар ва бошқа муаммоларни очиқ гапира бошлашини кутмагандим. Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг бемалол сиёсатга аралашиб, қизиқишини кўряпмиз. Халқ учун деб очиб қўйилган виртуал қабулхоналар халқимизнинг арз-додини ҳал қилиш, шу муаммолар борлигини гапиришга ўргатаётганининг ўзи ҳам бир яхшилик. Озгина бўлса-да, қўрқув чекиниб, одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишни ўрганишлари яхши бир мактаб, деб ўйлайман. Бироқ, Ўзбекистон аҳолиси ва, айниқса, ёшларининг аксарияти ижтимоий тармоқлардан кўнгилочар восита сифатида фойдаланадилар. Сиёсатга ва, умуман, Ўзбекистондаги ҳозирги ҳолатга бироз бефарқлар. Бу билан мен қизиқувчилар йўқ, демоқчи эмасман, бор, лекин кам. Шу ва юқорида келтириб ўтган сабабларим туфайли ўзбек ёшларини сиёсат оламига янада кўпроқ олиб кириш керак, деб ўйлайман. Қачонки биз ўз ҳуқуқларимизни яхши билсаккина, бугунги шафқатсиз глобал дунёда ғолиб бўла оламиз.
– Ўзбекистон равнақи учун келгусида қандай ишларни амалга ошириш орзусидасиз?
– 2006-2007 йилларда Шимолий Европанинг энг йирик банки ҳисобланган Nordeaда ишладим. Стратегик фикрлаш бобида кучли ва ташаббусларни натижаларга айлантира олган инсонгина иқтисод йўналишида муваффақиятга эриша олади. Ҳар қандай вазиятда айни имконларимни борича ишга солишга ҳаракат қиламан. Мени ҳаракатлантирувчи куч – ҳар доим мижозларимиз ва ходимларимиз учун янги-янги имкониятлар яратишга интилиш. Банк жамиятда муҳим рол ўйнайди. Дейлик, сиз уй, машина ва компания сотиб олишни хоҳлайсиз. Шу истакларингиз билан нафақат ўзингизнинг, балки атрофингиздаги инсонларнинг ҳам орзуларини амалга оширган бўласиз. Ўзбекистон банкларида ҳам Швеция банкларидаги каби шароит ва имкониятлар яратилишини истайман. Масалан, Nordea банки Дания, Финляндия, Норвегия, Швеция ва Эстония, Латвия ва Литва давлатларида фаолият юритади. Унинг 11 миллион мижози бор.
Nordeaнинг бозор қиймати 28 миллиард евро. Умумий активлари 555 миллиард евро. Банк бошқарувидаги капитал 324 миллиард еврони ташкил этади. Мен келгусида ўзим фаолият юритаётган банк тажрибасини Ўзбекистонда ривожлантирмоқчиман. Шу боис, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига тайинланганида ўз фуқаролари учун ишлайдиган давлат яратиш истагида эканини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Аммо, бу улкан ўзгариш ва янгиланишлар уларни амалга ошириш қобилиятига эга бўлган юксак истеъдодли ва куч-ғайратли, жасоратли мутахассисларни талаб қилади.
– Швеция турмуш фаровонлиги бўйича Европа Иттифоқининг етакчи давлатларидан. Юртимизда иқтисодиётни модернизация қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар давом этаётган бир шароитда бутун дунёда тан олинган ноёб ва илғор швед тажрибаси катта қизиқиш уйғотади.
– Швеция – ажойиб мамлакат. Ҳар бир жабҳадаги фаолият фуқаролар эҳтиёжига асосланади, адолат ниҳоятда қадрланади. Мени кўпроқ қизиқтирган жиҳати шундаки, давлат биринчи ўринда ўз фуқаролари учун ишлайди ва сизда бир-бирингизга нисбатан кучли бирдамлик туйғусини уйғотади. Швеция халқи ҳукуматга ва унинг ғамхўрлик қобилиятига катта ишонч билан қарайди. Шунинг учун Швеция ўз фаровонлигини молиялаштириш учун дунёдаги энг юқори солиқлардан бирига эга. Бизнинг миллий урф-одатларимиздан фарқли ўлароқ, шведлар оилада ҳақиқатан ҳам либерал қарашга эга. Бу оилада ота-она фарзандларини вояга етгунига қадар парвариш қилади. Кейин фарзандлар бошқа уйга кўчиб ўтиб, ўз келажаги ҳақида ўзлари қайғуришади. Бундай пайтда ота-она ўғил-қизларига 18 ёшгача тўпланган нафақани, шунингдек, улар оёққа туришларида керак бўладиган молиявий ёрдамини беришади. Фарзандларингиз қандай йўлни танлашидан қатъи назар, уларнинг фикрини қабул қиласиз ва оқ йўл тилайсиз.
Швеция ёшлари сиёсатга унчалик қизиқавермайдилар. Лекин улар экология ва иқлим масалаларида жуда фаол. Ҳамма жойда бўлгани каби ижтимоий тармоқлар туфайли уларда ҳам китобхонликка қизиқиш сусайган. Шундай бўлса-да, Швеция таълим ва инсон тараққиёти соҳасида намуна давлат. Мамлакатда таълимга йўналтирилган давлат маблағи ялпи ички маҳсулотнинг 6,8 фоизига тенг. Бу ЕИнинг 28 мамлакатидаги ўртача кўрсаткич (4,6 фоиз)дан 1,5 баробар кўп дегани. Швеция аҳолиси маълумоти даражаси бутун дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан сезиларли даража юқори.
2019 йилда Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича халқаро индексда 8 поғона кўтарилганига қарамай, кўплаб вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологияларни тўлиқ жорий қилишга эриша олмади. Дунёда интернетдан фойдаланувчи аҳоли XXI асрда 2 баробардан зиёдроқ ортиб, ушбу кўрсаткич 2000 йилдаги 45,7 фоиздан 2017 йилда 95,5 фоизга етди. Швецияда эса, интернет маълумотларни энг тезкор етказувчи воситага айланган: 2019 йилда мамлакат стационар кенг йўлакли интернет тезлиги бўйича 175 давлат орасида 9-ўринни, маълумотларни мобиль узатиш бўйича эса 140 мамлакат ўртасида 13-ўринни эгаллади. Шунингдек, Швеция сўнгги ўн йилликда иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари – рақамли технологиялар ва телекоммуникациялар соҳасида жиддий силжишга эришди. Ахборот технологияларининг мамлакат иқтисодиётидаги улуши 16 фоизга етиб, эндиликда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 6 фоизи IT саноатда банд.
Швециянинг камбағалликни камайтириш борасидаги тажрибаси ҳам Ўзбекистонга асқотиши мумкин. Давлат молиявий қудратининг ўзига хос хусусияти мамлакатда рўйхатга олинган жами компанияларнинг 99 фоизини ташкил этадиган ва мавжуд иш ўринларининг 4/5 қисмини таъминлаган кичик бизнес корхоналари билан белгиланади. Янги корхона очиш шартларининг ўта енгиллаштирилгани камбағалликка қарши курашувчи асосий восита бўлса, ажаб эмас. Зеро, иш ўринларининг кўпайиши аҳоли бандлигини оширади ва, ўз навбатида, турмуш фаровонлиги, мамлакат ободлигини таъминлайди. Ислоҳотлар натижасида ўтган йили 93 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти тузилди.
Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида сўз борганда таъкидлаш жоизки, бугун Ўзбекистонда умр кўриш давомийлиги ўртача 73,8 ёшга тенг. Швеция эса бу борада ер юзида энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этган – 82,3 ёш. Бу ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлар ўртача кўрсаткичидан 2,2 йил, дунё бўйича умумий кўрсаткичдан эса 9,9 йил кўп.
Ўзбекистонда айни пайт тикланадиган энергия манбаи етарли эмас. Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида мавжуд кучлар қаттиқ маиший чиқиндиларнинг атиги 6 фоизини қайта ишлашга етади. Бу жами 14-14,5 миллион тоннадан бор-йўғи 894 минг тоннага тўғри келади. Ўз навбатида, Швеция иқтисодиётнинг барча тармоқларида “яшиллик” тамойилини қўлламоқда, тикланадиган энергия манбаи ва маҳаллий ёқилғидан фойдаланиш бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланади. Эътибор берайлик, Европа Иттифоқининг умумий мақсади 2030 йилгача тикланадиган энергия манбаидан фойдаланиш даражасини 30 фоизга етказиш бўлса, Швеция ушбу кўрсаткични 50 фоизга етказишни мўлжалламоқда. 2045 йилга бориб мамлакатда бутунлай “иқлимий мувозанат” ҳукмронлик қилиши кутиляпти. “Volvo”, “Electrolux”, “ABB” ва бошқа кўплаб саноат гигантлари замонавий энергия тежамкор ускуналар тайёрлаш ва жорий этишга ихтисослашган шўъба корхоналарини очмоқда.
Швеция учун хос бўлган яна бир тажриба маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва электр ҳамда иссиқлик энергиясини энергия ва мавжуд ресурсларни тежаш нуқтаи назаридан ишлаб чиқаришдир. Мамлакат бугунги кунда қарийб 97 фоиз маиший чиқиндиларни қайта ишламоқда. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
– Айтинг-чи, жаҳон иқтисодиётидаги қайси муаммолар сизни кўпроқ ташвишга солади?
– Жаҳон иқтисодиётида бутун дунё давлатларининг бир хил суръатларда ўсишига тўсқинлик қилувчи иккита асосий муаммо мавжуд. Улардан бири Европада ҳам, АҚШда ҳам марказий банкларнинг жамиятдаги ўрни билан боғлиқ. Ушбу давлатлар марказий банкнинг мамлакатни қўллаб-қувватлаш қобилиятига жуда таянади. Сўнгги ўн йилда инфляция кескин ошиб кетмасдан ёки мамлакат учун жиддий оқибатларга олиб келмасдан, ўсиб бораётган қарзлар ва мажбуриятларни молиялаштириш учун катта миқдорда пул босилди. Буни асосий актив валютанинг ўзи экани билан изоҳлаш мумкин — АҚШ доллари ва евро дунёда алоҳида мавқега эга. Масалан, агар Ўзбекистон бирданига АҚШ ёки Европа Иттифоқидагидек ҳажмда кўплаб янги пул босиб чиқарса, гиперинфляцияга тушиб қолади. Бу эса, мамлакатнинг банкрот бўлишига олиб келади. Бу ўринда кучли валютага эга бўлган Ғарб давлатлари ҳар доим инқироздан бутун дунёга қараганда яхшироқ чиқади, бу дунё тенглиги учун катта муаммо. Шунинг учун валюта иттифоқини эътиборсиз қолдирмаслик керак!
Иккинчиси, албатта, атроф-муҳит ва иқлимга бепарво бўлмаслик зарур. Ҳозирги кунда иқлим тобора тез суръатлар билан ўзгариб бормоқда. Дунёнинг одатда совуқ бўлган қисмларида иссиқ ҳаво оқимлари кузатилса, иссиқ жойларда совуқ ҳаво оқимлари ҳукм сурмоқда. Аммо Европа ва Шимолий Америкада бу ҳақда кўп ўйлашмайди. Чунки бой давлатлар иссиқлик газларини камайтиришни астойдил хоҳлашмайди. Улар учун даромад муҳим. Осиё ва Африкада ҳам бу борада сизни қўллаб-қувватлашлари қийин. Улар учун аҳолини иш билан таъминлаш барча масаладан юқори туради. Менимча, ислом динининг ўрни кучли бўлган давлатларда бу борадаги ташаббусларга эришиш осонроқ. Чунки исрофгарчилик қандай ёмон оқибатларга олиб келишини ҳар бир мусулмон яхши билади. Лекин Ғарб дунёси бошқа мамлакатлар ижобий иқлим ўзгаришига эришиши учун бутун дунёга фойда келтирадиган грантлар орқали ёрдам бериши керак!
Яна бир муаммо мавжуд. 2050 йилга бориб сайёрамиз нуфуси 10 миллиард кишига яқинлашиши тахмин қилинган. Ҳозирнинг ўзида 1 миллиардга яқин одам тўйиб овқатланиш имкониятидан маҳрум ва очарчиликка маҳкум. Муаммонинг иккинчи ва янада мураккаброқ жиҳати шуки, 2050 йилга бориб аҳоли даромадларининг ўсиши натижасида озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ҳам узлуксиз ўсиб боради. Иқтисодиётнинг инкор этиб бўлмайдиган объектив қонунлари талабига кўра, жамият ривожланган сайин аҳолининг эҳтиёжлари ҳам сон жиҳатидан кенгайиб, сифат жиҳатидан такомиллашиб боради.
Глобал исишнинг салбий оқибатлари, уларнинг иқлим ва об-ҳаво ўзгаришларига кучли таъсири, экинзорларни ва чорва молларни суғоришга яроқли тоза сув захиралари геометрик прогрессияда камайиб бораётгани ва тобора кучайиб бораётган сув танқислиги муаммолари ҳам кишини ташвишга солади.
– Суҳбатларнинг бирида иқтисодий соҳадаги лойиҳаларимни яратишимда менга бадиий асарлар илҳом беради, деб қайд этган экансиз...
– Таъкидлаганимдек, оиламизда дадам бизни ўзбек адабиёти билан жуда эрта таништирган. Айниқса, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ҳақида ўзгача иштиёқ ва эҳтиром билан сўзлаб берарди. “Сенинг исмингни бежиз Отабек деб қўймаганман, ўғлим. Мен сени Абдулла Қодирий таърифлаган шу инсон каби миллатпарвар, адолатли ва мурувватли бўлишингни истайман”, деб кўп тайинларди. Айни пайтда, халқимиз тарихи билан боғлиқ асарларни жуда ҳушёрлик билан мутолаа қилишимни таъкидлаган. Озодлик курашчиси бўлган аждодларимизни “босмачи” дея аташгани, уларга қандай зулм кўрсатилгани ҳақидаги китобларни ҳам яширинча ўқиб берган. Бобур Мирзо ғазаллари ва рубоийларига навбат келганида хонадонимизда мушоира қизигандан қизиб кетар эди. Мен ҳамиша шоирнинг: “Ким етар мақсадға ҳар ким, бўлса ул бедорроқ”, деган мисраларини такрорлашни яхши кўрар эдим.
Ҳозир 4 фарзанднинг отасиман. Улар билан кўпроқ суҳбатлашишга, ўқиган асарлари бўйича мунозара қилишга уринаман. Айниқса, Пауло Коэльонинг “Алкимёгар” асарини қайта-қайта мутолаа ва таҳлил қилишни ёқтирамиз. Шунингдек, фарзандларимга кўпроқ миллий адабиётимизни ўқиш зарурлигини таъкидлайман. Мени хурсанд қилиш учун улар электрон кутубхонадан ўзбек адабиёти асарларини топиб, оилавий тўпланадиган кунимиз ўша асарлар ҳақида сўзлаб беришади. Ҳа, биз Ўзбекистонни жуда яхши кўрамиз. Она юртимизни ҳар куни, ҳар дақиқа йўқлаймиз. Ўз иқтидоримиз ва изланишларимиз билан бу қуёшсевар юрт равнақига ҳисса қўшишни шараф деб биламиз!
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар Тожимаматова суҳбатлашди.