Ана шундай тақдирлар ҳақида ҳикоя қилувчи “INSON” фильмининг иккинчи сони томошабинларга тақдим этилди. Мазкур фильм инсон тақдири, меҳр-оқибат ва қўллаб-қувватлашнинг ҳаётни қандай ўзгартириши мумкинлигини таъсирли тарзда очиб беради.
Жорий йилнинг 13 март куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан анъанавий тарзда амалга ошириб келинаётган “INSON” фильмининг иккинчи сони премьераси Тошкент шаҳридаги “Renessans Hall” кино уйида бўлиб ўтди. Тадбирда соҳа мутахассислари, кино ижодкорлари, кино ихлосмандлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маълумки, 2025 йилда мазкур фильмнинг илк сони намойиш этилган эди. Унда Наманган вилоятида яшовчи ногиронлиги бўлган шахснинг ҳаётий синовларга қарамай намоён этган ҳақиқий жасорати ва матонати асосида таъсирли картина яратилган. Фильм “Икки тақдир, бир макон: ўхшаш оғриқлар, синовларда енгилмаган чегарасиз инсонлар. Бахт асл мақсадини унутмасдан ҳаракатда давом этувчиларни севади” ғояси асосида ишланган.
Бу галги фильм қаҳрамонлари — Қорақалпоғистон Республикасидан бўлган, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган уч нафар боладир. Ушбу болаларга “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда маҳаллада фаолият юритувчи ижтимоий ходимлар томонидан зарур ижтимоий хизматлар кўрсатилиб, уларнинг ҳаётида муҳим ва ижобий ўзгаришлар юз беришига замин яратилган.
Фильмда болаларнинг аввал меҳрибонлик уйида тарбиялангани, кейинчалик эса кичик ҳажмдаги оилавий болалар уйларида тарбия топгани, уларнинг ҳаёт йўли, орзу-интилишлари ва келажакка бўлган умидлари таъсирли тарзда ёритиб берилган.
Шунингдек, 2025 йилнинг 1–2 май кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида Агентлик томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Инсон учун” савдо-кўргазмаси бўлиб ўтгани ҳам эслаб ўтилди. Мазкур кўргазмада ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаган тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди.
Кўргазма доирасида “Муваффақиятлар тарихи” лойиҳаси илк бор тақдим этилди. Унда ижтимоий ва психологик ёрдам, реабилитация, касбга тайёрлаш ҳамда бандлик орқали жамиятда ўз ўрнини топган инсонларнинг илҳомлантирувчи ҳаёт йўли ҳақида таъсирли ҳикоялар намойиш этилди.
Мазкур тақдимот давомида Оразбаев Мурат, Узақбергенов Бердақ ва Еримбетов Абдулазиз ижросида “Инсон” қўшиғининг премьераси ҳам бўлиб ўтди.
“INSON” фильмининг иккинчи сони оддий инсонларнинг ҳаёти, ҳис-туйғулари, қийинчиликлари ва ютуқлари ҳақида ҳикоя қилувчи таъсирли картина ҳисобланади. Асарда меҳр-оқибат, қўллаб-қувватлаш ва ички куч орқали инсон қадр-қиммати қандай намоён бўлиши чуқур ёритилади.
Фильм марказида жамият кўпинча эътибор бермайдиган, аммо ўз ҳаёти ва кураши билан бошқаларга сабоқ бера оладиган инсонлар турибди. Картина реал воқеалар асосида яратилган бўлиб, оғир синовларни бошдан кечирган, аммо таслим бўлмай, олдинга интилган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тақдирини очиб беради.
Фильмнинг энг таъсирли жиҳати шундаки, унда актёр сифатида айнан шу воқеаларни бошидан кечирган инсонларнинг ўзи иштирок этади. Улар ўз ҳаётини, ўз оғриғи ва ғалабасини ўзлари ифода этади.
“INSON” фильмининг иккинчи сони нафақат бир нечта инсон тақдирини ёритувчи картина, балки жамиятда меҳр, ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш қанчалик муҳим эканини яна бир бор эслатади. Фильм орқали оғир синовларга дуч келган, аммо умидини йўқотмай, ҳаёт учун курашган инсонларнинг таъсирли қиссалари томошабин қалбига чуқур таъсир кўрсатади.
— “Яратилган инсон” фильми оддий бадиий лойиҳа эмас. У ҳақиқий инсонларнинг ҳаёти ва тақдирлари асосида яратилган бўлиб, унда жамиятдаги турли ҳаётий синовларни енгиб ўтаётган инсонлар қиссаси акс эттирилган, — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи, матбуот котиби Дилфузабегим Рузметова.
Унинг таъкидлашича, лойиҳа ҳудудларга хизмат сафарлари давомида инсонлар билан ўтказилган суҳбатлар асосида шаклланган. Суҳбатлар жараёнида ҳар бир мурожаат ортида оғир ҳаётий синовлар, сабр ва куч, энг муҳими эса инсонларнинг ҳаёт учун кураши мужассам экани намоён бўлган.
— Бундай тақдирлар фақат эшитилиб қолмасдан, жамият томонидан ҳам кўрилиши керак. Шу сабабли фильмда қаҳрамонлар сифатида айнан ўша инсонларнинг ўзи иштирок этди. Чунки улар бошидан кечирган ҳаёт йўли ва эришган ғалабаларини энг самимий тарзда ўзлари ифода эта олади, — деди у.
Матбуот котибининг қайд этишича, фильм инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва бефарқ бўлмаслик каби муҳим қадриятларни тарғиб қилади. Ушбу сон етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар тақдирига бағишланган. Лойиҳанинг илк сони эса ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг ҳаётда эришган ютуқлари ҳақида ҳикоя қилган.
Энг муҳими, фильм инсон иродаси ва меҳр-оқибат туфайли ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтиш мумкинлигини намоён этади. Шу жиҳати билан “INSON” нафақат киноасар, балки ҳаёт ҳақиқатини акс эттирувчи илҳом манбаи сифатида аҳамият касб этади.
Зулхумор Акбарова