Охири дараги чиқди. Маълум бўлишича, бу таблеткалар Пекиндаги фармацевтика корхонасида ишлаб чиқарилиб, ўша ерда 14 доллардан сотилар экан. Лекин танишларимдан бирортасининг бу мамлакат билан алоқаси йўқ эди. Шундай бўлса-да, уринишларим самара бериб, орадан икки ойлар ўтгач, ҳаётбахш дори қўлимга келиб тушганда кўзимга ёш келди. Дори-дармоннинг экспортга қарамлиги инсонни қанчалик оғир аҳволга солиб қўйишига ўшанда яна бир бор амин бўлганман.
Имкониятлар эшиги очилди
Бугунги Сирдарё кечаги Сирдарё эмас! Яқин-яқингача саноати ривожида мўъжиза содир бўлиши кутилмаган, иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги етакчи ўринда турган воҳада инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, экспорт салоҳиятини кўпайтиришда мураккабликлар мавжуд эди. Лекин мўъжиза юз берди. Мамлакатимизнинг дунёга юз очиши, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишда катта имтиёз ва имкониятлар, преференциялар берилиши Сирдарё саноати ривожида улкан имкониятлар эшигини очди. Қўриқ воҳанинг Янгиер шаҳри, Сирдарё туманларида эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди. Инвесторларга бож, солиқ, экспорт ва импорт имтиёзлари берилди. Натижада дунёнинг хорижлик инвесторлар иштирокида кўплаб гигант корхоналар қад ростлади. Ширин шаҳрида Франция, Япония, Саудия Арабистони компаниялари иштирокида қиймати бир неча миллиард долларлик иккита замонавий ИЭС барпо этилаётгани, Хитойнинг WANGDA ROLLING STELL компанияси томонидан металлургия корхонаси ишга туширилгани бунинг яққол исботидир.
Сирдарёни атрофдаги ўндан ортиқ давлатга танитаётган яна бир соҳа борки, уни вилоят иқтисодиёти тараққиётининг локомотиви десак муболаға бўлмайди. Бу тобора гуркираб ривож топаётган Сирдарё фармацевтикасидир.
Сирдарё вилоятида дори-дармон ишлаб чиқариш кўлами кенгайишида давлатимиз раҳбари ташаббусига кўра соҳада яратилган имкониятлар катта аҳамиятга эга бўлди. 2017 йилда фармацевтика саноатига оид инвестицион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Сирдарё туманида “Сирдарё-фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, унга 212,8 гектар ер ажратилди. Иқтисодий зонада амалга ошириладиган инвестицион лойиҳалар учун олиб кириладиган ускуналар, дастгоҳлар, хомашё учун бож имтиёзлари берилди. Бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар белгиланди. Ишлаб чиқаришни диверсифакициялаш, локализация дастури ишга тушди. Натижада эркин иқтисодий зона ҳудудида ҳозирга қадар умумий қиймати 132,6 миллион долларлик 8 та йирик лойиҳани амалга оширишга киришилди. Қисқа вақтда 104,7 миллион долларлик 6 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилиб, қарийб 868 та янги иш ўрни яратилди. Сирдарё вилоятидаги фармацевтика йўналишига ихтисослашган корхоналар сони 7 тадан 21 тага етди.
Импортдан экспортга
Ишониш қийин бўлган факт: ўн йиллар бурун ҳам юртимизга тиббиёт момиғи, бинтнинг асосий қисми импорт қилинарди. Албатта, пахта етиштириш бўйича дунёнинг кучли ўнталигига кирадиган Ўзбекистонга юз фоиз пахтадан тайёрланадиган ушбу маҳсулотни четдан олиб келиш ҳеч бир мантиққа сиғмайди. Наҳотки уларни хориждан келтиришимиз шарт бўлган? Афсуски, шундай. Бинт ва момиқ тайёрлаш учун зарур технологиялар, тўқимачилик дастгоҳлари ўзимизда йўқ эди.
Сирдарёда фармацевтика саноатига асос солинган дастлабки йилларда бунёд этилган “SARBONTEKS”, “BAXTTEKS-FARM” масъулияти чекланган жамиятларида мана шу мантиқсизликни баратараф этишга киришилди. Бу корхоналарга Европа ва Осиёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларининг энг замонавий дастгоҳлари ўрнатилди. Ишлаб чиқарилган ўнга яқин турдаги стерилланган, жаҳон стандартлари даражасидаги маҳсулотлар нафақат ички эҳтиёжимизни қондирмоқда, балки ўндан ортиқ давлатга экспорт қилинмоқда.
“REKA-MED FARM” Ўзбекистон–Россия–Буюк Британия қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган инфузион суюқликлар дастлаб шу турдаги маҳсулотларга бўлган ички эҳтиёжни қондиришга қаратилганди. Энди эса корхонанинг инъекция учун зарур суюқликлари бир қанча давлатлар бозорларига йўналтирилмоқда. Ушбу корхоналар маҳсулотлари қадоқларида кўзни қувонтирадиган, ёрқин ҳарфлар билан битилган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган сўзлар бор Бу эса ҳар қандай юртдошимиз қалбида чексиз ғурур туйғусини уйғотади.
Янги марраларни забт этиб
Ҳозир Сирдарё вилоятида 21 та фармацевтика корхонаси муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили умумий қиймати 152 миллиард сўмлик 2 та лойиҳа ишга туширилди. Ишлаб чиқариш ҳажми эса 20 миллиард сўмга етди. Юздан ортиқ маҳаллий ёш иш билан таъминланди.
Ҳудуд фармацевтика корхоналари 2021 йилда 206,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, уларнинг 4,7 миллион долларлик қисмини экспорт қилди. Қувонарлиси, уларда 2 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 51,9 миллиард сўмлик дори-дармон, тиббиёт буюмлари истеъмолчиларга етказиб берилди. Экспорт ҳажми 1 миллион доллардан ошди.
Экспорт маҳсулотлари орасида маҳаллий доривор гиёҳлардан тайёрланганлари ҳам бор. Сирдарёнинг ариқ ва зовур бўйларида ёввойи ҳолда ўсадиган қизилмия илдизидан тайёрланаётган сироп анчагина машҳур. У юз фоиз табиий, экологик тоза бўлиб, балғам кўчириш, яллиғланишга ва аллергияга қарши таъсир кўрсатади. Шунингдек, меъда-ичак йўлларининг сурункали яллиғланиш касалликларида, айниқса, меъда шираси кислотаси ошиб кетганда уни ичиш фойдали. Бундан ташқари, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси битишини тезлаштириш хусусиятига эга.
Вилоятнинг дори-дармон экспорти географияси кенгайиб бормоқда. Дастлабки йиллари қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон каби давлатларга маҳсулот етказиб берилган бўлса, ҳозир Украина, Болгария, Россия, Грузия кабилар ҳам харидорлар сафидан жой олди. Эътиборлиси, фармацевтика корхоналарида тайёрланган препаратлар, тиббиёт боғламалари, медтехника сифати, жаҳон стандартлари талабларига жавоб бериши билан хорижда шуҳрат қозоняпти. Уларнинг нафақат кўлами, балки турлари ҳам кенгаяётгани эътирофга лойиқ. Ҳозирги пайтда бир марталик шприц ва системалар, капсулали дорилар, тиббиёт ниқоблари, махсус комбинзонлар, тиббиёт боғламаларининг янада сифатли, харидоргир турларини ишлаб чиқариш ўзлаштириляпти.
— Фармацевтика саноати ривожидаги бундай салмоқли ютуқларга ҳукуматимизнинг кўмаги, эътиборисиз эришиб бўлмасди, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташқи савдо ва инвестициялар бўлими котибият мудири Ғулом Қаршиев. — Очиқ, прагматик сиёсат, қулай ишбилармонлик муҳити яратилиши вилоятимизнинг инвестицион жозибадорлигини оширди. Бу эса яқинда ҳудудимизда илк бор ташкил этилган халқаро инвестицион форумда ҳам ўз исботини топди. Тадбирда бошқа соҳалар қатори фармацевтикага инвестиция киритиш бўйича ҳам ўнлаб таклифлар ўртага ташланди.
Режалар улкан, қадамлар салобатли
Яқин йилларда Сирдарёда фармацевтика саноати янада кенг қулоч ёйиши кўзда тутилган. Биргина жорий йилнинг ўзида экспорт ҳажмини 9,1 миллион долларга етказиш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилган. 2026 йилгача умумий қиймати 975 миллиард сўмлик 14 та янги инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади. Натижада 93 турдаги дори, 80 турдаги тиббий буюм, 17 турдаги тиббиёт техникаси ва 12 турдаги биологик фаол қўшимча ишлаб чиқариш конвейерга қўйилади. Режага мувофиқ, экспорт ҳажми 35,5 миллион долларга, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар салмоғи 133 миллион долларга етади. Бюджетга 42,3 миллиард сўм қўшимча маблағ туширилади. Икки ярим мингдан зиёд ёш ўз иш ўрнига эга бўлади.
Жорий йилнинг ўзидаёқ ишлаб чиқариш ҳажмини 375,7 миллиард сўмга етказиш бўйича амалий ишлар бошланган. Хусусан, “Омонмедфарм” МЧЖ томонидан инъекцион ва инфузион эритмалар, “Guliston Med Texnika” МЧЖнинг тиббиёт воситалари ишлаб чиқариш инвестицион лойиҳаларини амалиётга жорий этишга киришилди.
Жами саккизта лойиҳа натижасида йил охиригача 72 та турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Режага мувофиқ, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ўтган йилдагига нисабатан қарийб икки баравар ошади. Ҳар бири олтин қадар қадрли икки юз элликта янги иш ўрни ёшларни ўз бағрига чорлайди.
* * *
Ҳар биримиз иссиқ жонмиз. Вақти-вақти билан шифохонага, дорихоналарга ишимиз тушиб туради. Айниқса, глобал миқёсда тиббиёт ва фармацевтика тизимини синовдан ўтказган пандемия шароитида уларга мурожаат қилиш ҳажми кескин ошди. Ана шундай шароитда дори-дармон ишлаб чиқаришни кўпайтириш энг оқилона йўл экани яна бир бор исботини топди. Давлатимиз раҳбари ушбу масалага жуда катта эътибор қаратаётгани, бу борада улкан вазифалар қўйилаётгани, энг аввало, ҳар бир юртдошимизнинг саломатлигини кафолатлашга, ҳар ўғил-қизнинг соғлом, жисмонан комил бўлиб етишишига қаратилган, десак муболаға бўлмайди.
Дарвоқе, яқинда Гулистондаги дорихоналардан бирига кириб ҳайратга тушдим. Кўзларимга ишонгим келмасди. Дорихона пештахтасида бир пайтлар мен хориждан не машаққатлар билан келтирган препарат турарди. Қўлимга олиб, қадоғидаги ёзувни ўқиб, бир ҳайратимга ўн ҳайрат қўшилди. Унда ўз Ватанини севувчи ҳар қандай кишининг қалбида қувонч уйғотувчи сеҳрли битиклар бор эди. “Ишлаб чиқарувчи “SIRDARYO NEO TABLET PHARM” mas`uliyati cheklangan jamiyati”. Мана шу сўзларнинг ўзи ҳам кўп нарсани англатади.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
журналист