Журналист ва блогерлар дастлаб вилоятдаги энг қадимий гўшалардан бири — «Кўҳна Ховос тепалиги» зиёратгоҳига боришди. Зиёратгоҳ тарихи ва бу ерга ташриф буюрувчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар бўйича «Саъду-Саид» жоме масжиди имом хатиби Рўзибек Абдунабиев маълумот берди.

«Кўҳна Ховос тепалиги»да олиб борилган археологик тадқиқотларга кўра, тепалик 2500 ёшда эканлиги эътироф этилган. Изланишлар давомида бу ердан 7 мингдан зиёд асори-атиқалар топилган.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари «Эко Гранд фруитс» МЧЖ томонидан Янгиер шаҳрида — ўн гектар майдонда барпо этилган иссиқхонани бориб кўришди. Мазкур иссиқхонада 100 дан зиёд иш ўринлари яратилган. Тадбиркор Холмат Ғафуров қиймати 10 миллион АҚШ долларилик иссиқхонани Туркия технологиясига асосан замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаган. Мажмуада бодринг, помидор етиштирилиб, йилига 2 минг тонна маҳсулот экспорт қилинмоқда.

Пресс-тур доирасида журналист ва блогерлар «Янгиер эркин иқтисодий зонаси»да бўлишиб, беш гектар майдонда барпо этилаётган ун маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани бориб кўришди. Корхона ишга тушгач, бир мавсумда 19 минг тонна тайёр маҳсулот экспорт қилинади. Мазкур корхона учун «Янгиер Флоур трейдинг» МЧЖ таъсисчиси, хорижий инвестор Амели Шафиқ томонидан 3,5 миллион АҚШ долларилик сармоя киритилиб, 2,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги асбоб-ускуналар ва замонавий жиҳозлар ўрнатилган. Корхона ишга тушиши билан 50 нафар маҳаллий фуқаронинг бандлиги таъминланади.

Эркин иқтисодий зона ҳудудида фаолият олиб борувчи «Сулпак компьютерс» МЧЖ тадбиркор Хондамир Ибратов томонидан ташкил этилган. Корхона йилига ўртача 3 минг квадрат метр акрил ва ламинатдан 1235 комплект мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Маҳсулотлар нафақат ички бозорга етказиляпти, балки хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Жорий йилда биргина Тожикистон Республикасига 23 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган.

Пресс-тур давомида Янгиер санаториясида дам олувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишилди. Санатория неврологик, кордиологик, гинекологик, урологик, шунингдек, таянч-ҳаракат тизими, юрак-қон томир ва асаб тизимлари касалликларини даволашга ихтисослашган. Ушбу муассаса 2019 йилда тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган. Шунингдек, 250 ўринга мўлжалланган янги бино ҳам қурилган. Сиҳатгоҳда айни вақтда 80 нафарга яқин тиббиёт ходимлари фаолият юритаётган бўлса, шундан 5 нафарини олий тоифали шифокорлар ташкил этади.

Навбатдаги манзил Мирзаобод туманида яқинда иш бошлаган «Гулистон голд ярн» МЧЖга қарашли ип йигирув корхонаси бўлди. Мазкур корхона Швейцариянинг “RIETER” компанияси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, лойиҳанинг биринчи босқичида ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги, замонавий ип йигирув ускуналарини сотиб олди. Ҳозирда 600 дан ортиқ ишчи кучи билан 3 турдаги калава ип ишлаб чиқарилмоқда. Қиймати 35 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа тўлиқ ишга туширилиши билан бу ерда марли тўқиш ва тўқув маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, тикувчилик цехи ташкил этилади. Бу эса яна янги иш ўринлари ва даромад деганидир.

Пресс-тур давомида ОАВ ходимлари Гулистон шаҳридаги «Омон мед фарм» МЧЖнинг фармацевтика корхонаси фаолияти билан ҳам танишишди. Лойиҳа қиймати 9 миллион АҚШ доллари бўлган корхона шу йилнинг сентябрь ойида иш бошлаган. Хитойнинг “Beijing Global Wealth Co.Ltd” компаниясидан 5,5 миллион АҚШ долларлик асбоб-ускуналарда турли антибиотиклар, таблеткалар, ампулали ва инфузион дори воситалари, мазлар тайёрланади. Йилига 2 миллион 372 мингдан зиёд қадоқ маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 100 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Фойдаланиладиган хомашёнинг 40 фоизи маҳаллий етиштириладиган ҳамда табиий равишда ўсадиган ҳар хил турдаги доривор ўсимликлардир. Хомашёнинг қолган қисми Хитой ва Жанубий Кореядан келтирилади.

Пресс-тур иштирокчилари «Гулистон тиббиёт кластери»нинг дастлабки босқичи бўйича қилинаётган ишлар билан танишдилар. Айтиш жоизки, мазкур тиббиёт кластери Президентимизнинг «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришнинг янги модели – Гулистон тиббиёт кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ вилоятда тажриба синов тариқасида жорий этилган.

Бугунги кунда кластернинг бизнес-режаси тўлиқ ишлаб чиқилиб, кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган. Лойиҳа ниҳоясига етказилгач, вилоятдаги 6 та тиббиёт муассаса, яъни, вилоят кўз касалликлари, уруш ва меҳнат фахрийлари шифохоналари, вилоят эндокринология диспансери, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиали ҳамда вилоят диагностика маркази «Гулистон» тиббиёт кластери таркибига ўтказилади ва улар бир жойда, ягона бошқарув асосида фаолиятини бошлайди. Айни пайтда ҳудудда гематология, гастроэнтерология, пульмонология, неврология, ревматология бўлимлари учун 100 ўринли бино янгитдан қурилмоқда.

Шаҳзод Ғаффоров,

«Янги Ўзбекистон» мухбири