Вилоятлардан жалб қилинган қурувчилар томонидан 1 830 та уйларда қурилиш таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, 11 минг 170 нафар фуқарога фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, тошқин оқибатида уй-жойлари яроқсиз холатга келган фуқаролар учун 52,5 гектар майдонда 86 та 2 640 хонадонли кўп қаватли турар жой бинолари барча шароитларига эга ҳолда қуриб битказилиб, босқичма-босқич фойдаланишга топширилмоқда.

2020 йил 13 октябрь куни Муҳтарам Президентимизнинг вилоятга ташрифи давомида тошқиндан зарар кўрган хонадонлар ўрнида қад ростлаган янги замонавий типдаги уйларни кўриб, амалга оширилган катта кўламли ишларга яхши баҳо бериши, албатта, вилоятлардан  жалб қилинган қурувчиларнинг беминнат меҳнати эвазига бўлди, десак адашмаймиз.

Бугун, 22 октябрь куни тошқиндан зарар кўрган ҳудудларни обод қилиш ва аҳолига қулай шароит яратишда жонбозлик, фидойилик кўрсатиган бир қатор шахсларни Президентимиз Фармони билан таъсис этилган “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотлаш маросими бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги қабуллар саройида бўлиб ўтган тантанали йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманлари секторлари раҳбарлари, фаоллар ҳамда ёшлар вакиллари иштирок этишди. 

Тақдирлаш маросимида вилоят раҳбари Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқиб, техноген ҳолат туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда, талофат оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган барча-барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ўйлаймизки, бундай эътибор ўзини шу юртнинг вафодор, мард фарзанди деб ҳисоблаган ҳар бир фуқаронинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшаверади.