Кейинги йилларда мамлакатимизда кардиология ва кардиожарроҳлик соҳасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Аҳолига бу йўналишда замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўзига хос тизим яратилган. Дунёнинг илғор мамлакатларида қўлланилаётган энг ноёб диагностика ва даволаш технологиялари эндиликда бизда ҳам мавжуд.
Бугун Сирдарё вилоят кардиология диспансерида вилоятда илк маротаба юракни карона томирлари бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилиши йўлга қўйилди. Бугуннинг ўзида диспансерда 6 нафар беморда стентлаш амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Муассасага янги келтирилган тиббий ускуналар, аппаратураларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, малакали тошкентлик ва сирдарёлик мутахассислар иштирок этишди.
Вилоят кардиология диспансерида 2017-2018 йилларда инвестиция дастури асосида 8,3 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда мазкур марказда 38599 нафар бемор рўйхатда туради. Шулардан ўтган 2020 йил давомида 2775 нафар бемор даволаниб чиқди.
Авваллари вилоятимизда замонавий мураккаб кардиожарроҳлик амалиётини ўтказишга шарт-шароитлар йўқ эди. Йил давомида фақатгина 200 нафар беморга пойтахтга йўлланма бериш имконияти мавжуд эди холос. Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунда вилоятда 3211 нафар юрак қон томирларини стентлаш амалиётига муҳтож бўлган беморлар аниқланган бўлиб, эндиликда уларга вилоятимизнинг ўзида стент қўйиш имконияти пайдо бўлди. —Бугунги кунда Сирдарё вилояти кардиология диспансерида вилоят бўйича 38599 бемор рўйхатда туради, — дейди соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Йулдашев. - Уларнинг 3211 нафари жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ тиббий ёрдамга муҳтож. Аммо шу пайтгача юрак операцияси ва шу билан боғлиқ амалиётни бажариш имкониятига эга эмас эдик.
Вилоят кардиология диспансерига қўшимча тарзда 1,6 миллон АҚШ долларига тенг миқдордаги 23 турдаги 88 дона замонавий тиббиёт жиҳозлари олиб келинди. Муассасада эндоваскуляр хирургия бўлимига коронороангиограф аппарати ўрнатилди. Ушбу ангиограф аппарати орқали беморларнинг юрак коронар қон томирлари, уйқу артериялари ва сон артерияларини текширувдан ўтказиш, муҳтож бўлган беморларга стент қўйиш амалиётини амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. Бунинг самараси ўлароқ вилоятда юрак ритмининг мураккаб бузилишини жарроҳлик йўли билан тиклаш ҳамда очиқ юракда жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши йўлга қўйилди. Бу операцияларни хорижда малака ошириб келган ўзимизнинг мутахассислар Россия Федерациясидаги "Бакулева" институтида таҳсил олган 1 нафар ҳамда Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида малака ошириб келган 2 нафар шифокорлар бажармоқда.
Замонавий тиббиёт аппаратларини фойдаланишга топшириш маросимида сўзга чиққан мутасаддилар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бундан буён ҳам асосий эътибордаги масала бўлишини билдирдилар.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати