Энергия ишлаб чиқаришда асқатувчи газ, кўмир ва нефть захираси камайиб бориши муқобил энергетика манбаларини излаб топишга замин яратди. Натижада "яшил" энергия аталмиш қувват захираларидан фойдаланиш кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бу ҳозирги шиддатли давр талаби. Ана шу шиддат Ўзбекистон иқтисодиёти ва халқимиз турмуш шароитида ҳам яққол кузатилмоқда.
Табиийки, соҳанинг келажаги ва ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган "яшил" энергия манбаларига талаб ҳам ошяпти. Ўзбекистон бу борада янги ташаббус ва лойиҳаларни илгари сурмоқда. Ривожланган мамлакатлар ва компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаяпти. "Яшил" энергетикадаги ислоҳотлар натижасида ҳозиргача ишга туширилган 2,4 гигаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳисобига жорий йилнинг олти ойида 1,6 миллиард киловатт "яшил" энергия ишлаб чиқарилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлигининг тегишли қарорларига мувофиқ, Энергетика вазирлиги томонидан Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида қишлоқ хўжалиги фойдаланувидан чиқарилган суғорилмайдиган 1028 гектар ерда павловния ва бошқа тез ўсувчан дарахтлар плантацияси барпо этилгани, Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод ҳамда Хоразм вилоятининг Хива туманларида пеллет (ёғоч гранула ёқилғиси) маҳсулотини ишлаб чиқариш лойиҳаси соҳа учун катта янгилик бўлди.
Қишни кўмирсиз ўтказиш мумкин…
Эрта тонгда бир неча ҳамкасблар билан Сирдарё томон йўлга тушдик. Ҳали куннинг тафти кўтарилмаган. Кетар эканмиз, борар манзилимиз ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун бирбиримизни саволга тутамиз.
Ёнимдаги ҳамкасбим:
— Бу туманнинг Баҳористон деган жойига анча йиллар олдин, коллежда ўқиб юрган вақтларим пахта териш учун борганман, — дея гап бошлайди.
Суҳбат орасида ҳудуддаги ер фойдаланишга яроқсизлиги, сувга талаб юқорилиги ҳақида ҳам айтиб ўтди.
Номидан келиб чиқиб айтсак ҳам Мирзачўлни ўзлаштириб, обод қилиш ортидан Мирзаобод тумани шакллантирилган. Асосий ҳудуди шўр ва яроқсиз бўлгани боис, у ерда дарахт экиб, энергия олиш мумкинлигидан бир оз шубҳаландим.
Туманга етганимиздан сўнг у ердан бизга яна бир неча киши ҳамроҳ бўлди. Баҳористон катта йўлдан 35 километр ичкарида жойлашган экан. Биз кўзлаган манзил томон борар эканмиз, йўл ёқасида саксовуллар, биздан бегонасираб тик қотган юмронқозиқларга дуч келдик. Симёғочлар устига уя қурган лайлаклар бу ерга ўзгача кўрк бағишлаб турибди. Йўл четида пахтазорлар ва қамишзорлар кўзга ташланади.
Кўп ўтмай, белгиланган жойга бордик. Атрофга қараб йўл чарчоғи ариди. Саҳронинг қоқ юрагида яшилликка бурканган гўша. Бир томонда каттакатта иккита қувурдан дарахтларни суғориш учун ҳовузга сув оқиб турибди.
"Биопеллет" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аброр Ҳошимовнинг айтишича, павловния ўсимлигини экиш учун айнан Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани танланишига сабаб — жой кенглигида. Йиллар давомида фойдаланилмай қолган ер павловния дарахти орқали ўзлаштирилади.
Хўш, нима учун айнан павловния? Ҳеч кимга сир эмас, газ, кўмир, нефтга асосланган иссиқлик электр станциялари, завод ва фабрикалар чиқараётган заҳарли газ оқибатида озон қатлами емирилиши тезлашмоқда. Бугун жаҳонда содир бўлаётган сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари сонининг ортгани, шаҳарлар ҳавоси ифлосланиши, турли касалликлар кўпайиши бежиз эмас. Бундай глобал вазиятда инсоният олдида энергияга эҳтиёжни экологияга зарар етказмайдиган, муқобил маҳсулотлар орқали таъминлаш вазифаси турибди. Мирзаобод туманидаги павловния плантацияси ҳам шу мақсадда ташкил этилган.
Лойиҳага ўтган йилнинг кузидан киришилган. Келгуси йил ниҳоясига етказилади. Натижада аҳоли ҳам, саноат корхоналари ҳам, ҳатто иссиқлик электр станциялари кўмир билан мазут ўрнига пеллет ёқиб, электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин. Маҳсулот кўмирга нисбатан экологик тоза бўлиб, афзаллиги ҳам шунда.
Саноат учун энг қулай хомашё
Дарахт экиб, боғ яратиш эзгулик ва улуғворлик рамзидир. Айниқса, халқимиз орасида дарахт экиш қадрланади. Ҳар ишнинг ўзига яраша машаққати бўлганидек дарахт парваришлашнинг ҳам сирсиноати бор. Айниқса, шўр ва тупроқ унумдорлиги жуда паст жойларда бу ишнинг машаққати икки карра ошади.
Дунёдаги энг тез ўсувчи дарахт ҳақида эшитган инсон борки, павловниянинг ноёб хусусиятлари, қандай шароитда ривожланишига, албатта, қизиқади. Сўнгги йилларда қулоғимизга номи кўп чалинаётган бу дарахт юртимиз иқлим шароитига ҳам мослаштирилиб, ундан керакли мақсадларда фойдаланилмоқда.
Плантациялар учун кўчат етказиб бериш, экиш ҳамда парваришлаш билан боғлиқ юмушларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида мазкур йўналишда етарлича тажрибага эга «Dripflex» масъулияти чекланган жамияти билан шартнома тузилган.
Шартномага мувофиқ, ажратилган ерга 2 миллион 914,4 минг туп (шундан 800 гектарга 2 миллион 666,4 минг туп Калифорния тераги ҳамда 200 гектарга 250 минг туп павловния) тез ўсувчи кўчат экилиши ва томчилатиб суғорилиши кўзда тутилган. МЧЖ 2025 йил охиригача бу ишларни ниҳоясига етказишни режалаштирган.
Энди ўзўзидан савол туғилади: павловния ўсимлиги бизнинг иқлимга қандай мослаштирилмоқда, уни парваришлаш жараёнида нималарга эътибор бериш керак?
— Бугун Мирзаобод туманида плантация ташкил қилиш учун ажратилган ердан 157 гектарга павловния, 216 гектарга Калифорния тераги экилди, — дейди МЧЖ иш бошқарувчиси Комилхон Саидов. — Қолган қисмига кузги ва баҳорги мавсумда кўчат экилади. Асосий вазифамиз — кўчат экиш ҳамда парваришлаш. Бу дарахт танаси яна ҳам мустаҳкам ва бақувват ўсиши учун икки йил давомида тубидан кесилади. У кечаси суғорилади. Сабаби, сув совуқ бўлиши керак. 56 йилда ишлаб чиқаришга тайёр бўлади. Бугун мамлакатимизда унинг Шан Тонг тури етиштирилмоқда. Мазкур тур бош қаларига қараганда иқлимимизга мос. Совуққа, иссиққа, қурғоқчиликка, касалликларга чидамли, танаси тўғри ва тез ўсади.
Яна бир жиҳати — маҳсулдорлиги юқори ҳамда сифатли. Кесилгандан сўнг тез қайта ўсиш хусусияти билан ажралиб туради. У гуллаганда асаларилар учун яхшигина асал манбаи бўлади. Хушбўй ҳидли. Гулидан косметика саноатида кенг фойдаланилади, ифоридан атир олинади. Яна павловния гули бошқа дарахтларники сингари аллергия қўзғатмайди. Гуллаш мавсумида ўзидан пўпанак чиқариб, атрофни булғамайди.
Павловния барги жуда катта бўлиб, одатда 70 сантиметргача етади. Япроқ ёзганида жазирамада соясалқин беради. Совуқ тушганида эса барча дарахт сингари баргини ерга ташлайди. Ишнинг кўзини биладиган чорвадор баргларни дарҳол йиғиб олиб, қуритадида, чорвага тўйимли озуқа сифатида беради. Бундан ташқари, дарахт барги ҳамда шоҳ-шаббаларидан тўпланган чиқиндидан кўп миқдорда биоёқилғи олиш мумкин. У ҳудуд табиати мусаффолигига ҳам ҳисса қўшади. Намгарчилик ортиб, ҳаво тозаланишига замин яратади.
Хуллас, лойиҳа ортида энергия олиш билан бирга бошқа мақсадлар ҳам бор. Қолаверса, 1028 гектар майдондаги ўрмонни кўз олдингизга келтириб кўринг.
Тежамкорлик — замон талаби
Мирзаободда сув танқис. 1028 гектарни суғориш анча қийин масала. Уддабурон мутахассислар бунинг ҳам чорасини топибди.
— Ўсимликлар томчилатиб суғорилмоқда, — дейди Мирзаобод тумани сув етказиб бериш давлат муассасаси мутахассиси Фозил Юсуфалиев. — Бунинг учун 6 та ҳовуз қазилиб, 6 та трансформатор ўрнатилган. Сув тежовчи технологиялар ёрдамида 2 миллион 700 кубгача сув, 150 тоннагача ўғит, 30 тоннагача ёнилғи, 700 миллион сўмликкача ишчи кучи тежалиши кутилмоқда.
"Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилар", деганларидек, сувга талабнинг йилдан йилга ортиб бориши ундан тўғри ва унумли фойдаланишни талаб қилмоқда. Бугун томчилатиб суғориш тизимидаги ютуқлар қувонарли. Бу тизимнинг қамрови кенгайиб борса, қанча сув тежалишини тасаввур қилиб кўринг.
Одамлар бандлиги таъминланмоқда
Бир ташаббус ортида минглаб инсонлар тақдири ётади, десак, муболаға бўлмайди. Бугун Баҳористон ҳудудида 4 мингга яқин фуқаро бор. Уларнинг тирикчилиги, асосан, чорвачиликдан. Ер унумдорлиги пастлиги учун одамлар томорқасидан самарали фойдалана олмайди.
Лойиҳа доирасида мавсумда 400 нафардан 600 нафаргача ишчи кучи жалб этилди. Бугун доимий иш ўрни 60 дан ошиқ.
— Бу лойиҳа ишга тушганидан бери шу ерда меҳнат қиляпман. Биз қатори маҳалламизнинг аксарият кишилари ҳам иш билан таъминланди. Барча шароит яратилган, — дейди маҳаллий ишчилардан Лола Алламуродова. — Ойлигимиз ўз вақтида берилади. Аввалига бу лойиҳа амалга ошиши, шўрланган жойда дарахтлар ўсишига шубҳа билан қараганмиз. Сабаби, бу ерни фақат саксовул, шўра ва янтоқ босиб ётган эди. Лойиҳанинг ишга тушиши жуда кўп одамларга ёрдам бўлди. Шунинг ортидан болаларимизнинг яхши таълим олиши учун шартшароит яратяпмиз.
Ҳар бир жамият ривожи, маънавий қиёфаси шаклланиши учун инсонлар иқтисодий томондан анча кўтарилиши зарур. Бу лойиҳа ортидан кимдир фарзандининг таълим олишига замин яратса, яна кимдир яшаш учун яхши шароит ҳозирлайди. Марра қанча катта олинса, қамрови шунча кенгаяди.
— Бугун лойиҳа фақат Сирдарё вилояти билан чегараланиб қолгани йўқ. Пеллет маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи қурилмаларни ҳозирча Хоразм вилоятининг Хива, Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманларига ўрнатиш режа қилинган, — дейди «Биопеллет» МЧЖ раҳбари Аброр Ҳошимов. — Ҳозиргача пеллет ишлаб чиқариладиган 2 та қурилма келтирилиб, ўрнатилди.
Плантацияни суғориш тизими тўлиқ йўлга қўйилганидан сўнг маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир оилага қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва даромад манбаи яратиш учун 1 гектаргача ер ажратиб берилади. Одамлар дарахт кўчатлари орасида мош, ловия сингари дуккакли ўсимликлар, қовун, тарвуз, ошқовоқ каби полиз маҳсулотлари етиштириши мумкин.
Аксарият ҳолларда қурилиш учун ёғоч мамлакатимизга четдан кириб келади. Бу лойиҳа амалга ошса, кейинчалик қамров яна ҳам кенгайиб, қурилиш учун ёғоч билан ички бозорни таъминлаш, ҳатто экспорт қилиш мумкинлиги айтилмоқда. Тасаввур қилинга, бир вақтлар чўл, унумсиз бўлган ҳудудда ўрмон шаклланади. Бунинг таъсири экологияга ҳам сезилади.
Бир сўз билан айтганда, бугун табиатни асраш, муқобил энергия тизимини кенгайтириш борасида самарали ишлар қилинмоқда. Бу ишлар ортида қуйидаги эзгу мақсадлар мужассам — аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, банд лигига кўмаклашиш, энергияга талабини тўлиқ қоплаш.
Келажак энергияси
Мамлакатимизда "яшил" энергия манбаларини шакллантириш бўйича бошланган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бунинг натижасида 2026 йилга бориб, Ўзбекистонда умумий қуввати 5000 мегаватт, 2030 йилга бориб эса 18 минг мегаваттдан ортиқ бўлган қуёш ва шамол электр станциялари иш бошлайди. 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 40 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасига тўғри келади. Бунинг натижасида йилига қарийб 15 миллиард куб метр табиий газ тежалишига эришилади. Бундан ташқари, атмосферага 21 миллион тонна зарарли газ чиқарилишининг олди олинади.
Шунингдек, "Ўзбекистон — 2030" стратегиясида 3 гигаватт қувватли 3 та иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш орқали табиий газ сарфини камайтириш, иссиқхона газининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан 2010 йилдаги даражадан 30 фоиз қисқартириш каби устувор вазифалар белгиланган.
Стратегияда белгиланган ушбу вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилга мўлжалланган Давлат дастури асосида 2024 йилда юртимиз бўйлаб қўшимча 2500 мегаватт қувватли қуёш фотоэлектр ҳамда шамол электр станциялари, шунинг дек, микро ва кичик ГEСлар ишга туширилади. Уларнинг баъзилари фойдаланишга топширилди ҳам. Муҳими, соҳага янгича ёндашув ҳамда лойиҳалар иқтисодиётимиз равнақи ва халқ фаровонлигига хизмат қилади.
Сирдарёнинг Мирзаобод туманидаги лойиҳа эса ана шу эзгу мақсадларга муносиб ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир. Яъни бу ердаги 1028 гектар майдонда парваришланаётган павловния ўсимлиги ва шунга ўхшаш тез ўсувчи дарахтлар ёғочи ёрдамида электр энергияси ишлаб чиқариш тажрибаси йўлга қўйилади.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
"Янги Ўзбекистон" мухбири
(Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 06.08.2024 й, 156-сонида чоп этилган)