Жадид айбномаси туфайли ҳаёти таъқибу қувғинлар остида ўтган шўрлик ватандошларимизнинг гуноҳлари нима эди? Ўқиб-ўрганайлик, билимдонликда жаҳонга чиқиб, ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклайлик, бутун одам бўлайлик каби одилона даъватлар учун наҳотки отиш, осиш, сургунларга бадарға қилиш ўринли ва адолатли бўлса?! Айнан шундай жазолардан қочган шўрлик Сирожиддин Сидқий эндигина балоғат ёшига етган чоғида вагонга хуфиёна жойлашиб, катта водийга қочиш орқали жонини сақлаб қолган эди. Булар ўтган аср бошидаги гаплар. Унга қадар тортилган жабру ситамларни айтиб, адо қилиб бўлмайди...
Сирожиддинбек зиёли оилада туғилиб ўсган. Отаси Мирзоҳид Охунд домла Хондайлиқ қишлоғидаги ҳовлисида мактабдорлик, яъни диний ва дунёвий илм-зиёни тарқатиш билан машғул эди. Ҳазрат домла номи билан танилган бу инсондан билим олиш илинжида Чимкент ва Сайрам томонлардан, ҳатто катта водий — Фарғонадан ҳам талабгорлар келиб, устознинг мўъжазгина ҳужраларида яшашар, билим олишдан бўш пайтларида томорқа ишларига ёрдамлашишарди. Бағрикенг устоз ҳеч кимдан ҳақ сўрамасди. Тўрт ўғил ва бир қизнинг ўртанчаси Сирожиддин ўн тўққиз ёшга етгунча шундайин саховатпеша хонадонда яшади. Сирожиддинбек катта шаҳар — Тошкентга отланиб, қолган умрини илм излаш, Ватанни озод ва фаровон даражага кўтаришдаги бетиним курашлар бағрида ўтказди. Бу ҳақда “Чироғим, мен Сидқийман, Ҳандақлиқийман” деб номланган китобимда батафсил ёритган эдим. Энди эса ватандошларимга, айниқса ёшларимизга, қалби одамий фазилатлар, инсонгагина хос меҳр-оқибатга лиммо-лим азизларимиз ҳақида баҳоли қудрат ёзмоқдаман. Зеро, бундай фазилатлар камёб бўлиб бораётгани сир эмас.
Сирожиддин Мирзоҳид ўғли — Сидқий Ҳандақлиқий ҳаётида аввало, серқирра фазилатлар соҳиби Мирзоҳид ота, яъни Ҳазрат домланинг ибратомуз умри алоҳида ўрин эгаллайди. Шу билан бир қаторда устознинг севимли шогирди, Тошкентга бориб, мударрис домла даражасига кўтарилган Имомали отанинг хизматларини алоҳида айтиб ўтиш ўринли. Қолаверса, Тошкент бағрида не-не машаққатлар билан яшаган Сирожиддин Сидқийнинг даврдош дўстлари, устозлари Камий, Иффат, Ризоий, Тавалло, Беҳбудий, Камол Турбатий, Фитрат, Чўлпон каби ватанпарварларнинг Сирожиддин Сидқийга жуда катта ижобий таъсирлари бўлган. Сибир сургунидан қочиб, катта водийда азоб-уқубатлар оғушида яшар экан, бағрикенг зиёлилар унга таянч-мадад бўлишган. Бу борада биргина Ризоий Андижонийнинг йиллар давомида Сидқийга кўрсатган ғамхўрлигини айтиб ўтиш кифоя.
Умр бўйи таъқибу кувғинлардан қоча-қоча Тошкентга қайтган Сирожиддин Сидқийнинг сўнгги сафари Парвезтепа атрофи бўлди. Ўттизинчи йиллар бошида Сидқийнинг она қишлоғи Хондайлиқдан бу ерларга кўчиб туша бошлаган юртдошлари шоирни жон-диллари билан бағирларига олишди, ҳашар уюштиришиб, мўъжазгина ҳовли-жой ҳам тиклаб беришган. Шоир эса бу ҳовлини нодир анвойи гулу дарахтлар билан ясантириб, умри сўнгига қадар ушбу маконда ҳаёт кечирди...
Ижод оламига назар ташласак, серқирра адибнинг устоз, дўст ва шогирдлари беҳисоб эди. Улар сафида энг меҳрибон, софдил, жонкуяр шогирди сифатида Абдулла Носировни юксак эҳтиром билан эътироф этамиз. Жонли қомус номи билан машҳур бўлган Абдулла ота болалик чоғиданоқ ҳаттотлик санъати сирларини астойдил ўзлаштирган ва умри сўнгига қадар Сирожиддин Сидқийни юксак эҳтиром ва астойдил ҳурмат билан қалбида асради. Устоз ҳаёти ва ижодини юзага чиқариш учун бетиним курашди. Бу савобли, машаққатли ва олижаноб ҳаёт йўлида адабиётшунос олим, тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасанийни ҳам четлаб ўтиш мумкин эмас.
Сирожиддин Махдум Мирзоҳид ўғли — Сидқий Ҳандақлиқий ҳаёти ва ижоди билан ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охирида шуғуллана бошлаган эдим. Бу ўртада дорулфунуннинг филология факультети талабасига уйландим. Шу-шу ҳамқишлоғимиз Сирожиддин Сидқий Ҳандақлиқий ҳаёти ва ижоди йўлида биргаликда шуғулланишга киришдик.
Катта водийдан тортиб бутун Ўрта Осиё бўйлаб Сидқийни эшитган, таниган, билган инсонлардан маълумотлар тўплар эдим. Аёлим эса куну тун машинкани чиқиллатиб уларни қоғозга туширарди. Билмадим, тўғри қилдимми, ё... Ҳамма нарса менинг номимда чоп этилар, шўрлик жуфти ҳалолим чеккада қолиб кетаверган экан. Яна менинг жиззакилигим, зардаю дашномларимни айтмайсизми! Қани энди унда бир оғиз эътироз, норозилик ёки гап қайтариш бўлса. Сирожиддин Сидқийга оид китоблар чоп этилганида оламга сиғмас қувончларини-ку таърифлашга тилим ожиз. Мен босар-тусаримни билмайман, жадидлар оламининг етук намояндаси Сирожиддин Сидқийни гўё ўзим оламга танитгандек. Афсуски, меҳрибоним умрининг сўнгги кунларини яшаётганини қайдан ҳам билардим?! Айниқса, биргина сўрови юрагим тўрига қадалди-қолди: “Ҳамқишлоғингиз Сирожиддин Сидқий уй-музейини яратиш ҳақида нега бош қотирмайсиз? Ота-боболаримиз икки минг йилдан зиёд вақтдан бери яшаган Қўрғонтепа бағрида ноёб шу иншоотни қуриш ташаббускори бўлмасангиз, бу ишга ким қўл уради? Шу орқали Қўрғонтепа нафақат Бўстонлиқ тумани, бутун Ўзбекистон, ҳатто олам одамларининг зиёратгоҳига айланиши аниқ. Шу билан бирга, кутубхона ҳам битади. Уйимизда ҳеч ким ўқимай увол бўлиб ётган мингдан ортиқ ноёб китобларимизни совға қиламиз. Ҳам Сидқийнинг уй-музейи, ҳам маънавият маркази пайдо бўлади. Тепалик ва унинг чор тарафи янаям кўркамлашиб, ҳақиқий гузар ва сайргоҳга айланади. Қўрғонтепа билан тенгдош чинорлар бағрида туристлар меҳмонхонаси яратилса, уларнинг тарихини ёзиб берсангиз, ажойиб маънавий ва маданий мерос қолади келажакка!”
Ярим асрга яқин муддат ёш авлодга ўзбек тили ва адабиётидан билим бериб келган умрдошим шундай ноёб фикрларни айтар экан, юрагим орқага тортиб кетди! Жуфти ҳалолимнинг умри наҳотки тугаб бораётган бўлса?!
Ҳа, бу ҳақиқат эди. Жаҳондаги гўзалликда ҳам, доноликда ҳам, сабру бардошда ҳам ҳавас қилса арзигулик умр йўлдошимни “тез ёрдам” Зангиотага олиб кетиб, икки кундан сўнг... муздаккина қилиб олиб келиб беришди.. Унинг эзгу фикр-маслаҳатлари менга мерос бўлиб қолди.
Шу кезда ҳам Сирожиддин Сидқийнинг минг бир азоблар билан яшаган ҳаёти менга таянч бўлди. Улуғ шоир боғига қандоқ борганимни билмайман. Кўзларимдан шашқатор ёш билан Сидқий ўгитларини ўқийман: “Одам уч хил бўлур, — деб ёзади шоир. — Бутун одам, ярим одам, одам ҳисобинда бўлмаган одам. Бутун одам улдирки, ўз ақлига иш буюриб, касбу корга машғул бўлур, киришур ва тиришур. Ярим одам улдирки, бирон ишнинг уҳдасидан чиқа олмас. Локин ўзганинг иршоди (кўрсатмаси) бирлан ишга киришур ва тиришур. Одам ҳисобинда бўлмаган одам улдирки, на унисининг ва на бунисининг уҳдасидан чиқур. Улар дангасалар, текинхўрлар ва ялқовлар жамоаси эрурки, таъма бирлан кечинурлар”.
Сидқий насиҳатларини ўқиб ўтирар эканман, елкамда кимнингдур кафтини сездим. Бош кўтариб, боғ раҳбари Дилшод Саъдуллаевични кўрдим.
— Бу қадар ёниб куяверманг, — кўнгил сўради у. Унинг ҳамма воқеадан хабари бор экан. — Сиз халқимизга, Сидқий каби улуғ инсонлар ҳаёти ва ижоди билан, айниқса, ёшларни хабардор этишга кераксиз.
— Мен олдин ўтишим лозим эди... Ахир жуфти ҳалолимдан олти ёш улуғлигим бор эди-ку.
— Ҳай-ҳай, унақа деманг! — юпатди Дилшод Тиллахўжаев. — Демак, сиз яшашингиз керак, бу оламда қиладиган ишларингиз ҳали бор экан. Яратган Эгамизнинг изми шу!
Бу воқеадан кейин ўзимни анча қўлга олдим. Жуфти ҳалолимнинг менга айтган ўша маслаҳатлари, аниқроғи, васиятларини амалга оширишга киришишим керак. Шу куннинг эртасигаёқ Бўстонлиқ тумани ҳокимининг қабулига кирдим. Ҳоким ҳам менга таскин бериб, биз биргаликда қишлоққа чиқдик. Сирожиддин Сидқийнинг уй-музейи ва кутубхона қуриладиган жойларни кўрдик. Айниқса, икки минг йилдан зиёд умр кўраётган бобочинорлар у кишида чуқур таассурот уйғотди.
— Қўрғонтепа ва бобочинорлар тарихини ҳам яхшилаб ёзиб беринг, уларни абадийлаштириш ва туризмга оид масалалар билан алоҳида шуғулланамиз, — деди ҳоким осмонўпар гўзалликларга ҳавас билан тикилар экан. — Ёнгинамизда шунақа ажойиб табиат гўзалликлари туриб, биз қаёқлардан мўъжизалар излаб юрибмиз.
Дарҳақиқат, шундай. Инсон одатда шундоқ ёнгинасидаги бахтни негадир узоқлардан қидириб юради. Ўз юртидаги қаҳрамонларга ҳам, юртнинг гўзал сарҳадларига ҳам чин дилдан эътибор қаратавермайди. Ваҳоланки, биз юртимизнинг ҳар қарич ерини асраб-авайлашимиз, ватанпарвар, фидоий инсонларни доим хотирлашимиз лозим. Айниқса, келажак таянчи бўлган ёш авлод эса бу борадаги эзгу ташаббусларда фаол иштирок этса, ҳаётимизда туб ижобий ўзгаришлар кўлами янада кенгаяверади. Зотан, инсоннинг эзгу мақсади, орзулари-ниятлари, аввало, Ватанда улғаяди, Ватанда амалга ошади.
Асад АСИЛ,
ёзувчи