Олий таълим муассасаларида сиртқи таълим тури тугатилгач, аҳоли орасида таълимнинг мазкур тури нима сабабдан тугатилгани, ҳозир сиртқи таълимда ўқиётган талабаларнинг ўқишни қай тартибда давом эттириши, сиртқи таълимни тамомлаган мутахассисларнинг фаолият бошлашига оид қатор саволлар пайдо бўлмоқда. Мана шу саволларга жавоб олиш мақсадида
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департаменти бошлиғи Абдували ХОЛИҚОВга мурожаат қилдик.
— Сиртқи таълимга қабул давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майдаги “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тугатилган. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи шаклига квота берилмади. Шу боис, жорий йилда сиртқи ўқишга ҳужжатлар қабул қилинмади. Мазкур талаб давлат ОТМлари учун ҳам, нодавлат олийгоҳлар учун ҳам бирдек амал қилмоқда. Хўш, нима учун бундай қарорга келинди?
Биласиз, сиртқи таълим талабалари муайян муддат дарсларда қатнашади. Ўқув жараёнини иш, оилавий мажбуриятлар ёки бошқа ҳаётий ҳолатлар билан бирлаштиришга имкон берувчи бу тизим, аввало, катта ёшлилар ўртасида таълимга эҳтиёжни қондириш, амалиётда самарали фаолият юритишга хизмат қилади.
Бу таълим шаклининг қайта ташкил этилиши натижасида ёшлар ва катта ёшли аҳоли ўртасида олий таълимга қамров сезиларли даражада ошди. Қатор ҳудудларда ишлаб юрган фуқароларга таълим олиш имконияти яратилгани ижобий ижтимоий ва иқтисодий натижалар берди.
Бироқ вақт ўтиши билан ушбу шаклда таълим олишнинг самарадорлиги, академик интизом, сифат назорати ва билимлар чуқурлиги билан боғлиқ муаммолар намоён бўлди. Аниқроғи, сиртқи таълим форматида таҳсил олаётганлар учун амалий машғулотларни ташкил этиш, мунтазам билимни баҳолаш ҳамда юқори таълим стандартларига риоя қилишда муайян қийинчиликлар юзага кела бошлади.
Айнан шу сабабларга кўра, 2025 йилдан бошлаб, юртимизда олий таълим сифатини янада ошириш, таълим жараёнида “устоз-шогирд” анъаналарини мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларга асосланган ўқитиш тизимини кучайтириш мақсадида сиртқи таълим шакли босқичма-босқич тугатилди.
Сиртқи таълимга қабул 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб тўхтатилган бўлса-да, ҳозир мазкур шаклда таҳсил олаётган талабалар учун барча ўқув жараёни белгиланган тартибда давом эттирилади. Улар танлаган йўналиши бўйича амалдаги давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ ўқишни якунига етказиш имкониятига эга.
Олий таълим муассасалари ушбу талабалар учун ўқув машғулотларини сифатли ташкил этиш, уларни зарур ахборот ресурслари ва амалий машғулотлар билан таъминлаш бўйича зиммасидаги масъулиятни тўлиқ бажариши лозим. Бу эса ҳар бир талаба учун таълим сифатини таъминлаш ҳамда мутахассис сифатида етарли билим ва кўникмаларга эга бўлиб, ОТМни битиришни кафолатлайди.
Сиртқи таълимни тамомлаган мутахассисни расмий ишга қабул қилишда муаммо пайдо бўлмайдими, деган ҳақли савол туғилиши ҳам мумкин. Аввало, сиртқи таълимда таҳсил олиб, белгиланган тартибда диплом олган шахслар қонунчиликка мувофиқ тўлиқ олий маълумотли мутахассис ҳисобланади. Уларга бериладиган диплом кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклидаги дипломлар билан тенг юридик кучга эга. Демак, уларни давлат ёки хусусий секторда расмий ишга қабул қилишда ҳеч қандай ҳуқуқий тўсиқ мавжуд эмас.
Меҳнат кодекси ва “Таълим тўғрисида”ги қонунга кўра, ишга қабул қилишда таълим шакли эмас, балки олий маълумот ҳақидаги расмий ҳужжат — диплом асос бўлади. Шунингдек, давлат ташкилотлари ва йирик корхоналарда кадрлар танлаб олинаётганда ҳам сиртқи таълимда ўқиган мутахассислар умумий мезонлар асосида баҳоланади.
Бошқа жиҳатдан, сиртқи таълимни тамомлаган мутахассисларнинг меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиши, асосан, уларнинг амaлий тажрибаси, соҳа бўйича билим даражаси ва доимий ўз устида ишлашига боғлиқ. Шунинг учун уларга билим ва кўникмасини мунтазам ошириб бориш тавсия этилади.
Бундан ташқари, сиртқи таълимда ўқиб, ишлаб юрган фуқароларнинг таълим олиш имконияти ҳам чекланмайди. Улар ўқишни тўлиқ тугаллайди. Қолаверса, келгусида кундузги таълимга муқобил шакллар, жумладан, масофавий, кечки ва мақбуллаштирилган кундузги (part-time) таълим шакллари босқичма-босқич ривожлантирилади. Уларга қабул кўрсаткичлари кенгайтириб борилади. Бу эса муайян иш ўрнига эга абитуриентлар учун ўқиш ва меҳнат фаолиятини бир вақтда олиб бориш имконини беради. Масофавий таълим замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилади. Талабалар бевосита таълим муассасасига келмай билим олади.
Шу билан бирга, кечки таълим шаклида ўқиш иш вақтидан кейинги соатларда ишловчи шахсларга қулай график асосида ташкил этилади. Ҳукумат томонидан бу борада ташкилий-ҳуқуқий механизмлар такомиллаштирилиб, ўқув дастурлари талабга мослаштирилиши ва таълим сифати таъминланиши бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда.
— Яна бир жиҳат мавжуд: ҳозир кундузги таълим шакли бўйича 1-босқичда ўқиётган талаба кейинги ўқув йилидан ўқишини сиртқига кўчирса бўладими? Юқори босқичда ўқиётганлар-чи?
— Талабаларнинг аризасига асосан, ўқишини сиртқи таълим шакли мавжуд гуруҳларга белгиланган тартибда кўчириш имконияти мавжуд. Бунда талабалардан белгиланган муддат ва тартибда ўқишини кўчириш бўйича рўйхатдан ўтиш талаб этилади.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи шаклига қабул тўлиқ тугатилиши барча йўналишга, жумладан, иккинчи мутахассисликка ҳам тааллуқли. Шу муносабат билан иккинчи мутахассислик бўйича ҳам сиртқи таълим шаклида янги қабул амалга оширилмайди. Ушбу йўналишда таълим олишни истовчилар учун кундузги, масофавий ёки кечки таълим шаклларининг мавжуд таълим йўналишлари тавсия этилади.
Бу ўринда асосий мақсад таълим сифатини ошириш, ўқитиш жараёнини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш ва меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган. Шунингдек, аввалги йилларда сиртқи таълим шаклида иккинчи мутахассисликка қабул қилинганлар таҳсилни белгиланган тартибда давом эттиради.
Мазкур фармонга мувофиқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан бирга илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мақбуллаштирилган кундузги таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тартиби бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқади.
Мақбуллаштирилган кундузги таълим шакли (part-time таълим) — талабаларга иш жойи билан боғлиқ фаолиятни давом эттирган ҳолда, кундузги таълим тизими асосида ўқиш имконини берадиган замонавий ва қулай таълим формати бўлиб, унда ўқув жараёни ва иш фаолияти мувозанатли тарзда юритилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилгач, ушбу таълим шаклини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилади.
Ҳозир мамлакатимиздаги 21 та давлат олий таълим муассасасида тегишли таълим йўналишлари бўйича масофавий таълим шакли самарали йўлга қўйилган. 2025/2026 ўқув йилида бошқа олий таълим ташкилотларида ҳам масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилади. Жумладан, масофавий таълим платформалари яратилиб, зарур контентлар билан тўлдирилади. Масофавий таълим шаклига ўқишга кириш умумий тартибда амалга оширилиб, абитуриентлардан қўшимча мажбурият талаб этилмайди.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА ёзиб олди.