Шу ўринда савол туғилади: ғоя қандай пайдо бўлади ёки ғоявий бўшлиқ таҳликасининг фожиаси нималарда кўринади?
Аслиятан ғоя – мақсад, интилиш ва ният ифодаси. У, шунингдек, кишиларнинг дунёқараши асосини ташкил этувчи фикр ва тасаввур шуури ҳамдир. Ғоя пайдо бўлиши инсоният яшаб қолиши билан узлуксиз боғлиқ ҳодиса сифатида рўй берган ибтидоий ҳодисадир.
Бу ўринда ақл ғояси пайдо бўлиш жараёни ҳам қизиқ. Инсоният илк бор ўз ақлини чорасизлик туфайли – табиатда яшаб қолиш учун ишлатган. Шундан буён ҳаёт ғояси буюк неъмат – ақл билан такомиллашиб келади. Аммо яна бир аччиқ ҳақиқат борки, бу ғоявий бўшлиқ туфайли инсонлар қудрати ожизлашганида кўзга ташланади. Яъни инсонларнинг ғоясиз яшаган ожиз даври билан бугунги ҳаётни таққосласак, тараққиёт кучи қанчалик қудратли эканига шубҳа қолмайди.
Биз яшаётган замонда ғоявий бўшлиқ ҳодисаси мамлакатлар, миллатлар ва эътиқодлар таназзулига тенг фожиадир. Шу маънода, ҳар қандай давлат ўз ғояларига содиқ бўлиши, қадриятий тутумларини асраб-авайлаши ва, энг муҳими, ўз қўрғонини миллий манфаатлар асосида ҳимоя қила олиши ҳаёт-мамот масаласига айланган.
Ҳозир бу фикрлар хаёлимиздан бежиз ўтаётгани йўқ. Гап шундаки, ғоя пайдо бўлиши учун ҳамма замонларда ҳам етакчилик ва ташаббускорлик руҳи зарур бўлган. Пировардида даҳолик қудрати бўй кўрсата бошлаган. Бугун янги Ўзбекистонда содир бўлаётган нуктадон сиёсий эврилишлар бизга ҳар куни янги бир сўз айтиш учун имкон беради.
Айниқса, миллий тараққиётимизнинг иккинчи тўлқини – 2023-2030 йилларда биз мақсад қилган қутлуғ режалар шукуҳи ва уларни амалга ошириш йўлидаги масъулият ҳисси ҳар биримизга жўшқин кайфият улашаётган бир паллада жамоат билан фикрлашиш завқи бошқача бўлади.
ҒОЛИБКОР ДИЛКАШЛИГИ
Дунё шиддат билан ўзгармоқда. Ўзгараётган дунё янгича тафаккурни тақозо этади. Янги Ўзбекистон ана шу катта интеллектуал салоҳият, ақлий имконият ва руҳий шижоат даврида ўз тараққиёти ва порлоқ истиқболининг янги йўналишларини кашф қилмоқда. Янгиланаётган дунёга бутунлай янгича назар билан қарамоқда.
Бундай қарашларга Президент Шавкат Мирзиёевнинг лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимда гувоҳ бўлдим. Узоқ йиллик тажрибам, қатор халқаро ва миллий нуфузли тантаналарга, маросимларга гувоҳ бўлган инсон сифатида айтишим мумкинки, ҳозирги цивилизация шароитида буткул янги, тасаввуримизга сиғмайдиган, янги одамлар жамияти ва бутунлай янгиланган Ўзбекистон давлати пайдо бўлди. Тадбир ғоятда юксак сиёсий, мафкуравий, маънавий эталон даражасида ўтди. Сиёсий жўшқинлик, олис истиқболга ишонч ва қатъият билан қараш, ўтаётган кунидан миннатдорлик туйғулари тадбир қатнашчиларида ҳам, бутун халқимизда ҳам яққол сезилди. Тантанаворлик билан ўзаро ишонч, улуғворлик билан шарқона сиёсий одоб, юксак сиёсий маданият, одамлар билан мулоқотнинг ўта самимий ва дилкашлиги менга катта қувонч бағишлади.
Президент Шавкат Мирзиёев, назаримда, худди ҳар бир одам билан ёнма-ён туриб, бир пиёла чой устида суҳбат қураётгандай бўлди. Маърузадаги сўзлар, жумлалар чин қалбидан чиқардики, бу тингловчида ҳам худди шундай самимий муносабатни уйғотарди.
Сиёсий етакчи қачон бу ҳолга эришади? Қачонки, халқ ишончи ва меҳрини қозона олса. Қачонки, бошлаган иши ва мақсадлари самарасини кўраётган, уни бутун бошли мамлакат аҳли қўллаб-қувватлаётган, дунё эътироф этаётган бўлса.
Изоҳли луғатимизда “ғолибкор” деган сўз бор. У “ғалаба қилувчи”, “ғалабага олиб борувчи” деган маъноларни англатади.
Мен ғолибкор Президент нутқ сўзлаётганида шулар ҳақида ўйладим. Иттифоқо, дилкаш бир сиёсий қувватланиш руҳидан илҳомланиб, хаёлимдан ўтаётганларни қоралай бошладим.
МАЪНАВИЙ ТАЛАБ
Биз юқорида ғоялар қудрати ҳақида айтган эдик. Бу фикрлар аслида Президентимизнинг инаугурация маросимида сўзлаган нутқидан кейин туғилганини ҳам очиқ айтишимиз керак.
Давлатимиз раҳбари “Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади”, дея таъкидлади. Содда, жўн, чин юракдан айтилаётган самимий ва халқона сўзлар.
Масаланинг иккинчи жиддий жиҳати бор. Бу ана шу ихчамгина, оддийгина қилиб айтилган гапларнинг мағзи билан боғлиқ. Дарҳақиқат, янги давр учун янги ғоя керак. Ғоя янгиланмаса, фикр ўзгармаса, янгича тафаккур тарзи шаклланмаса, ҳаётни ўзгартириб бўлмайди. Ўзгартириш учун эса ички рағбат, қалб даъвати, ташаббускорлик зарур. Ташаббус бор жойда натижа бўлади. Аниқ ва реал натижага эришгандагина ҳаёт ўзгараётганини, янги давр бошланганини тушуна бошлаймиз.
Ташаббускорлик мудроқ қалбни уйғотадиган, ҳар қандай танбаллик, бефарқлик ва лоқайдликка барҳам берадиган, инсоннинг бунёдкорлик ва яратувчилик имкониятларини кенгайтирадиган маънавий-руҳий қудрат. Биз ташаббускорлар жамиятини, бунёдкорлар мамлакатини, бутунлай янги ғоялар билан яшайдиган янги Ўзбекистонни қурмоғимиз шарт. Шавкат Мирзиёевнинг биргина гапида шунча маъно бор. У ҳар биримизни ҳушёрликка чақиради. Елкамизга миллат ва давлат тақдири, Ўзбекистон деган ўттиз олти миллионли азизу мўътабар аҳолининг истиқболи билан боғлиқ мажбуриятни юклайди.
Тантанали маросим иштирокчилари бутун тадбир давомида жуда катта қониқиш ва кўтаринки кайфият билан ўтирди. Нутқдаги ҳар бир сўз, ҳар бир гап қалбга яқинлиги туфайли одамларнинг юрагига тўғридан-тўғри кириб борди. “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори” деган шиор бугундан бошлаб ҳаётимиз қоидасига, ҳар қайси раҳбарнинг, барча халқ ноиблари, вазир ва ҳокимларнинг кундалик фаолият дастурига айланиши шарт”, дейилди нутқда. Дарҳақиқат, вақт – бебаҳо неъмат. Ҳаёт абадийлиги ва вақтнинг ўлчовлилиги бизни ҳушёрликка чақиради. Ҳар бир кун самарали фаолиятимизни имтиҳондан ўтказади. Ҳар бир кунимиз учун жавобгарлик ҳиссини, вақтдан фойдалана олиш заруратини талаб қилади. Ислоҳотлар шиддати, унинг кўлами ва натижаси айни ана шу вақт деган улкан маънавий талабнинг амалдаги кўринишидир.
Шавкат Мирзиёев сайловолди дастуридаёқ сиёсий концепциясини, улкан назарий-фундаментал қарашларини реал воқелик ва амалий фаолият билан боғлиқ ҳолда бундай ифодалаган эди: “Янги Ўзбекистон бу – аввало, инсон қадри улуғланган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилган мамлакатдир.
Янги Ўзбекистон, бу – соғлом, билимли ва маънавий баркамол инсонлар юртидир.
Янги Ўзбекистон, бу – глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим ва ажралмас бўғинига айланган, кучли иқтисодиётга эга бўлган давлатдир.
Янги Ўзбекистон, бу – инсон ва бизнес манфаатлари адолатли қонунлар асосида ҳимоя қилинадиган жамиятдир.
Янги Ўзбекистон, бу – мамлакат ичкарисида ёки хорижда бўладими, ватандошларимизни ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя қила оладиган, чегаралари ишончли қўриқланадиган, хавфсиз ва барқарор давлатдир”.
Бу ижтимоий давлатнинг назарий-фундаментал талабларига ҳам, амалий жиҳатдан жаҳон давлатчилиги андозаларига ҳам мос келадиган, ҳар қандай шароитда халқ манфаатлари, орзу-истаклари ва ҳаётий ақидаларини барқарор таъминлайдиган давлатнинг қарашларидир. Зотан, ижтимоий давлат халқ миллий қадриятлари, урф-одатлари, турмуш тарзини ҳимоя қиладиган ва шу орқали ялпи жамиятда ва ҳар бир инсонда кўнгил хотиржамлигини, қалб ва руҳ сокинлигини, осойишталигини таъминлайдиган соф инсоний давлатдир.
ҚАЛБ УЙҒОҚЛИГИ
Давлатимиз раҳбарининг янги Ўзбекистон тараққиётини жадаллаштириш мақсадлари асосида инсон, унинг тақдири, қадриятий жиҳатлари ва одам сифатидаги ҳаётий эҳтиёжлари туради. У ҳар бир одамнинг мавжудот сифатида тўлақонли яшаш ҳуқуқига эгалигига алоҳида эътибор беради ва “ҳар қайси инсоннинг қалбида бир қуёш бор, фақат унга нур сочиш имконини бериш керак”, дейди.
Дарҳақиқат, ҳар бир одам алоҳида олам, у бетакрор ва мўъжизакор. Ҳар бир инсоннинг интеллектуал салоҳияти, ақл-заковат қудрати, истеъдод ва қобилият имкониятлари борки, ана шуларни жонлантириш, фаол ҳаракатга келтириш, уларни эзгуликка хизмат қилдириш жамият ялпи тараққиётининг асосидир.
Қалб уйғониши инсонни қадриятга айлантирадиган, эзгу идеаллар, буюк мақсадлар билан яшаб, уни рўёбга чиқаришга даъват этадиган ҳодиса. Инсоннинг қалби уйғоқ бўлса, у фаол ва бунёдкор бўлади. Натижада ҳаёти фаровон, бекаму кўст, саодатли кечади. Президент назарда тутган “инсон қалбидаги қуёш” ана шу қалб уйғоқлигининг ўзгинаси.
Қалбдаги қуёш – бу меҳр, ҳарорат, ҳаётга муҳаббат, эзгулик ва мурувват. Қалб қуёши қанчалик алангаланса, ғайрат, шижоат, рағбат шунча кучаяди. Бу миллатнинг уйғониши, ўзини англаши билан боғлиқ. Янги Ўзбекистон ана шундай уйғониш фаслини, тафаккурдаги эврилишни, саодатга эришиш ҳодисасини бошдан кечирмоқда.
ДУНЁГА СЎЗ АЙТМОҚ СУРУРИ
Президентимизнинг стратегик мақсадлари туб моҳиятида миллат генофондини соғломлаштириш орзуси ётади. У Ўзбекистон халқини жисмоний соғлом ва кўркам, ақлий жиҳатдан юксак, интеллектуал имкониятлари юқори бўлган кучли, қудратли, ҳар қандай шароитда ўзини ҳимоя қила оладиган шахс сифатида кўришни хоҳлайди. Дарҳақиқат, буюк халқ даҳолик қудратини жонлантириш, рағбатлантириш ва ривожлантириш ижтимоий давлатнинг асосий вазифаларидан биридир.
Узоқ йиллик мустамлакачилик халқимиздаги ташаббускорлик ҳиссини, руҳиятини қориштириб, унинг онгига тобелик, мутелик, бефарқлик, лоқайдлик кайфиятини сингдириб юборган эди. Халқимиз ҳали-ҳамон бу бедаво иллатлардан тўла қутулганича йўқ. У сурункали ва юқумли касаллик сингари авлоддан авлодга, наслдан наслга ўтиб бормоқда. Бундай генетик инқироз геноцидга олиб борадиган ижтимоий касалликнинг олдини олишнинг ягона ва бирдан бир йўли инсонпарвар, ижтимоий адолат тамойиллари тўла кафолатланган маърифатли жамият қуришдир.
Ҳар қандай давлат келажагини, миллат истиқболини ёшлар белгилайди. Ёшларга муносабат ҳамиша долзарблигини йўқотмайдиган улкан ҳодиса. Шуни назарда тутиб, давлатимиз раҳбари “Ёшлик – ғанимат, вақт – ғанимат, фурсат борида отни қамчиланг! Давлатимиз, халқимиз яратиб бераётган имкониятларнинг қадрига етинг! Дунёга ўз сўзингизни айтинг!” дейди. Бу – юрт отасининг фарзандларига оташин мурожаати. Бу – давлат раҳбарининг халқ истиқболи билан боғлиқ қатъий талаб ва меҳр, юксак орзу ва ишонч муштарак чақириғи. Дарҳақиқат, ёшлик фурсати шиддаткор, ёшлик – инсон умрининг баҳори. Умрнинг энг жўшқин, қайноқ, шижоатли, ташаббускор даври бу. Юксак орзулар, романтик хаёлот Ватан ва миллат тақдири билан уйғунлашиб кетганда, у жуда катта қудратга айланади. Президент ёшлардан худди ана шуни кутяпти.
ЎЗГАРИШ ФОРМУЛАСИ ВА ХАЛҚОНА ФЕНОМЕН
Президентимиз маърузасида янгича тафаккур ва янги ғоялар ҳақида кўп гапирди. Уни давр тақозоси, замон талаби даражасига кўтарди. “Ўзини ўзгартира олган халқ, ҳеч шубҳасиз, ҳаётни ҳам, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади, ўз мурод-мақсадларига албатта етади. Мана шундай улуғ эътиқод билан яшаётган халққа раҳбар бўлиб, уни ёруғ манзиллар сари бошлаш мен учун улкан бахт, улкан шарафдир”, деди. Президент шу гапи билан ҳам давлат раҳбари, ҳам оддий фуқаро сифатида ўз тақдирини халқ тақдири билан боғлаб қўйди. Ана шу ҳолатнинг ўзида давлат билан жамият, Президент билан фуқаро ўртасидаги тўсиқни олиб ташлади. Ҳамма бир-бири учун жавобгар, ҳамма бир-бири учун масъул, деган ғояни илгари сурди.
Сўз – қутлуғ ҳодиса. Қайси сўз пайдо бўлибдики, унинг омили бор. Умуман, ҳар бир сўз бошқа бир сўз таъсирида пайдо бўлади. Айтмоқчи бўлганимиз ўзгариш формуласи ҳақида. “Ўзини ўзгартира олган халқ” замирида буюк юксалишлар мужассам эканини бугун англаб етиш мушкул эмас.
Бир қарашда ҳаммаси оддийдек туюлади: ислоҳотлар бошланди, халқ иродаси ва хоҳиш-истаклари рўёби учун кенг йўл очилди, одамлар ҳаёти ўзгарди, натижада режалар, мақсадлар ва орзулар улғайди. Аммо бу шунчаки бўлиб қолмади ёки четдан келиб биров қилиб бермади. Бу давлат раҳбарининг ниҳоятда машаққатли йўлдаги тинимсиз меҳнатлари, тўхтовсиз ўйловлари ва, албатта, улуғ эътиқод билан яшаётган халққа хизмат қилишни улкан шарафга айлантира олган етакчилик хислати самарасидир.
Энди ўйлаб кўрсак, ўзгариш формуласи ана шу хислатлар билан бошланиб, аниқ стратегик мақсадларга кўра такомилига етган экан. Яъни фидойилик, ташаббускорлик, виждон ва қалб уйғоқлиги, халқпарварлик, мақсадга эришиш йўлида ортга қайтмаслик. Буларнинг бари ҳаётимиз фаровон ва обод бўлишини таъминлаб берганига халқимиз кейинги йилларда ишонди.
Тантанали маросимда яна бир хулосага келдим: Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари ва сиёсий етакчи сифатидаги халқона феномени ҳар бир фуқаро қалбига кириб боришнинг энг тўғри ва самарали ечимидир. Президент чин маънода халқ вакили. Халқ номидан гапирадиган, халқ дарду ташвишларига шерик бўладиган, унинг қувончидан шодланадиган серқирра ва улкан қалб эгаси. Агар давлат раҳбарида қалб ишга тушмас экан, халқ ишончига сазовор бўла олмайди. Буни мен ушбу анжуманда ўтириб яна бир бор кашф этдим.
Яна бир жиҳатдан қалбим ғурурга тўлди. Шавкат Мирзиёев ҳар лаҳзада халқ манфаати, давлат шаъни, унинг халқаро обрў-эътибори учун ҳамма нарсага тайёр сиёсий етакчи. Давлат раҳбарининг Президент сифатида шахсий ҳаёти йўқ. Умрини элига, юртига, унинг равнақига бутунлай бағишлаган фидойи зот. Дарҳақиқат, Президент конституциявий мақомига кўра, бутун моҳияти билан давлат ва салтанат рамзи. У давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини жаҳон ҳамжамиятида намоён қиладиган, умумпланетар масалаларни ҳал қилишда халқ номидан иштирок этадиган, ўз халқи манфаатларини халқаро минбарларда ҳимоя қиладиган қудратли ва мўътабар лавозим.
Дарҳақиқат, давлатнинг бутун маҳобати, ўтмишию истиқболи яхлитлигича, бутун салобати билан Президент қиёфасида намоён бўлади. Ҳар бир фуқаро ўз давлатининг герби, байроғи, мадҳияси билан қанчалик фахрланса, Президенти билан ҳам шунчалик ғурурланади. Ўзининг бутун борлиғини Президент тимсолида кўради. Ана шунда унинг давлат ва жамият тақдирига дахлдорлик туйғуси, фуқаролик мажбурияти, масъулияти намоён бўлади.
Давлат рамзлари тегишли давлат фуқароларининг орзу-ўйларини, мақсадларини, истаклари ва манфаатларини ўзида қанчалик мужассам этган бўлса, Президент ҳам худди ана шу қадриятларни ўзида ифодалайди ва миллат қиёфасига айланади.
Президент — миллат рамзи. У халқ иродасини, буюк мақсад ва интилишларини ўзида ифода этади. Президентнинг исми-шарифи бир шахс мақомидан чиқиб кетиб, миллат, давлат мақомини олган, уни ўзида ифода этган қадрият. Демак, ҳар бир фуқаро Президент тимсолида ўзини кўради. Ана шу нуқтаи назардан, ҳар бир фуқаро “Президент — менинг шаъним. Президент — менинг мавжудлигим, борлиғим ва қадру қимматим”, деган хулосага келади. У ўз келажагини, бахтли-саодатли истиқболини, тинч ва фаровон ҳаётини Президент тимсолида кўради. Аслида ҳам шундай. Миллатнинг сиёсий, ғоявий ва маънавий қиёфаси Президент фаолияти ва номи билан уйғунлашиб кетган бўлади.
Яна бир гап. Биз юқорида ақл ғояси ҳақида айтган эдик. Бунинг асл моҳияти ва улуғворлигини янги Ўзбекистон шароитида кўриб турибмиз. Бунда ақл ғояси инсонларни бир мақсад йўлида бирлаштириб, ўзгараётган дунёда хавфсизлик ва дахлсизликни таъминлаш, Аллоҳ инъом этган ҳаётда ҳар бир инсон учун муносиб яшаш шароитини яратиш, келажак авлодларимиз учун ҳам ҳар томонлама муносиб замин қолдиришга хизмат қилаётганига барчамиз гувоҳмиз.
Янгиланаётган Ўзбекистонда янгича тафаккур, замонавий цивилизация талаблари асосида янгиланаётган мақсадлар муштараклиги сайловлар самарасини белгилайди. Биз эса ана шундай улкан, шарафли ва ғоят масъулиятли синов олдида турибмиз. Эзгу мақсадларимиз, покиза ниятларимиз ана шу синовларни ғоят натижадор, ғоят фараҳли бўлишига асос бўлажак.
Оқил САЛИМОВ,
академик.