Агентликнинг маълум қилишича, соғлиқни сақлаш тизимида коррупция иллатига чек қўйиш мақсадида бошланган ҳуқуқий эксперимент ўз меваларини бера бошлади.
Таҳлилларга кўра, соҳада жиноятчилик суръати пасайган. Агар 2024 йилда коррупция билан боғлиқ 527 та жиноят қайд этилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 498 тани ташкил этиб, 5,6 фоизга камайди.
Эътиборлиси, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марказий Осиёда биринчи бўлиб «ISO 37001:2025» халқаро антикоррупция сертификатини қўлга киритди. Бу тиббиёт тизимининг халқаро стандартлар асосида «соғломлашаётгани»дан далолат беради.
Назорат тадбирлари давомида манфаатлар тўқнашувига оид 1 280 та хавфли ҳолат фош этилди. Натижада ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараган ва қонунбузарликка йўл қўйган 227 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 485 нафари эса ротация қилинди. Шунингдек, қарийб 10 минг нафар раҳбар ходимнинг даромадлари ва манфаатлари декларация қилиниши қатъий назоратга олинди.
Иқтисодий самадорлик ҳам салмоқли бўлди. Давлат харидлари ва тиббий жиҳозлар нархларини қайта кўриб чиқиш орқали бюджетнинг 247 миллиард сўм маблағи тежаб қолинди. Бундан ташқари, 10 миллиард сўмлик ортиқча режалаштиришларнинг олди олинди. Текширувлар давомида аниқланган 5,5 миллиард сўмлик зарар бўйича жиноят ишлари қўзғатилди ва ноқонуний тўланган маблағлар давлат хазинасига қайтарилмоқда.
Коррупцияга шароит яратиб берган 100 дан ортиқ мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 15 нафари эса лавозимидан четлатилди.
«E-Anticor.uz» платформаси орқали амалга оширилаётган рақамли назорат тизими инсон омилини камайтириб, яширин схемаларни барвақт аниқлаш имконини бермоқда. Айни пайтда хавф даражаси юқори бўлган лавозимлар рўйхати икки баробарга кенгайтирилиб, тизимни коррупциядан бутунлай фориғ этиш бўйича изчил ишлар давом эттирилмоқда.