Дастлаб “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунга эътибор қаратилди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва кодексларига жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари, шунингдек тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликка тортиш асослари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти.
Хусусан, Жиноят кодексида сохта тўловга қобилиятсизлик, қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик асослари кучайтириляпти. Мажлисда мазкур нормаларнинг амалиётга жорий этилиши ҳозирда сохта тўлов қобилиятсизлиги билан боғлиқ мавжуд қатор муаммоларга аниқ ҳуқуқий баҳо беришга замин яратиши айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, сенаторлар «2024-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунни ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилдилар. Қонунга билан 2024-йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2025-2026-йиллар учун бюджет мўлжаллари, уларни тайёрлашда асос бўлиб хизмат қилган 2024-йил учун Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва 2025-2026-йиллар учун мақсадли мўлжаллар тасдиқланяпти.
Мажлисда ижтимоий соҳага ажратилаётган бюджет маблағлари, хусусан, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари учун ажратилаётган маблағлар сарфланиши юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар қилинганлиги бўйича масъул вазирлик ва идоралар вакилларининг маърузалари тингланди. Уларнинг сўзларига кўра 2024-йил учун ажратилаётган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан аниқ режалар тайёрланган бўлиб, жараён мунтазам равишда мониторинг қилиб борилади, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Қўмита мажлисида яна бир нечта қонунлар қизғин муҳокама этилди ва Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.