Шу ўринда мен давлатимиз раҳбарининг бир фикрига, яъни бугун тадбиркорлар тўғри ишлаш “сояда ишлаш”дан афзал эканини тушуниб етмоқда, деган гапига эътибор қаратмоқчиман.

Тўғри-да, яширинча, турли ҳадик ёки қўрқув билан ишлаган қайда-ю, очиқ, эркин фаолият юритиш қайда. Кейинги йилларда соҳа ривожига қаратилаётган эътибор туфайли бугун тадбиркорларимиз бемалол ишлаяпти. Янги лойиҳаларни ўртага ташлаяпти. Янги иш ўринлари яратяпти. Оддий қилиб айтганда, замонавий тадбиркорга айланмоқда. 

Тадбиркорликни 2016 йил хонадонимда парранда боқишдан  бошлаган эдим. Орадан бир йил ўтмай фермер хўжалиги ташкил қилдим. Ўз хонадонимда қизиқиш билан бошлаган ишим катта бизнесга айланиб кетади, деб ўйламаган эдим. Аввалига 500 та тувалоқ боқиш билан иш бошлаган бўлсак, бугун бу сон 400 мингтага етди.

Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар натижасида кооперация асосида маҳсулот етказиб бериш қулай усулга айланмоқда. Қисқа вақтда аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи кучга айланган мазкур тизим иқтисодиёт тармоқлари истиқболида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Фермер хўжалигимизда 142 ишчи фаолият юритади. 122 та хонадонга кооперация усулида жўжа  ва унинг озуқасини етказиб берамиз. Иш бошлашга чўчиган эдим, хавотирим ўринсиз чиқди. Дастлаб парранда боқишга қизиқиш билдирганларга жўжа тарқатдик. Озуқа маҳсулотларини ҳам етказиб бердик. Хонадонма-хонадон юриб, парваришини тушунтирдик. Бир ой боқилган ҳар бир жўжадан 3 килограммгача парҳезбоп гўшт олиш мумкин, 4 ойда тухумга киради. Яъни қисқа вақт қаровдан сўнг аҳолидан гўшт ва тухум сотиб оламиз. Кооперацион усулда ташкил этилган тадбиркорлик фаолиятининг ҳар бир аъзоси тенглик асосида кооператив мулкни яратади. Кўпчилик миннатдор. Чунки сармоясиз бизнес бошлаб, қисқа вақтда маҳсулот сотишни йўлга қўйиш манфаатли, албатта.

Юқорида фаолиятимиз кенгайганини бежиз таъкидламадим. Ҳозир фермер хўжалигимизда замонавий инкубатор, омихта ем ишлаб чиқариш заводи ҳамда 1000 тоннали совуткичли тизим ташкил қилинди. Агар тадбиркор имкониятлардан ўринли фойдаланиб, ўз салоҳиятини ишга солса, ҳар қайси йўналишда катта натижаларга эришиш мумкин. Товуқ гўшти етиштириш билан бирга балиқчилик билан ҳам шуғулланаман. Тадбиркорлик шундай соҳаки, агар сиз фаоллик кўрсатсангиз, янги йўналишлар билан шуғулланиб, даромадингизни ошираверасиз. Очиғи, бу борада яратилган имкониятлар мени доим олға интилишга ундайди.

Тадбиркорлар билан навбатдаги мулоқот олдидан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бундай эътибор менга янада куч бағишлаб, янги марралар сари ундайди. Анъанага айланган очиқ мулоқот ечимини кутаётган қатор муаммоларга барҳам бериш билан бирга, соҳа ривожи йўлидаги тўсиқлар, бу борада тадбиркорлар таклифларини таҳлил қилиш, шу орқали тадбиркорлик фаолияти ривожига кенг йўл очишда қўл келмоқда. Айни шу жиҳатлари билан ҳам ушбу мулоқот барча ишбилармон доира вакиллари учун олтин минбарга айланди.

Чунки бу каби учрашувларда барча масалалар очиқ-ойдин ўртага ташланиб, ечими топилади. Махсус штаб ташкил этилиб, мурожаатларни қабул ва таҳлил қиладиган, ўз навбатида, тегишли вазирлик ва идорага йўналтирадиган тизим жорий қилингани тадбиркорларни иқтисодиётнинг ҳақиқий таянчига айлантирмоқда.

Тадбиркорлар билан мулоқотда биз учун муҳим яна бир таклиф айтилди. Кичик тадбиркорлар оёққа туриб олиши ва фаолиятини кенгайтириши учун соҳа вакилларини ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит экотизим яратилиши таъкидланди. Бундай янги ёндашувлар тадбиркорлар учун янги имконият эшигини очади. Бизнесни ривожлантириш банки ва унинг ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес маркази ташкил этилиши барча ишбилармонлар учун ажойиб хушхабар бўлди.

Гулмурод УМАРОВ,

 Жондор туманидаги “Аржуманбону”

фермер хўжалиги раҳбари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби