Унда сенаторлар, депутатлар, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Журналистлар уюшмаси масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ф.Боқиев, Журналистлар уюшмаси раиси О.Ўсаров ва бошқалар сўнги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳани ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.

Соҳада таъсирчан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши ҳамда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида оммавий ахборот воситалари сони кескин ўсди. Ҳозирги кунда республикамизда 2082 та оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатяпти. Жумладан, 629 та газета, 587 та журнал, 19 та ахборотнома-бюллетен, 78 та телеканал, 37 та радиоканал, 5 та ахборот агентлиги, 727 та интернет нашр мамлакатимизда ва дунёда рўй бераётган янгиликларни кенг жамоатчиликка тезкор, холис етказаётир. Айниқса, хусусий медиалар ва блоглар ҳаётимиздан кенг ўрин эгаллаб бораётгани натижасида ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган камчилик ва муаммолар матбуот саҳифаларида ва ижтимоий тармоқларда дадил кўтариб чиқилиб ўз вақтида ҳал этилмоқда.

Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш борасида изчил иш олиб бориляпти. Бунинг натижасида 35 та ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни давлат органлари расмий веб сайтлари ва очиқ маълумотлар порталида очиқлаб бориш жорий қилинди.

Бу чора-тадбирлар юртимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириши баробарида, халқаро рейтинг ва кўрсаткичларда ҳам мамлакатимиз нуфузини мустаҳкамламоқда. Хусусан, “Чегарасиз репортёрлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини 24 позицияга яхшилаб, 133-ўринга кўтарилди.

Тадбирда бу йўналишдаги ислоҳотларда собитқадамлик, бардавомлик муҳим экани алоҳида қайд этилди ва соҳани янада ривожлантириш учун бир қатор вазифаларни ҳал этиш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, медиа соҳасини янада ривожлантириш учун оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг иш фаолиятида учраётган турли тўсиқларни бартараф этиш лозим. Шу мақсадда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки аралашганлик учун жавобгарлик масаласи Конституциявий қонун лойиҳасига киритилаётганига тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, давра суҳбатида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик бўйича амалга ошираётган ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган очиқлик индекси жорий этилгани қайд этилди. Бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва кўрилаётган чоралар ижроси бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари ҳисоботлари ҳар ярим йилда Олий Мажлис Сенати мажлисларида эшитилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, қонунчиликдаги муҳим ўзгаришлардан бири сифатида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик белгилангани ҳам муҳокама қилинди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Баҳор ХИДИРОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири