Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг болалар эндокринологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Шаҳноза Азимова болаларда қандли диабет 1-тур муолажасига оид фикрларини айни шу мавзудаги тавсиялар билан бошлади.
— Спорт қандли диабетга чалинган болалар ҳаётининг ҳам ажралмас қисми бўлиши зурур, — дейди мутахассис. — Чунки жисмоний фаоллик организмда қанд ўзлаштирилишини яхшилайди.
Спорт тури шифокор тавсиясига кўра, бола ёши, касаллик даражасини инобатга олган ҳолда белгиланади. Кўпинча енгил атлетика, гимнастика, сузиш тавсия этилади.
Замонавий тиббиётда қандли диабетнинг 1-тур даво чораси сифатида инсулин помпа терапияси ўтказиш яхши самара бермоқда. Бу юқори технологик даволаш ҳисобланиб, ҳаёт сифатини яхшилашга, қандли диабет назоратини енгиллашишига ва асоратларнинг юзага келмаслигига ёрдам беради.
Махсус киритилган дастурлар асосида ушбу технология инсулин миқдорини керакли дозада ва ўз вақтида танага юборади. Натижада, гликемик назорат мўътадиллашади. Албатта, ушбу даволаш усуллари асосида ўз-ўзини назорат қилиш ва тўғри овқатланиш талаб этилади.
Шунингдек, фарзандига касаллик ташхиси қўйилган ота-оналарга кунига 5-6 марта қонда гликемик назорат ўтказиш, қанд миқдорини меъёрий кўрсаткичларда ушлаб туришни тавсия этилади.
Энг муҳими, қандли диабет енгил ўтиши учун болани фақат чиниқтириш лозим. Соғлом турмуш тарзи, турли хил жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш, компьютердан меъёрида фойдаланиш, шу билан бирга, эмлаш жараёнларини ўз вақтида олишга ҳаракат қилиш зарур.
Мутхассис фикрини Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати баён қилди.