Шунинг учун юртимизда оналик ва болаликнинг ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳаёт тарзи ва моддий аҳволини яхшилаш, жамият ҳаётининг барча жабҳасида иштирок этиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди. Ёшларни оила қуришдан олдин мажбурий тиббий-кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган.
Аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва доимий назоратга олиш, бепул витаминлар билан таъминлаш, юртимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётганларни сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида жойларда оилавий поликлиникалар барпо этиш ва уларни замонавий тиббий ускуналар ҳамда малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Она ва бола скрининг марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Перинатал марказлар ташкил этилди. Туғуруқ комплексларида қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча даражасини уйғун ҳолда ривожлантириш, тизимни замонавий талабларга мослаш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Жумладан, юртимизда аёллар ва болаларга шошилинч ва ихтисослашган тиббий ёрдамни ривожлантириш асосида замонавий скрининг дастурлари жорий этилмоқда. “Она ва бола” ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт мажмуалари ва маълумотлар тизимларини шакллантириш асосида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизими такомиллаштирилди.
Ҳаётимиз қувончи, авлодимиз давомчиси
Юртимизда аҳолининг 60 фоизга яқинини ёшлар ташкил этади. Шу маънода, навқирон авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук улғайишига алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу ҳақда гап кетганда, болалар саломатлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар қилинаётганини таъкидлаш ўринли. Жумладан, 2022 йил 1 майдан бошлаб барча кўп тармоқли марказий поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилди. 17 мингдан зиёд тиббиёт бригадаларига яна қўшимча 8,5 мингта болалар ҳамшираси ва доя (акушер) штатлари берилди. Улар оналарга болаларнинг соғлом бўлиб дунёга келишидан тортиб, вояга етгунига қадар тўғри парвариш қилишни ўргатмоқда.
Донишманд халқимизда бир нақл бор: касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал. Ана шу мантиқ асосида болалар учун профилактик кўриклар дастури қайта кўриб чиқилиб, 18 ёшгача бўлган болаларни педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби энг зарур мутахассислар томонидан манзилли кўрикдан ўтказиш тизими жорий қилинди. Бу эса, касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида уларни даволаш чораларини кўриш имконини бермоқда.
2021 йилдан бошлаб болалар учун овқатни бойитадиган қўшимчалар, витамин А ва гижжага қарши антигельминт препаратларни бепул бериш йўлга қўйилганди. Ушбу ишлар давом эттирилиб, 2022 йил 1 июлдан бошлаб 3–15 ёшли болаларга йод препаратлари давлат томонидан бепул тарқатилиши жорий қилинди. Бу орқали келгуси беш йилда болаларда буқоқ, камқонлик касалликларини 30 фоиз камайтириш, уларнинг ақлий ва жисмоний соғлом ривожланиши учун асос яратилади.
Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Ҳар бир соҳага юқори технологиялар, инновацион услублар кириб келмоқда. Жумладан, тиббиёт соҳасига ҳам. Ана шу талабдан келиб чиқиб, болаларга бирламчи бўғинда кўрсатилаётган тиббий хизматларни юқори технологик амалиётлар билан боғлашга эътибор қаратиляпти. Бу борада Республика ихтисослаштирилган педиатрия марказида генетик лаборатория ҳамда унинг 13 та ҳудудий бўлимлари ташкил этилиши белгиланган. Ушбу лаборатория болалар орасида ногиронликка олиб келувчи, жумладан, кам учрайдиган (орфан) касалликларни эрта аниқлаш бўйича генетик текширувлар ўтказадиган замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланади.
Соғлиқ — ўзимизга боғлиқ
Мамлакатимизда ёшлар ўртасида спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга катта куч, маблағ сафарбар этилган. Ўтган йилларда болалар спортини ривожлантириш, уларни оммавий спортга жалб қилиш борасида улкан ишлар бажарилди. Жумладан, Беш ташаббус олимпиадасининг ташкил этилиши ва мунтазам ўтказилаётгани, энг чекка ҳудудларда ҳам муҳташам спорт мажмуаларининг бунёд этилгани ва ушбу масканларда спорт машғулотларини ўтаган ёшларнинг дунё ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтараётгани соғлом авлодни тарбиялашдек улуғвор мақсадимизни ифода этади.
Бир пайтлар қишлоқ жойларида қизларнинг бадиий гимнастика билан шуғулланишини тасаввур қилиб бўлмас эди. Бугун спортнинг бу тури бўйича федерация ташкил этилган. Барча ҳудудларда шароитлар яратилаётгани сабаб бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланадиган қизлар сони мунтазам ошмоқда.
Беш муҳим ташаббус ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида олис ҳудудларда ҳам янгидан-янги спорт объектлари ишга туширилиб, ёшлар спортга фаол жалб этилмоқда. Бугун юртимизда 2 миллион нафардан зиёд бола 30 дан зиёд спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш ёшларнинг жисмоний ривожланиши, саломатлигининг мустаҳкамланишига замин яратмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган даврда болалар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар, пневмония (зотилжам), бронхит, сколиоз умуртқа поғонаси қийшайиши каби хасталикларга чалиниш ҳолатлари камайганини кузатиш мумкин.
Спорт, аввало, саломатлик дегани
Жисмоний фаолият барча ёшдаги болалар учун муҳим аҳамиятга эга. Спортга ошно болаларда иммун тизими, юрак ҳажми, ўпканинг тириклик сиғими ва бошқа бир қатор кўрсаткичлар юқори даражада бўлади. Саломатлик учун жисмоний ҳолатни мунтазам сақлаш муҳимлиги исботланган. Бу ортиқча вазнни камайтириш, юрак-қон томир ва метаболик касалликларнинг ривожланиш хавфига қарши қулай тузилмани яратиш, шунингдек, суяк тўқимасини мустаҳкамлаш ҳамда депрессия белгиларини камайтиришга ёрдам беради.
Спорт билан шуғулланадиган болалар ва ўсмирларда чиниқиш, чаққонлик, эпчиллик хислатлари ошиш билан бирга, улар организмининг биологик хусусиятлари ҳам жиддий равишда ўзгариб боради. Бу ҳолат уларда нафақат организмнинг, балки руҳий-психологик ҳолатнинг ҳам ривожланишига олиб келади. Айниқса, сузиш ва бадиий гимнастика каби кенг оммалашган спорт турлари шуғулланувчилар саломатлигига ниҳоятда ижобий таъсир қилади.
Ўртача кўрсаткичларга кўра, спорт билан шуғулланадиган қизлар (айниқса, гимнастикачилар) ва ўғил болалар учун ўртача вазн-бўй индекси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мосдир. Сузиш ва бадиий гимнастика билан шуғулланиш жинсидан қатъи назар, барча ёшдаги болаларнинг соғлом улғайишига ёрдам беради. Иккала спорт тури ҳам, айниқса, қизларнинг ривожланишига фойдали таъсир кўрсатади, аммо энг уйғун ривожланиш бадиий гимнастика билан шуғулланадиган қизларда намоён бўлади. Бу ҳолат сузиш билан шуғулланадиган ўғил болаларда ҳам кузатилади. Шу боис, бугун фарзандларимизни эрта ёшданоқ спорт ва жисмоний фаол турмуш тарзига жалб этишимиз мақсадга мувофиқ.
Болалар ва ўсмирларни спорт турларига жалб этишнинг бошланғич босқичида жисмоний тарбия—соғломлаштириш ва тарбиявий ишлар олиб борилади. Бунда асосий эътибор жисмоний тайёргарликка ва танланган спорт турининг техникаси асосларини ўзлаштириш, жисмоний хусусиятларга қаратилади. Шу билан бирга, болалар ва ўсмирлар организмининг асаб тизими, индивидуал қобилияти, мойиллиги, спорт турини танлаш, тайёргарлик босқичига ўтиш каби назорат стандартларининг бажарилиши ҳисобга олинади.
Ушбу босқичда ўқувчилар умумий жисмоний ва махсус тайёргарлик бўйича назорат ва кўчириш стандартларини бажаради. 12-14 ёшли ўқувчилар камида 1 йил давомида зарурий тайёргарликдан ўтади ва умумий жисмоний ҳамда махсус тайёргарлик бўйича қабул меъёрларини бажарган соғлом ўқувчилардан танлов асосида гуруҳлар шакллантирилади. 15-16 ёшли спортчилардан ташкил топган гуруҳда ўқув босқичидан ўтган ҳамда спорт маҳорати даражасига қўйиладиган талабларни бажарган ўсмирлар шуғулланади.
Сузиш ва бадиий гимнастика болаларнинг ўсиши ва ривожланишини уйғунлаштиришга ёрдам беради. Бунда барча ёш гуруҳларидаги қизлар ва ўғил болаларда қўлларнинг мушаклар кучи ва чидамлилиги кўрсаткичлари сезиларли даражада юқори бўлади. Кўпроқ даражада бу кўрсаткичлар интенсив спорт машғулотларида ифодаланади. Жисмоний ва руҳий-ҳиссий ривожланишнинг қониқарли кўрсаткичлари бевосита бола ёки ўсмирнинг спорт билан шуғулланишига боғлиқ. Ўғил болалар учун сузиш, қизлар учун эса бадиий гимнастика бу ёшда зарур жисмоний фаолиятни таъминлайди. Шу билан саломатликни, фаолликни, кайфиятни яхшилайди. Демак, спорт халқимизнинг азалий орзуси — баркамол авлодни камолга етказиш, улар тимсолида Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишда муҳим ўрин тутади.
Фотима РАҲМАТОВА,
Тошкент тиббиёт академияси ўқитувчиси,
тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори