Давлатимиз раҳбари бошчилигида 2020 йил 1 июнда миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган йиғилишда кадрлар масаласига алоҳида тўхталиб, статистика тизимининг барча мутахассис кадрларини ўқитиш, малакасини ошириш юзасидан топшириқлар берилган эди.

Шундан келиб чиқиб, Давлат статистика қўмитаси томонидан белгиланган аниқ режа асосида, қўмита марказий аппарати ва ҳудудий статистика идоралари ходимларини тизимли ўқитиш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Ушбу график асосида тизим ходимларининг малакасини ошириш ҳамда соҳага доир билим ва салоҳиятини янада такомиллаштиришга қаратилган онлайн семинарлар ташкил этиб келиняпти.

24 июнда Давлат статистика қўмитаси Статистик регистрларни юритиш ва тизимли хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан ташкил этилган видеоконференция ҳам айнан ҳудудий бошқармалар ходимлар малакасини оширишга қаратилган.

Видеоконференцияда Давлат статистика қўмитаси ходимлари ва ҳудудий статистика бошқармалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда статистик регистрларни юритиш ва тизимли хизмат кўрсатиш, корхона ва ташкилотлар статистикасини ўтказиш усуллари бўйича қўмита мутахассислари ҳудудий статистика бошқармалари ходимларининг билим ва салоҳиятини ўрганди.

Тадбирда қўмитанинг Статистик регистрларни юритиш ва тизимли хизмат кўрсатиш бошқармаси ва ҳудудий статистика бошқармалари ходимлари соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни муҳокама ва таҳлил қилган ҳолда тизимни ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳаза алмашди.

Ҳудудий статистика бошқармалари ходимларига қўмита мутахассислари томонидан амалий аҳамиятга эга бўлган таклиф ва тавсиялар берилди, деб хабар беради Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати.