Бир қарашда баландпарвоздай эшитиладиган ушбу фикр замирида инкор этиб бўлмас ҳаётий ҳақиқат бор. Отамаконга муҳаббат замирида барча эзгуликлар мужассам. Юртини яхши кўрган киши ҳеч қачон шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўймайди. Нафс измига юрмаган киши қалб хотиржамлигига эришади. Буни Ҳазрат Навоийнинг:
Нафъинг агар халққа бешакдурур
Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур,
деган ҳикмати билан ифодалаш мумкин.
Президентимизнинг шу йил 25 май куни мамлакатимиз мактабларини
битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригини ўқий туриб, хаёлимдан шу фикрлар
ўтиб, кўз олдимга катта ҳаёт сари ошиқаётган навқирон авлод келди. Айни пайтда
ундан бир муддат олдинги яна бир муҳим воқеа — Миллий китобхонлик ҳаракатига
старт берилганини эсладим. Ҳа, Учинчи Уйғониш даврига пойдевор қўйиш иштиёқида
яшаётган халқимиз учун Миллий китобхонлик ҳаракати мустақилликнинг 35 йиллик
тўйи арафасида тортиқ этилган энг яхши совға бўлди. Буларнинг барчасида
қандайдир умумий кайфият, муштарак жиҳат бор, назаримда.
Жорий йил мактабларни 472 минг ўғил-қиз битириб, катта ҳаётга йўлланма
олди. Бу 472 минг орзу, ана шунча ишонч ва таянч дегани! Салкам қирқ миллион
нуфусли халқнинг ишончи, боболар макон тутган табаррук Ватан таянчи!
Уларни таянч дейишга тўла асосимиз бор. Масалан, бу йил биринчи марта
11 мингдан зиёд ўғил-қиз мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тамомлади. Ҳали
мактабни тугатмай туриб, юртимиз ва чет элдаги нуфузли олийгоҳларга қабул
қилинган ёшлар ҳам талайгина. Улардан 171 нафари дунёнинг етакчи
университетларига қабул қилинди. Мана шундай катта ютуқларга эришаётган ёшлар
Ватанга хизмат қиладиган, унинг шаънини кўтарадиган авлод бўлади-да!
Уларга қараб, шоир дўстимиз Зоҳиджон Оловнинг қуйидаги мисралари ёдга
тушади:
Томиримда оқар даҳолар қони,
Ким билмас Хоразмий, ибн Синони!
Тоғлардан баланддир шавкату шони
Шу буюк миллатнинг умидиман мен!
Янги Ўзбекистон ёшлари мазкур мисраларни шиордек жўровоз бўлиб
такрорлаётгандай, назаримда. Ахир улар яна бир Уйғониш даврининг мустаҳкам
пойдевори, элимиз умиди бўлиб улғаймоқда.
Албатта, ютуқлар замирида ислоҳотлар турибди. Мактабдаги дарсликлар
таъминоти яхшиланиб, ўқитувчиларга имтиёз ва имкониятлар берилди. Олий
таълимдаги қабул жараёнидан бошлаб илмий даражагача бўлган барча босқичда қулай
муҳит яратилди. Булар жамиятда илм олишга рағбатни кучайтирди. Ҳа, кучли
жамиятлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уни кучли шахслар яратади.
Масалан, Амир Темур бобомиз дунёнинг тўрт бурчидан ўз касбининг,
ишининг устаси бўлган шахсларни Самарқандга олиб келди. Илм-фан, маданиятга
катта эътибор қаратди. Натижада ана шу имкониятлар қаноти остида Иккинчи
Уйғониш даврига асос солган авлод улғайди.
Янги Ўзбекистонда ҳам хорижнинг энг илғор олий таълим муассасалари
билан ҳамкорлик ўрнатилиб, юртимизда уларнинг филиали очилмоқда. Чет элдан
тажрибали ўқитувчилар, умуман, барча соҳанинг етакчи мутахассислари жалб
этиляпти. Лўнда қилиб айтганда, боболаримизнинг шонли изидан замонамизга мос
тарзда ўз йўлимизни очяпмиз. Ана шундай муҳим паллада ёшларнинг илм-маърифат
йўлида собитқадамлиги катта воқеа. Улар орасида ўзига хос пойга — ким каттароқ
илмий ютуққа эришади деган мазмундаги соғлом рақобат кучайган. Мактабларнинг
ўқувчилари фанлардан кўпроқ миллий сертификат олгани ҳақида хабарлар тез
тарқалади. Ўқувчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам мазкур ютуқни бир-бирига етказиб, ўзлари
ҳам шу даражага етиши керак эканини таъкидлайди. Инсон нима ҳақида кўп ўйласа,
уни асли, тафаккури шундан иборат деган фикр бор. Жамият ҳам инсонга ўхшайди.
Унинг қайси йўлдан кетаётганини кўриб, келажагини тахмин қилиш мумкин. Жамият
танлаган йўл эса инсонлар орасида энг кўп муҳокама қилинаётган, қизиқиш
билдирилаётган мавзуларга қараб аниқланади. Бугун жамиятимизда энг кўп тилга
олинаётган мавзу ўқитувчининг обрўсини ошириш, ёшлар таълими, соҳаларга сунъий
интеллектни кенг жорий этишдир. Мамлакатимиз етакчиси барча соҳа, ҳатто
иқтисодий кўрсаткичларнинг таҳлили жараёнида ҳам таълим, хусусан, ўқитувчининг
обрўси ҳақида тўхталиб ўтади. Мазкур омилнинг ўзиёқ янги Ўзбекистонни бунёд
этишда илм-маърифат йўли танлангани, бу борадаги ислоҳотлар ортга қайтмас тус
олганини англатади.
Шу ўринда яқин тарихимизни эсламоқчи эдим. Бугун қирқ ёшнинг
нари-берисида бўлган бизнинг авлод мактабга борганида таълимда тарқоқлик
бошланган эди. Ўтиш даврининг иқтисодий қийинчиликлари сабаб соҳада чинакам
фидойилар ва бошқа иш қўлидан келмайдиган кадрларгина қолганди. Кейинчалик
фидойилар сафи сийраклашиб, тажрибасиз кадрлар сафи кенгайиб борди. Йил сайин
ўқитувчининг обрўси тушар, бунинг ўзига хос сабаблари бор эди.
Ўқитувчилар ўқув йилининг ярмидан кўпини пахта даласида ўтказарди.
Чопиқ пайтида кетмон кўтариб далага чиқар, ҳосил етилгач “план” бажарилмагунча
мактабга яқин йўламасди. Пахта режаси эса устма-уст қўшиб борилар, охир-оқибат
совуқ кунларгина фермерларга мажбурият юклашни тўхтатарди. Шунинг ўзиёқ алоҳида
катта мавзу!
Ўқитувчилар ёзги таътилда мактабни таъмирлашда усталар қатори ишлар
ёки уларнинг меҳнати учун чўнтагидан ҳақ тўларди. Айни жараён ўқувчи ва
устозлар ўртасида ўзига хос “олди-берди”ни шакллантирганди. Ўқитувчилар текин
ишчи кучи сифатида кўрилгани камдек, маоши ҳам оз эди. Улар шунда ҳам ишлашга
рози бўларди. Бу фавқулодда фидойилик эмас, мажбурият ҳосиласи эди. Чунки улар
бошқа иш топа олмасди. Шу боис, йиллар давомида мактабда эркак ўқитувчи деярли
қолмади.
Вазият йил сайин ёмонлашиб бораверди. Оқибатда жамиятда таълимга
иштиёқ сўнди. Ҳатто қўшиқларга олинадиган клипларда, киноларда бир оз бўшанг ва
нўноқ қаҳрамон қўлида китоб ва уни ўқийвериб кўз нурини йўқотган шахс сифатида
кўрсатила бошланди. Кучли ва бахтли қаҳрамонлар эса доим қиммат машинада
юрадиган, бизнеси бор пўрим йигитлар бўларди. Ана шу тенденция жамиятда икки
хил стандарт шаклланишига олиб келди.
Бир томондан биз китоб ўқиган анойиларнинг устидан кулардик.
Бизнесмен, бойларни қаҳрамон деб билардик. Аммо ўзаро гурунгларда ҳалол тадбиркорга
ҳам панжа орасидан қараб, “Бир балоси бўлмаса, шунча пулни қаердан топади?
Топганига ҳаром аралашган”, дердик. Чунки ҳалол ишлаб бойишга ишонч йўқ эди. Шу
боис, бойларга ҳавас билан қараб, айни дамда улардан нафратланардик. Бу иллат
жамиятнинг катта қисмида илдиз отган эди. Бугун кўриб турибмиз: ҳалол ишлаб ҳам
бой бўлиш мумкин экан. Бунинг учун тадбиркор билим олиши, китоб ўқиши керак
экан. Жамиятда кимнинг қандай бойиганини ғийбат қилмай, китобхонлик,
тадбиркорлик ҳақида фикр алмашиб яшаса ҳам бўларкан. Хўш, ўша “бўлар экан-ку”
деган фикрга қандай келдик? Албатта, зиёлининг обрўсини ошириш, китоб ўқиган
ёшлар жаҳонда етакчи кучга айланади деган ҳаётий ҳақиқатни шакллантириш орқали.
Айни ўринда кечаги кунларимиздан бир ҳаётий мисол келтирсам. Ўқувчилик
давримиздаги фидойи устозлардан бири қўшни маҳалладаги мактабда инглиз тилидан
дарс берарди. Мамасоат домлани узоқдан кўрган киши бирдан таниб оларди. Ориқ,
қотмадан келган домла йилнинг тўрт фаслида ҳам дўпписини ечмас ва доим қоматини
камондай эгиб, велосипед тепкисини босиб, олға интиларди. Домла ўтиш давридаёқ
замонидан бир қадам илдамлаб, ўқув курсига асос солган эди. Ўшанда атрофдагилар
“Тавба, пул олиб дарс ўтар экан. Индамай мактабингда ишлайвер” қабилида
гапирарди. Аксарият одамлар боласини қўшимча дарсга қўйганлар ҳақида ҳам киноя
аралаш: “Пули кўпайиб қолган бўлса керак-да, боласи ўқиб дунё олиб берармиди?!”
дерди.
Бир-икки сафар домланинг дарсига қатнаганим учун яхши биламан:
Мамасоат домла дарсни эринмай, ҳижжалаб тушунтирар эди. Билимдонлик ва
фидойилик қўшқўллаб тортиқ этилган домла ўн-ўн икки чақирим наридаги чекка
қишлоқ мактабида ҳам дарс ўтарди. Қору ёмғирда ҳам дарсни қолдирмай, шунча
масофага велосипедда қатнарди. Чунки болалар ўқиб дунёни олиб беришига, бу
ҳақиқат қачондир барибир юзага чиқишига ишонарди. Назаримда, бу ишонч
ватанпарварликдан қувват оларди.
Ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқи тикланиб, мажбурий меҳнатдан озод этилиши
мана шу қувватга янгича куч берди. Муҳими, зиёлига, китобхонларга муносабат
тубдан ўзгарди. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг илк қадамлари ёшларни
китобга дўст қилиш, мамлакатни китобхон жамиятга айлантиришга қаратилган қатъий
қадамлар билан бошланди. Очиқ гап, ўшанда китоб ўқиб, қимматбаҳо совғани
Президент номидан олиш мумкин эканини тасаввуримизга сиғдириш қийин кечганди.
Амалий саъй-ҳаракатлар бошлангач, жамиятда бу танловнинг адолатли бўлишига
шубҳа билан қараганлар ҳам учрар эди. Аммо энг яхши китобхон ёшлар оддий
оилаларнинг фарзандлари экани аниқланиб, уларга машина совға қилингач, қарашлар
буткул ўзгарди. Халқимиз орасида ушбу танлов сиёсий имиж учун эмас, ҳақиқатан,
жамиятни илм-маърифатга чорлаш, юртдошларимизни китобга ошно қилиш учун
бошлангани ҳақли равишда эътироф этилди.
2017 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танлови миллионлаб
ёшларни китобга яқинлаштирди. Улар орасида ким кўп китоб ўқиб, уққанларини баён
қилиб бера олади деган соғлом рақобат пайдо бўлди. “Ёш китобхон оила” танлови
эса мутолаа муҳитини ҳар бир хонадонга олиб киришга хизмат қиляпти. Бундай
оилада дунёга келган гўдаклар оламни китоб ўқиётган ота-онасининг нигоҳи ила
идрок этяпти. Энг катта натижа шу, аслида. Лекин олдимизга улкан мақсадлар
қўйганмиз. Ҳаракатларимиз, танлаган йўлимиз ҳам шунга яраша бўлиши керак. Шу
маънода, Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга
старт берилгани мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очди.
Президентимизнинг “Ёшлар орасида китобхонлик дастурини кенг жорий этиш
ва уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармойишига кўра, 2026
йилдан ҳар йили умумтаълим мактабларида ўқиётган ёшларнинг китоб ўқишга
қизиқишини қўллаб-қувватлашга қаратилган миллий китобхонлик ҳаракати
ўтказилади. Ушбу дастур ҳар йили 3 босқичда амалга оширилади. Яъни 1-босқич
“kitobxonlikharakati.uz” электрон платформасида рўйхатдан ўтган ҳолда онлайн,
2- ва 3-босқичлар эса бевосита иштирок этиш форматида вилоят ва республика
даражасида уюштирилади. Мазкур танлов 3 та ёш тоифасида бўлади. Дастурнинг
умумий йиллик мукофот фонди 240 минг долларни ташкил этади.
Ғолиблар ҳам шунга муносиб тарзда тақдирланади. Юқори синф (6-8-синф,
9-11-синф) тоифалари бўйича 1-ўринни эгаллаган 2 ғолибнинг ҳар бири 50 минг
доллар пул мукофоти ва диплом билан мукофотланади. Худди шунингдек, 2-ўринга
муносиб кўрилган бир жуфт совриндорнинг ҳар бири 30 минг доллар пулни қўлга
киритади. Учинчи ўринни олган 2 совриндорнинг ҳар бирига 15 минг доллар
берилади. Яна бир муҳим факт: 5 та қўшимча номинация бўйича совриндорларнинг
ҳар бирига 10 минг доллардан тақдим этилади.
Ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга бундай катта сармоя
киритиш ҳозирги геосиёсий жараёндаги иқтисодий синовлар даврида осон эмас!
Халқаро майдондаги вазиятни таҳлил қилиб, унинг иқтисодий оқибатларидан озгина
хабардор киши ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Буни, айниқса, ёшлар теран англаши,
шунга муносиб ҳаракатланиши керак. Уларга англатиш, тўғри тушунтириш эса биз,
катталарнинг Ватан олдидаги бурчимиздир. Чунки мамлакатимиз етакчиси ушбу
дастурни шунчаки китоб ўқиш мусобақаси эмас, балки Ватанимиз келажаги учун
стратегик инвестиция сифатида қабул қилди. Айни ўринда яна бир мулоҳазани айтиб
ўтиш жоиз.
Биз тенги авлоднинг катта қисми мактабнинг юқори синфига ўтмагунча
мобил телефон нима эканини билмасди. Ўша замонларда робот, дунёни бошқаришга
қодир улкан компьютер тизими (биз уни бугун сунъий интеллект деб атаймиз) ақл
бовар қилмас ҳолат эди. Уни фақат хорижнинг фантастик киноларида кўрардик.
Орадан 30 йилдан кам вақт ўтган бир паллада афсоналар ҳақиқатга айланди. Ҳозир
сунъий идрок меҳнат бозорида инсон учун энг биринчи ўриндаги рақобатчи бўлиб
қолди. Ушбу ҳолатни ортиқча таърифлаш шарт эмас, назаримда. Демоқчимизки, мана
шундай рақобат даврида мамлакатлар сунъий интеллектдан фойдалана оладиган эмас,
уни бошқаришни биладиган кадрларга эҳтиёж сезади. Техник тараққиёт юксалиб
боргани сари ушбу эҳтиёж ҳам кучаяверади. Шу маънода, бугунги ёшлар меҳнат
бозоридаги кучли рақобатга шай бўлиши керак. Унга бардошли бўлишнинг йўлини ҳам
аждодларимиз кўрсатиб кетган. Маърифатпарвар боболаримиз “Илмдан бошқа нажот
йўқ”, деган. Янги Ўзбекистонда илм-фанга, маърифатга ҳозир жиддий эътибор
қаратилаётганининг туб моҳияти ҳам шунда.
Ҳа, ислоҳотлар айнан мана шу руҳда бошланган эди. Энди у янги
босқичда, давр руҳига муносиб тарзда давом эттирилмоқда. Миллий китобхонлик
ҳаракати ана шу йўлдаги энг катта ва муҳим қадамлардан бўлди. Президентимиз
айтгани каби: “Китоб ўқийдиган одам теран ва соғлом фикрлайди. Бундай
тафаккурга эга инсон эса жамиятни ўзгартира олади”.
Содда қилиб айтганда, ўзликни англаш, Ватанимизга, халқимизга муносиб
авлод бўлиш йўлидаги миллий ҳаракат бошланди. Унга ҳар биримиз муносиб ҳисса
қўшишимиз керак. Фарзандларимиз ўқиб-ўрганиши учун шароит яратиб беришимиз,
орзуларига йўл очиб, оилада рағбатлантириб туриш зарур. Бу меҳнат, фидойилик
талаб қилади. Шу боис, бу борадаги ҳиссамиз қанчалик ватанпарвар эканимизни
белгилаб беради. Зотан, бахтли яшашимиз юртсеварлигимизга боғлиқ. Айни ҳақиқат
асрлар оша бизгача етиб келган китобларда ҳам ўз аксини топган. Масалан,
“Авесто”да меҳнатсеварлик мадҳ этилган. Шу билан бирга, ёлғончилардан узоқ юриш
тавсия этилади. Мазкур омиллар орқали фарзанд тарбияси кўрсатиб берилади. Ҳа,
ҳаётнинг ҳеч ўзгармас қоидалари бор. Уларга амал қилиш шахс, жамият иқболини
юксакка кўтаради. Ана шундай ўзгармас қоидалар — устозларнинг юксак обрўсига
путур етказмаслик, ёшларнинг илм-фанда илғор бўлиши ва маърифат маёғини баланд
кўтаришдир!
Шу ўринда яна бир ҳаётий фактни айтиб ўтмоқчиман. Бир синфда 27 ўқувчи
ўқиганмиз. Мактабни тугатганимиздан кейинги тўрт йилликда синфдошлар орасида
фақат уч кишига олий таълимда ўқишни давом эттириш насиб этди. Қолган 25
нафаримиз эса иш топишимиз, тирикчилик йўлини излашимиз керак эди.
Синфдошларимдан икки нафари 11 йиллик таълимдан кейин касб-ҳунар коллежида
ўқиди. Аммо ўз йўналишида деярли ишламади. Ишлай олмади. Чунки таълимдаги
оқсоқликлар сабаб улар кадр сифатида талабга жавоб бермасди. Бугун таълимнинг
ушбу йўналиши ҳам тубдан янгиланди. Ҳозир техникумларни ўз касбининг устаси
бўлган, назария ва амалиётни биргаликда ўзлаштирган мутахассислар тамомламоқда.
Муҳими, уларнинг иш бошлаши учун ҳам қатор имтиёзлар берилган.
Ўшанда бизнинг ўқишга қабул қилинган ёки қилинмаганимиз ҳеч кимни
қизиқтирган эмас. Ўтган ўн йилда бу ёндашув ҳам тубдан ўзгарди. Ҳар бир ёшнинг
масаласи уйма-уй юриб ўрганиладиган бўлди, таълимга, касб-ҳунарга
йўналтириладиган тизим йўлга қўйилди. Айни пайтда таълимдаги янгиланишлар сабаб
мактаб ўқувчилари муддатидан олдин талаба бўляпти.
Боз устига тадбиркор бўлишни истайдиган ёшлар учун банклар жорий йил
25 триллион сўм паст фоизли кредит таклиф этяпти. Стартап лойиҳаларини бошлаган
битирувчиларга эса 100 миллион доллар маблағ ажратилган. Муҳими, йирик АT
компаниялари ҳар йили камида 50 минг битирувчини сунъий интеллект бўйича
ўқитиб, юқори даромадли ишга жойлаштиришга тайёр экани айтилди. Бу давр билан
ҳамқадамлик, меҳнат бозоридаги рақобатда етакчилик қилиш дегани!
Шу каби қувончли муждалар фонида ҳар қандай киши мактабни тамомлаган
навқирон авлодга қараб ҳавас қилади. Ана шу ҳавасни сезган йигит-қизлар фахр
билан қуйидаги мисраларни такрорлаётгандек:
Менга ёрдир омад, мен билан иқбол,
Ҳали етти иқлим қолар ҳайрон, лол,
Эй дунё! Боряпман, мени қарши ол,
Шу буюк миллатнинг умидиман мен!
Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири