Мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида тизимни муносиб кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани маълум. Бу борадаги амалий ишларнинг ҳосиласи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.01.2019 йилдаги ПҚ-4096-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактабини ташкил этилди. Мазкур даргоҳ Ўзбекистон суд тизими тарихида илк бор фақат судьяларни, суд аппарати ходимларини тайёрлайдиган, уларнинг малакасини оширадиган давлат таълим ва илмий тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Бундан кўзланган асосий мақсад янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадига айланган “адолатни қарор топтириш”га қодир бўлган судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашишдир. Шу ўринда, бўлажак судьяларда судьяликдек масъулиятли касбни тўлақонли бажариши учун зарур бўлган назарий билимлар, касбий этика қоидалари, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллашни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Судьялар олий мактабининг энг асосий вазифаларидан бири грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида юқори малакали кадрларни тайёрлашдир.
Судьяликка номзодлар фуқаролик ҳуқуқи, жиноят ҳуқуқи, иқтисодий ҳуқуқ ва маъмурий ҳуқуқ йўналишлари бўйича тайёрланади. Шу ўринда, Судьялар олий мактабини 2020 ўқув йилида жами 59 нафар, 2021 йилда 73 нафар тингловчи судьяликка номзодларни тайёрлаш бўйича магистратура ўқув курсини тамомлаган. Шундан, 114 нафари (87 %) судьлик лавозимига тайинланганлигини қайд этиш лозим.
Мазкур рақамлар судьялик лавозимларига тайёрлаш курслари оддий малака ошириш курсларига эмаслиги, бунда даъвогарлар ўртасида рақобат катта ва жиддий кўринишда бўлишини яна бир бор тасдиқлайди. Судьялар олий мактаби фаолияти бошланганлигига эндигина уч йил тўлди. Гап шундаки, бу борада андоза оладиган, ўрганадиган миллий тажриба йўқ эди. Ўтган қисқа давр ташкилий-ҳуқуқий нуқтаи назаридан Судьялар олий мактабининг шаклланиш йиллари бўлди дейиш мумкин. Шу сабабли ҳам бу йилдан Судьялар олий мактабига қабул жараёнларига янги тартиблар жорий этилди.
Қайд этиш лозимки, Судьялар олий мактаб тайёрлов курсларига ўттиз тўрт ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослик бўйича камида етти йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси қабул қилинади.
Тайёрлаш курсида ўқиш учун:
жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;
судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;
хорижий давлат фуқаролигига эга бўлган ёки хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;
психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;
судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс шахслардан ҳужжатлар қабул қилинмайди.
Янги тартибга кўра, Олий мактабга ҳужжат топшириш ҳар йили 15 апрелдан 15 майга қадар давом этади. Ўтган йили Олий мактабга кириш синовлари мутахассислик ва чет тили бўйича тестдан ҳамда ҳуқуқий мавзудаги иншо ёзишдан иборат бўлган бўлса, бу йилдан бошлаб Олий мактабга кириш синовларига психологик тест ва оғзаки суҳбат ҳам жорий этилди. Психологик тест ва суҳбатлар орқали судьяларнинг дунёқараши, судда бўладиган турли ҳолатларга чидамлилиги, вазиятга баҳо бериш кўникмаси, ҳатто ичкиликка ва коррупцияга мойиллиги ҳақида тавсиявий характердаги хулосалар олинади.
Кириш синовлари қоида тариқасида август ойида ўтказилади.
Қабул квотаси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда белгиланади. Маълумот учун, қабул квотаси 2019/2020 ўқув йилларда 60 нафар, 2020/2021 йилларда 75 нафар, 2021/2022 йилларда 76 нафарни ташкил этган.
Шу ўринда яна бир маълумот: ўтган ўқув йилида судьялик лавозимига тайёрлаш магиструтара босқичига 289 нафар даъвогар ҳужжат топширган бўлса, уларнинг 76 нафари тест синовлари асосида тингловчиликка қабул қилинди. Бу йил судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш курсларига ҳужжат топширадиганлар сони ўтган йилгидан ҳам бундан ҳам кўп бўлиши кутилмоқда.
Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланади ва уларга судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фонди миқдорида стипендия тўланади.
Бироқ, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқиш дастурини бажармаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган тингловчилар ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб беради.
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш курсларига қабул қилишнинг хос бошқа талаб ва шартлари ҳамда уларга шарҳ ва тушунтиришлар Кенгаш ва Олий мактабнинг ахборот ресурсларида мунтазам эълон қилиниб борилмоқда.