Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган фестивалга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 февралдаги «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ анъанавий фестивалда мамлакатимизда фаолият юритаётган фольклор жамоаларининг 200 дан ортиқ вакили ўз ҳудудларига хос либос ва қадимий куй-қўшиқлар билан фаол иштирок этади.

Минг йиллардан буён мамлакатимизда асраб-авайлаб келинаётган бундай нодир ва ноёб бойликларнинг “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивалида кенг тараннум этилаётганида чуқур маъно бор. Зеро, дунё аҳлини ўз бағрига чорлаётган мафтункор Бойсун – ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси” дурдонаси сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда ЮНЕСКОнинг “Инсониятнинг номоддий маданий мерос” репрезентатив рўйхатига киритилган.

Миллий қадрият ва анъаналаримиз шарафланадиган шодиёна доирасида миллий кураш мусобақаси, этноспорт, веломарофон, улоқ-кўпкари, варрак учириш, арқон тортиш, чиллак ва бошқа халқ ўйинларига ҳам кенг ўрин ажратилган.

Фестиваль якунида энг яхши фольклор-этнографик ва энг яхши ўтов-уй ўрнатган жамоалар, спорт ва халқ ўйинлари ғолиблари муносиб тақдирланади.