Ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилди.

Аниқланишича, Шеробод тумани «Меҳнатобод» маҳалласида яшовчи фуқаро О.Й. ўзига тегишли итнинг учта боласига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиб, уларнинг қулоқларини қўл билан юлиб ташлаган ва ушбу жараённи ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси 2-қисми (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судга юборилди.

Суд ҳукми билан фуқаро О.Й. айбдор деб топилди ва унга нисбатан 10 кун муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.