Аниқланишича, Тез тиббий ёрдам Бойсун тумани бўлими собиқ бошлиғи К.А. ва катта ҳамшира Г.Р. 2019-2022 йилларда ўзларининг ихтиёрида бўлган жами 220,7 миллион сўм иш ҳақини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 10 июнь куни ИЖҚКД туман бўлими томонидан уларга нисбатан Ўзбекитон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўтказилган дастлабки тергов жараёнида жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган Г.Р. соғлиги ёмонлашганини рўкач қилгани сабабли 3 август куни соат 15:30да туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Шу куни бирлашманинг реанимация бўлими бошлиғи врач-реаниматолог томонидан Г.Р.га нейроз циркулятор дистония аралаш тури ҳамда астеноневротик синдроми каби ташхислари қўйилиб, унинг умумий аҳволи қониқарли деб топилган.

4 август куни Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси врач-невропотологи томонидан Г.Р.га кўрикдан ўтказилиб, унинг умумий аҳволи қониқарли деб топилган ва унда бирор-бир потологик рефлекслар касаллиги аниқланмаган. 5 август куни соат 16:45да Г.Р.нинг соғлиги қониқарли бўлгани сабаб уйига жавоб берилган. 

Тергов давомида, жиноят иши бўйича етказилган зарар тўлиқ  қоплангани сабабли айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаган.

Г.Р.нинг касал ҳолида сўроқ қилиш тергов ҳаракатига жалб этиш учун туман прокуратурасига олиб борилгани ҳолати рад этилади.

Ҳозирда туман прокуратураси томонидан жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.