Дунё иқлими ўзгариб бораётгани янгилик эмас. Жазирама кунлар ортиб, ёғингарчилик камайиб кетгани ҳам бор гап. Қурғоқчил майдонлар кенгайиб, бир пайтлар кўкаламзор ерлар ҳам сувсизликдан чўлга айлана бошлади. Айни пайтда озиқ-овқат хавфсизлиги, сув танқислиги, экология масаласи ўзаро чамбарчас боғланиб кетган.
Озиқ-овқат хавфсизлигини ҳал этишда айнан иссиқхоналар ўзига хос ўринга эга. Бироқ сув ва ер ресурсларини ишлатиш иссиқхоналардан фойдаланишда ҳам қатор талабларни келтириб чиқараётир. Хусусан, шаҳарлашув (урбанизация) жараёнида иссиқхоналарнинг қулай ва хавфсиз манзилларга жойлаштириш ҳам муҳим. Шу сабаб ҳам йирик шаҳарлар ва улар атрофидаги ишлаб чиқариш ҳамда маҳсулот тайёрлаш корхоналарини бошқа мақбул жойларга кўчириш масаласи бежиз кўтарилмаган.
Зарурат ва жараён
Кейинги бир неча йилда пойтахт об-ҳавосининг кескин бузилаётгани кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Хусусан, 2024 йили Тошкент атрофида “яшил” ҳалқа ўрнига амалда кўмирда ишлайдиган ва ҳавони ифлослантирадиган иссиқхоналардан иборат “кулранг” ҳалқа шакллангани ҳақида хабар берилган. Ўшанда иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир ёқиб, иситилиши маълум қилинган. Масъул ташкилотлар пойтахт ва унинг атрофидаги иссиқхоналар харитасини ҳам эълон қилган. Йирик аҳоли яшаш манзилларида тоза, мусаффо муҳит яратиш мақсадида иссиқхоналарни ҳудудларга кўчириш ташаббуси илгари сурилди.
Энди Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида 2026 йил 1 июндан бошлаб кўмир, мазут ва атмосферага зарарли ёқилғиларидан фойдаланишни назарда тутувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат бериш тўхтатилди. 2026 йил 1 августдан бошлаб эса мавжуд иссиқхоналар фаолиятининг иқтисодий самарадорлигини қайта кўриб чиқиш ва уларни шаҳарсозлик ҳамда экологик талабларга мослаштириш мақсадида қатор чеклов ва оширилган тарифлар жорий этилади. Иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва мавжуд шартномалар белгиланган тартибда газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади.
Иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар (солиқ ставкаси) саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифларнинг 5 баравари миқдорида ҳисобланади.
2026 йил 1 августдан бошлаб эса иссиқхоналарда ёқилғи сифатида кўмир, шиналар, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толаси ҳамда шунга ўхшаш компонентлардан иборат материалларни ёқиш натижасида атроф табиий муҳитни ифлослантиргани ва чиқиндилар жойлаштиргани учун компенсация тўловлари йигирма бараварга оширилган ҳолда қўлланади.
Мазкур лойиҳа доирасида муҳандислик-коммуникация тармоқларини замонавий талаблар асосида янгилаш ва кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва техник сув таъминоти, автомобиль йўллари ҳамда рақамли алоқа тармоқлари босқичма-босқич такомиллаштирилади. Хусусан, янги электр узатиш тармоқларининг тортилиши ва замонавий трансформатор пунктларининг ўрнатилиши ишлаб чиқариш қувватларини узлуксиз ишлатиш, замонавий иссиқхона мажмуалари ва саноат объектлари учун тўлиқ қувватда фаолият юритиш имкониятини беради. Натижада тадбиркорлар учун ишончли энергетик муҳит шаклланади, янги лойиҳаларни жойлаштиришда қулайлик ортади ва умумий инвестициявий жозибадорлик сезиларли даражада ошади.
— Шеробод туманида “Сурхон-Агро” иқтисодий зонасини бунёд этиш жараёни бошлаб юборилди. Бу ерда электр энергияси билан таъминлаш гуруҳлари ишлаяпти. Мақсадимиз — тадбиркорлар учун пойтахт ва Тошкент вилоятидагидан кам бўлмаган шарт-шароит яратиш, — дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сурхондарё филиали директори Маъруфжон Шамсиддинов.
Кейинги йилларда вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш ҳамда агросаноат тармоғини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган йирик лойиҳалар амалга ошириляпти. Бу борада Президентимизнинг 2026 йил 25 мартдаги “Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуруламал вазифасини ўтамоқда.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Шеробод туманида “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, бу ердаги камида 940 гектар майдонда замонавий иссиқхона мажмуаларини ташкил этиш белгиланган. Бундан ташқари, амалий ҳисоб-китоблар ва истиқболли режалар асосида Қизириқ туманидаги 220 гектар ер ҳам ушбу ташаббус доирасидаги лойиҳага қўшилади. Натижада “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси жами 1160 гектарни қамраб олади.
Мутахассисларнинг айтишича, мазкур лойиҳа оддий аграр ташаббус эмас, балки Сурхондарёнинг иқтисодий қиёфасини тубдан ўзгартиришга хизмат қиладиган стратегик дастур. Замонавий энергия тежамкор иссиқхоналарнинг барпо этилиши йил давомида юқори ҳосил олиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятини беради. Энг муҳими, минглаб янги иш ўринлари очилиб, аҳолининг доимий бандлиги ошади ва даромад манбалари кенгаяди. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг йиллик 126,8 минг тонна маҳсулот етиштирилади ва 18 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қуввати яратилади. Бу ерда 6300 та доимий ва 8000 дан ортиқ мавсумий иш ўринларини очиш кўзда тутилган.
— Бугун Сурхондарё вилоятида замонавий иссиқхоналар кўпайиб, энергия тежамкор технологиялар, томчилатиб суғориш тизими ва юқори ҳосилли уруғлардан самарали фойдаланилмоқда. Бу эса кам ерда ҳам юқори ҳосил олиш имконини беряпти, — дейди узоқ йиллардан буён шу йўналишда хизмат қилаётган Ўткир Шайманов. — Энди Шерободда иш бошлаётган янги лойиҳа ортидан Сурхон воҳасининг илиқ ва қулай иқлим шароити деҳқонлар учун йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имконини беради. Куз-қиш мавсумида иссиқхоналарда помидор, бодринг, қалампир, кўкат каби экспортбоп маҳсулотлар кўп миқдорда етиштирилади. Шерободга бориб, ажратилган майдонни кўздан кечирдик. Серунум ер, сув муаммоси йўқ, логистика учун маъқул локация.
Рағбат
Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманлари ҳудудидан Сурхондарё вилоятига кўчириладиган иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида воҳадаги “Сурхон-Агро” зонаси ҳудудида фаолиятини давом эттирган тадбиркорлик субъектларига миллий ва хорижий валютадаги кредитларни қайтариш муддати 5 йилга, шундан имтиёзли даври 3 йилгача узайтирилади.
2028 йил 1 апрелигача “Сурхон-Агро” зонаси ҳудудига кўчадиган иссиқхоналар учун иссиқхона конструкцияси ва ускуналарини демонтаж қилиш, ташиш ва қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар 1 сотих ер майдони учун бир марталик, бироқ 500 минг сўмгача миқдорда Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Иссиқхона хўжаликларини кўчиришдан бўшаган ер участкаларида ҳудуд ихтисослигидан келиб чиқиб, интенсив боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчилик йўналишларида фаолиятини давом эттириш ёки “яшил боғлар”ни барпо этишга рухсат берилади.
Бу тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиши баробарида вилоятларнинг иқтисодий салоҳияти ўсишига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади.
— Қарорга мувофиқ, тадбиркорлар учун барча шароит яратиш кўзда тутилган. Электр энергияси, сув, газ, йўл инфратузилмаси шакллантирилмоқда. Тадбиркорлар келиб, ҳолат, вазият билан танишиб ишни бошлаб юборяпти. Чунки улар вақтни бесамар ўтказмаслик зарурлигини яхши билади, — дейди Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматилла Ғаффоров.
“Сурхон-Агро” иқтисодий зонаси билан танишув
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ижросини таъминлаш, тадбиркорларга ҳудуднинг инвестициявий ва аграр салоҳиятини яқиндан таништириш мақсадида Сурхондарё вилоятида танишув тадбирлари ўтказилди. Семинарларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари, Тошкент вилоятидаги туман ҳокимлари ҳамда ўринбосарлари, тадбиркорлар, фермерлар қатнашди.
Сурхондарёда аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини таъминлаш мақсадида “Томорқачилик мактаби” фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу мактабда тажрибали мутахассислар ер эгаларига уруғ танлаш, кўчат парвариши, минерал озуқа бериш, зараркунандаларга қарши курашиш ва маҳсулотни бозорга чиқариш бўйича амалий машғулотлар ўтаб келмоқда.
Семинар иштирокчиларига ушбу масканда парвариш қилинаётган экинларни етиштириш технологияси, агротехник тадбирлар ва ҳосилдорликни ошириш усуллари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Шеробод туманида барпо этилаётган “Сурхон-Aгро” эркин иқтисодий зонасида меҳмонларга иссиқхона лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар, муҳандислик коммуникациялари ва инвесторлар учун яратилган қулай муҳит ҳақида ҳам зарур маълумотлар тақдим этилди.
Шу билан бирга, давлат томонидан тақдим этилаётган қўллаб-қувватлаш механизмлари, жумладан, имтиёз ва преференциялар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.
Президентимизнинг мазкур қарори билан Сурхондарё вилояти Шеробод туманида давлат муассасаси шаклида “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади. Натижада туманда камида 940 гектар майдонда замонавий иссиқхона мажмуалари жойлаштирилади. Энергия тежовчи ва муқобил энергия манбаларига асосланган иситиш тизимлари улуши камида 50 фоизга етказилади, атмосфера ҳавосига зарарли ташламалар чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг фаолияти босқичма-босқич қисқартирилади.
“Сурхон-Агро” зонасининг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил этади. Унинг иштирокчиларига ЭИЗ иштирокчилари учун белгиланган айрим солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар татбиқ этилади.
Эркин иқтисодий зона доирасида замонавий логистика, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш инфратузилмаларини шакллантириш режалаштирилган. Бу маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга тез ва рақобатбардош тарзда етказиб бериш имкониятини сезиларли даражада кенгайтиради. Ҳудуднинг иқтисодий тараққиёти ва инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган ушбу ташаббус билан бир қаторда автомобиль йўллари инфратузилмасини яхшилаш, янги йўллар барпо этиш ҳамда мавжуд йўлларни таъмирлаш ишлари ҳам бажарилмоқда. Бу эса логистика жараёнини енгиллаштириб, юк ташиш ва маҳсулот етказиб бериш самарадорлигини оширади. Ушбу лойиҳа ҳудудни замонавий инфратузилмага эга, иқтисодий фаоллиги юқори саноат ва аграр марказга айлантириши кутилмоқда. Бугун вилоятда жами 7800 гектарга яқин иссиқхона мавжуд бўлиб, Шеробод туманида Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда фаолият юритаётган иссиқхоналарни кўчириш учун ажратилаётган яна 940 гектар ер ҳисобига воҳа иссиқхоначиликда катта истиқболли манзилга айланади.
Сарвар ТЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири