Мамлакатимизнинг янги ривожланиш босқичида барча соҳалар қатори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиат ресурсларидан, хусусан, сувдан оқилона фойдаланиш, аҳоли фойдаланадиган ичимлик сув сифатини яхшилаш ва у билан таъминланганлик даражасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Қорақалпоғистонга ичимлик сув бошқа ҳудудларга нисбатан қаттиқ ҳолда етиб келгани учун ҳам унга ишлов бериш керак. Сўнгги йилларда республика аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш бўйича “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан кўплаб амалий ишлар бажарилмоқда.
Айни пайтда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 71 фоизни ташкил этмоқда. Жорий йил республикада лойиҳалаштирилган ва қиймати 211,8 миллиард сўм бўлган, узунлиги 383,8 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда 24 та сув иншоотида қурилиш ишлари режалаштирилган ва бу юмушлар жадал давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қиймати 100,4 миллиард сўм бўлган 69 та лойиҳада 342,6 километр ичимлик сув тармоғи ётқизиш ва 17 та сув иншоотида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, лойиҳа доирасида 5473 хонадон сув тармоқларига уланиб, сув ҳисоблагичлар бепул ўрнатиб бериляпти. Бугунги кунгача 51,8 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиб, 34 та қурилиш ишлари якунланди.
— Нукус шаҳри аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 74,9 миллиард сўм маблағ эвазига “Нукус” сув тозалаш иншоотини таъмирлашнинг иккинчи босқичи лойиҳаси бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда, — дейди шаҳар сув тозалаш тармоғи бошлиғи Азамат Бектурдиев. — Лойиҳа охирига етгач, сув тозалаш қуввати кунига 65 минг куб метрдан 95 минг куб метрга етади. Бугунги кунда биз 350 мингдан зиёд аҳолига ичимлик сув етказиб беряпмиз.
Демак, нуфуси йил сайин ортиб бораётган Нукус шаҳри аҳолисига сув етказиб бериш имконияти янада кенгаяди ва бу, албатта, сувнинг сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш мақсадида оқова сув тармоғи ва оқова сув тозалаш иншоотини янгидан қуриш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан лойиҳа баҳоси 36,75 миллиард сўм бўлган Кегейли, Қораўзак ва Қонликўл туманларида узунлиги 10,73 километр ичимлик, оқова сув тармоқлари ҳамда 3 та оқова сув тозалаш иншоотини янгидан қуриш ишлари бажарилмоқда.
— Халқаро молия институтлари иштирокида “Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудида ичимлик сув таъминотини ривожлантириш” лойиҳаси асосида “Туямўйин” ва “Тахиатош” сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, “Манғит” сув тозалаш иншоотини янгидан қуриш ишлари билан бирга, Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Мўйноқ ва Нукус туманларида узунлиги 1236 километр ичимлик сув тармоқлари ҳамда 26 та ичимлик сув иншоотини қуриш, реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган, — дейди “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти директори Рўзимбой Сейтов. — Ушбу ишлар бажарилиши натижасида йил якунида ҳудудларда истиқомат қилаётган 75,5 минг нафар истеъмолчи қўшимча ичимлик сув билан таъминланади. Ҳудудлардаги 138,6 минг нафар одамнинг сув таъминоти яхшиланиши баробарида, аҳолининг тоза ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 74,3 фоизга етади.
2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023 – 2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманларида бир кеча-кундузда 45,2 минг куб метр сувни тозалаш қувватига эга бўлган 3 та оқова сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш, 28 та оқова сув насос станциясини ва 142,3 километр оқова сув тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш назарда тутилган.
— Биз Нукус шаҳрида бир кеча-кундузда 30 минг куб метр сувни тозалаш қувватига эга бўлган оқова сувни тозалаш иншоотини қуриш, 16 та насос станцияси ва 88 километр узунликдаги оқова сув тармоқларини қуриш ишларини олиб бормоқдамиз, — дейди Рўзимбой Сейтов. — Шу билан бирга, Тахиатош туманида бир кеча-кундузда 8 минг куб метр сувни тозалайдиган 8 та оқова сув насос станцияси ва 33,6 километр узунликда сув тармоқлари тортилади. Хўжайли туманида эса сув тозалаш иншоотини қуриш билан бирга 4 та насос станцияси, 20,7 километр сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилади.
“Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти ер усти ва ер ости сув манбаларидан фойдаланиб, аҳолини тоза ичимлик сув билан доимий равишда таъминлаб келмоқда. Қорақалпоғистондаги 3 та йирик – Туямўйин, Тахиатош ва Нукус сув тозалаш иншоотлари шу жамиятга қарашлидир.
— Ичимлик сув аҳолига етиб боргунгача уч босқичда тозаланади. Дастлаб тиндирилади, фильтрланади ва сўнг зарарсизлантирилади. Бу ишлар “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти кимёвий бактериологик лабораториясида амалга оширилади, — дейди лаборатория кимё муҳандиси Айзада Ҳакимова. — Шундай лабораториялар Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида мавжуд бўлиб, сувнинг сифатини яхшилаш учун хизмат қилмоқда.
Республика пойтахти аҳолисини ичимлик сув билан таъминловчи Нукус сув тозалаш иншооти Дўстлик каналидан сув олади. Иншоотда сув тиндириш, фильтрлаш ва зарарсизлантириш босқичларидан ўтказилиб, истеъмолчиларга етказиб берилади. Сув ҳовузларда тиндирилиб, лойлиги ҳисобга олинган ҳолда коагулянт (алюминий сульфат) билан қайта ишланади. Шундан сўнг фильтрлаш босқичига ўтказилиб, кварц қуми ёрдамида фильтрланади.
Фильтрланган сув ёпиқ резервуарларга йиғилади ва микроорганизмлардан тозалаш мақсадида тегишли бирикма билан зарарсизлантирилади, шундан сўнг насос иншоотлари орқали истеъмолчиларга етказиб берилади.
— Ичимлик сув сифатини назорат қилишда Ўзбекистон давлат стандарти “Ичимлик сув” гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш O‘zDSt 950-2011 нормаларига мувофиқ текшириб борилади. Сув таркибидаги эриган кальций ва магний тузлари йиғиндиси сувнинг умумий жипслиги дейилади. Сув таркибидаги катионлар ва анионлар одам организмида энергия ҳамда кислород алмашинувида қатнашади. Буларнинг нормадан кўп ёки ҳаддан ташқари оз бўлиши инсон саломатлигига тескари таъсир кўрсатади, — дейди марказий лаборатория бошлиғи Гулсара Ерниязова. — Етказиб бериладиган ичимлик сув сифати корхонадаги 1 та марказий ва 19 та ҳудудий кимё бактериологик лабораториялари томонидан 26 турдаги кимё-бактериологик ташхислар асосида текширилади. Лабораториялар замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлашда санитар-гигиеник томондан назорат қилишни янада кучайтириш мақсадида махсус дастурлар доирасида ўтган йиллар давомида Чимбой ва Бўзатов туманларида янги лаборатория қурилди, Кегейли, Хўжайли, Тахтакўпир туманларидаги лабораторияларда реконструкция ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди.
Қайд этилганидек, соҳада олиб борилаётган ишлар натижасида жорий йил охирига қадар Оролбўйи аҳолисининг 74,3 фоизини марказлаштирилган ичимлик сув тармоғи билан қамраб олиш назарда тутилган. Шунингдек, оқова сув тармоқларини янгилаш борасида ҳам қатор ишлар олиб борилиши режалаштирилган.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири