Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, Россиянинг энг қадимий ярмаркаларидан бири бўлмиш Ирбит ярмаркаси Урал ва Сибирда асосий савдо маркази бўлиб хизмат қилган ҳамда унинг фаолиятида ўзбек савдогарлари ҳам доимий равишда қатнашиб келган.
Бугунги кунда ярмарка Ирбит шаҳри ва Свердловск областинг ўзига хос брендига айлангани баробарида ушбу ҳудудда уюштириладиган асосий тадбирлардан бири ҳисобланади.
Шу боис, Ўзбекистоннинг миллий ва маданий анъаналарини муносиб намойиш этиш мақсадида Ирбит ярмаркасининг жорий йилги фаолиятида Бош консулхона томонидан алоҳида стенд ташкил этилиб, Ўзбекистон кўргазмаси тақдим этилди.
Юртимизнинг бой маданий ва маънавий мероси тўғрисида ёрқин тасаввур берувчи миллий либослар ва ҳунармандчилик буюмларидан ташкил топган Ўзбекистон стенди меҳмонлар ва кўргазма иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Улар ўзбек миллий пазандачилиги намуналаридан ҳам баҳраманд бўлди. Ярмарка иштирокчиларига шоҳона ўзбек миллий таомларидан бири бўлмиш палов тайёрлаш жараёни «маҳорат мактаби» тарзида намойиш этилди.
Ўзбекистон стендига Свердловск области губернатори Евгений Куйвашев ҳам ташриф буюриб, Ирбит ярмаркасида фаол иштирок этгани учун Бош консулхонага миннатдорлик билдирди, деб хабар беради «Дунё» АА.