Куни кеча Чўлпон-Ота шаҳрида (Қирғизистон Республикаси) Табиий ва техноген фавқулодда вазиятлар бўйича давлатлараро кенгашнинг XXXIII йиғилиши бўлиб ўтди, унда МДҲ давлатлари фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакиллари, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этдилар. Ушбу форумда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги делегациясига вазир ўринбосари Комил Абдижалилов раҳбарлик қилди.

Тадбир давомида иштирокчилар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишдаги муаммоларни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилдилар. Мутахассислар табиий ва техноген офатларнинг олдини олиш чоралари юзасидан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар. Бундан ташқари, мулоқот давомида соҳага илғор инновацион технологияларни жорий этиш ва МДҲ давлатлари фавқулодда вазиятлар идоралари мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш масалалари ҳам муҳокама этилди. Шу муносабат билан ўзбек томони аниқ таклифларни билдирди, деб хабар беради Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.