I

Фикр эгаси олим бўлса ҳам, унинг фикрига танқидий муносабатда бўлиб, текширувдан ўтказиш керак. Мана шуни ҳисобга олиб, бу фаслнинг биринчи қисмини сўз ва қўшимчалар тарихига оид янглиш фикрларни тузатишга бағишлаймиз.

Хотинларни фалончи хоним ёки бегим деб аташ одати бор. Бу сўзлардаги “им” қўшимчаси эгалик қўшимчаси деб тушунилади. У ҳолда нима учун эгалик қўшимчаси қўшилганда хон билан бек аёл кишига айланади деган савол туғилиши табиий. Ваҳоланки, “хоним” ва “бегим” сўзларидаги “им” қўшимчаси эгалик қўшимчаси эмас. Қадим туркий тилларда она маъносидаги “ума” сўзи бўлган. “Бегим” ва “хоним” сўзлари таркибидаги “им” ана шу “ума” сўзининг ихчамлашганидир. Демак, аслида “хоним” “менинг хоним” эмас, хонона ва бегим “менинг бегим” эмас, бек она деган маънода экан.

Туркий тилларда ҳозир ҳам “умай” деган сўз бор. Бу болаларни асровчи хаёлий фариштасифат мавҳум онани билдиради. Мана шу умай сўзининг ҳам ўша она маъносидаги “ума” сўзига алоқаси бор.

Луғавий маъноси “болалар онаси” деган арабча “уммуссибён” деган ибора бор. Бу сўз Муқимийда ҳам бор. Аммо бундаги “ум” сўзи “она” маъносида бўлишига қарамай, туркий “ума”га ўзакдош эмас. Бундан ташқари, “уммуссибён” “умай”га нисбатан зид маънода қўлланади. Умай болаларни асровчи вужуд деб тушунилса, уммуссибён болаларга зарар етказувчи жин ёки дев деб тасаввур қилинади.

Тиббиётда эса “уммуссибён” деганда болаларга хос тутқаноқ касали тушунилади, яъни тиб илмида бу сўз касаллик номига айланган.

* * *

Баъзан йигитлар бир-бирига нисбатан “қиз” сўзини ишлатиб, масалан, “Салимжон менинг қиз ўртоғим”, дейди. Бундаги “қиз” сўзини жинсий маънода тушуниш бор. Аслида эса “қиз ўртоқ” иборасидаги “қиз” сўзи қиз бола деган маънода эмас. Шакли, яъни талаффузи ёки ёзилиши бир хил бўлган сўзлар шаклдош сўзлар ёки омонимлар дейилади. Эски тилшуносларимиз шу маънода жинсдош бўлган “мутажонис” деган сўзни қўллаган. “Қиз” шаклига эга бўлган тўртта шаклдош сўз бор. Биринчиси, “қизмоқ” феълининг ўзаги ва буйруқ формаси “қиз” бўлиб, бу “қизи” шаклига ҳам эга.

Иккинчиси, “ўғил” ва “йигит”нинг зидди “қиз”дир.

Учинчиси, хасис маъносидаги “қиз” сўзи бўлиб, Маҳмуд Кошғарий ўзининг луғатида бунга мисол қилиб “қиз киши сави йўриғли бўлмас”, яъни “хасис кишининг донғи чиқмас” деган гапни мисол келтиради.

Тўртинчиси, қийматли ва қудратли деган маънодаги “қиз” сўзидир. Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида “қиз эрмас бу ялнчуқ, кишилик қиз ўл” дейди. “Ялнчуқ” одам дегани, “кишилик” одамийлик, инсонлик дегани. Демак, “қиз эрмас бу ялнчуқ кишилик қиз ўл” одамнинг ўзи қадрли эмас, унинг одамийлиги қадрлидир дегани. “Салимжон менинг қиз ўртоғим” дегандаги “қиз” сўзи мана шу “қадрли” деган маънодаги сўздир.

* * *

Тўрғай қуши баъзан “сўпитўрғай” деб аталади. Бу сўздаги “сўпи”ни, аслида, “сўфи” ёки “суфий” деб тушунувчилар бор. Аммо бу қушнинг асл оти “тўрғай”, “сўпи” аниқловчидир. Бу “сўпи”нинг муаззин, яъни азон айтувчи маъносидаги “сўфи” сўзига ҳам, “дарвиш” маъносидаги “суфий” сўзига ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқ. Лекин халқ орасида “сўпи”ни “суфий” деб тушуниш натижасида тўқилган хурофий изоҳ ҳам бор. Бунда тўрғайнинг вижирлаб осмонга кўтарилиб тушишини у худонинг номларини айтиб осмонга қараб учади ва мингта номдан тўққиз юз тўқсон тўққизтасини айтиб, биттасини билиб айтолмайди, натижада яна ерга қайтиб тушади. Агар мингинчисини ҳам айтганда худога етишар эди, дейилади ва шу унинг “сўпитўрғай” деб аталишига сабаб қилиб кўрсатилади.

Ҳақиқатда эса “сўпи” сўзининг маъноси “конус”дир. Конуссимон, яъни қуйи қисми кенг бўлиб, юқорига учли бўлиб борган ҳар қандай нарса “сўпи” дейилади. Тасбеҳнинг сўписи ҳам конуссимон бўлгани учун шундай деб аталган. Боши шу шаклга эга бўлган кишини “сўпибош” дейдилар. Агар бирор нарсага конус шакли берилса, “сўпиланди” дейилади. Тўрғайнинг боши сўпи, яъни конуссимон бўлгани учун “сўпитўрғай” дейилган. Бинобарин, бу сўзни ёзишда ҳам “сўфитўрғай” деб “ф” ҳарфи билан эмас, “сўпитўрғай” деб “п” ҳарфи билан ёзиш керак.

* * *

Баъзан “эркак” сўзини нотўғри тушуниш натижасида эрлар кийимига нисбатан “эркаклар кийими” дейилади. Бу тўғри эмас, албатта. Чунки ўзбек адабий тилида “эр” сўзи инсонга ва “эркак” сўзи ҳайвонларга нисбатан ишлатилади. “Эр” сўзи “хотин”нинг, “эркак” сўзи эса “урғочи”, “мода”нинг зиддидир. “Эркак” сўзи баъзи хотинларнинг нутқида эрни камситиш мақсадида ёки уялиб, тортиниб тилга олиш натижасида эрга нисбатан ишлатилади. Буни ҳисобга олиш керак ва “эркак” сўзини инсонга нисбатан ишлатмасликка ҳаракат қилиш лозим.

* * *

Матбуотда, “қайинона”даги “қайин” сўзи “хотин” сўзидан келиб чиққан, “қайинона” аслида, “хотинона” бўлган деган фикр эълон қилинди. Бу фикр ҳам тўғри эмас. Биринчидан, ўзбек тилидаги тарихий товуш ўзгаришларида “т” товуши “й”га айланмайди. “Д” ва тишора “з” товушлари “й”га ўтиши мумкин. Масалан, ҳозирги “оёқ” сўзи қадим “одоқ” ва “озоқ” шаклларида бўлган. Мазкур “қайин” сўзи ҳам қадимда “хотин” шаклида эмас, “қазин” шаклида бўлган ва унинг маъноси никоҳ натижасидаги қардошликдир.

Мазкур фикр муаллифининг иккинчи хатоси шундан иборатки, у “қайинота”, “қайинини” сўзларини ҳисобга олмаган. Агар қайин “хотин” бўлган бўлса, демак, қайинота “хотинота” ва қайинини “хотинини” бўлган бўлади. Халқ бу усулда сўз ясамайди. Куёв келиннинг, келин куёвнинг, масалан, балоғатга етмаган укасига, агар соғ бўлса, “хотин ука” деб мурожаат қилмайди. Телбаларнинг сўзини эса халқ ўз тилига киритмайди.

* * *

“Чўпон” деган сўзининг асли “чўббон”, яъни “таёқбон” дегани ва бунда чўпоннинг қўлида доим таёқ бўлиши назарда тутилган деган фикр бор.

Бунда маънога эътибор бермай, сўзнинг фақат шаклига қараб хулоса чиқарилган. Ҳолбуки, сўз тараққиётида маъно бирламчи, шакл иккиламчидир. “Чўпон” сўзини, агар маънони эътибордан соқит қилиб, фақат шакл нуқтаи назаридан мулоҳаза қилсак, унинг асли “чўббон” бўлганига шубҳа қилмаймиз. Чунки “чўббон” шаклан “чўпон”га энг яқин сўз бўлиб туюлади. Аммо маънони ҳисобга олсак, нима учун ота-боболаримиз қўйбонни таёқбон деб атаган деган савол туғилади ва бундан улар қўйдан таёқни фарқламаган деган жавоб вужудга келади.

Аммо гап шундаки “чўпон” сўзининг эски адабий шакли “шўбон” бўлиб, бу сўзнинг “чўб” сўзига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Навоий ва бошқа классикларимиз “қўйчи” сўзини ва унинг маънодоши сифатида “шўбон” сўзини ишлатади. Бунинг “бон” қисми “боғбон”, “посбон” каби сўзларда ҳам бор бўлиб, қаровчи маъносидаги касб эгасини билдиради. “Шў” қисми эса қадимги афғон тилида “фшў” шаклида бўлиб, қўй деган маънода бўлган. Ҳозирги русча “овца” сўзи, пуштунча “псай” сўзи, инглизча “шип” сўзи “фшў” сўзи билан умумий манбага эга. Шундай қилиб, “чўпон” сўзи чўббон, яъни таёқбон эмас, “шўбон” (қўйбон), яъни қўйчи деган сўздан келиб чиққан экан.

Ҳозирги форс, дарий ва тожик тилларида қўй “гўсфанд” деб аталади. Демак, “гўсфанд” сўзининг тарихидан бехабар кишига менинг “чўпон” ҳақидаги гапларим асоссиз бўлиб туюлиши табиий. Агар “гўсфанд” сўзининг ҳам туб маъносини билиб олсак, шубҳага ўрин қолмайди.

Гап шундаки, “гўсфанд” сўзи аслида қўйнинг ўзига берилган ном бўлмай, унга қўйилган лақабдир. “Гўсфанд”нинг қадимий шакли “гов сипанта” бўлиб, “гов” мол, чорва дегани. Бу сўз русча “говядина” сўзининг таркибида ҳам бор. “Гов” сўзи ҳозирги эрон тилларида ҳам бор, лекин у ҳозир қорамолга нисбатан ишлатилади. Қадимда бошқа молга нисбатан ҳам қўлланган. “Сипанта” эса эзгу деган маънода бўлган ва ҳозирги оқ маъносидаги “сафед” сўзи ҳам шу “сипанта” сўзининг ўзгарганидир.

Шундай қилиб, “гўсфанд” сўзи фшўга, яъни қўйга берилган “эзгу мол” маъносидаги “гов сипанта” деган лақабдан келиб чиққан экан. Бу лақаб кўп қўлланиши натижасида қўйнинг асл оти унутилиб, унинг лақаби асосий номга айланган.

* * *

Баъзан “ҳайратомиз”ни “ҳайратомуз” шаклида ишлатадилар. Бунинг тўғри шакли қайси ва “омуз” ёки “омиз” нима дегани? Форсча талаффузи “омихтан”, тожикчаси “омехтан” деган феъл бор бўлиб, маъноси қормоқ, қориштирмоқ, аралаштирмоқ, аралашмоқдир. Яна “омухтан” деган феъл ҳам бор бўлиб, буниси аралашмоқ, аралаштирмоқ маъносидадир. “М” товушидан сўнг “и” ёки “э” бўлса, яъни “омихтан” ёки “омехтан” дейилса, аралашмоқ, аралаштирмоқ деган маънода бўлади, агар “и” ёки “э” ўрнида “у” бўлса, ўрганмоқ, ўргатмоқ деган маънода. “Омез” ёки “омиз” бўлса, аралашар, аралаштирар деган маънода, “омуз” бўлса, ўрганар, ўргатар деган маънода бўлади. Бинобарин, “ҳайратомуз”, эмас, “ҳайратомиз” деган тўғридир. Чунки “ҳайратомуз” дейилса, “ҳайратўргатар” деган маъно чиқади. “Омихта” сўзи ҳам шу феълдан бўлиб, бунинг маъноси аралашган дегани. Шунинг учун “омухта ёғ”дан кўра, “омихта ёғ” деган тўғрироқ бўлади.

* * *

Энди ғалат таъбир ва нотўғри ибораларга аниқлик киритишимиз лозим. Ўрнига қўйиб яхшилаб хизмат қиламан деган маънодаги бир ибора бор. Шуни кўпинча “қамишдан бел боғлаб хизмат қиламан” ёки “хизмат қиламиз” деб айтадилар. Ҳолбуки соғ кишининг қамишдан бел боғлаганини ҳеч ким кўрган эмас. Белни маҳкам боғлаб хизмат қилиш бор. Мазкур иборада қамиш “маҳкам” сўзининг ўрнига тушган ва шу маънони берадиган бўлиши керак. Маълумки, қамишнинг белбоғи, яъни бўғини жуда маҳкам бўлади. Шунга асосан “Қамишдай, яъни қамиш каби бел боғлаб хизмат қиламан” деган ибора вужудга келган. Қамишнинг, хусусан, шакарқамишнинг белбоғидан шоирларимиз ҳам ўз маҳбубаларининг лабини ёки ширин сўзини мадҳ этиш учун фойдаланган. Масалан, ­Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида берилган Мавлоно Камолийнинг бир байтида, шоир ўз маҳбубининг лабига ширинликда найшакар, яъни шакарқамиш қул бўлганини ва бунинг белгиси унинг белининг боғлиқлиги эканини айтган. “Лаби ширин” деганда, асосан, кишининг ширин сўзи назарда тутилади. Мана ўша байт:

Эрнинг қулидур найшакар,

эй жон, бели боғлиқ,

Гул доғи юзунг бандасидур тўни ямоғлиқ.

Демак, мазкур иборанинг тўғриси “қамишдан” эмас, қамишдай бел боғлаб хизмат қилмоқлик экан.

* * *

Яна бир ибора бор. Бу “юрагида ёли бор” деган ибора бўлиб, у аслида юрагида ёлини бор деган шаклдадир. Яъни иккинчи сўз “ёл” эмас, “ёлин”дур.

“Ёлин” сўзининг маъноси “аланга” бўлиб, буни классик шоирларимиз кўп ишлатади. Масалан, Навоийда:

Ўртаса ишқ мени, сўрма сабаб,

Куйса хошок ёлиндин, не ажаб

деган сатрлар бор. Мазкур иборанинг тўғриси “юрагида ёлини бор” ва бу ибора “юрагида ўти бор” иборасининг маънодоши экан. Бинобарин уни “юрагида ёли бор” дейиш нотўғри ва кишини чалғитишдан иборат экан. Чунки кишининг юрагида ёл бўлмайди. Ҳатто кўкрагида ҳам бўлмайди. Ёл от, эшак, хачир каби ҳайвонларда бўлади. Шунинг учун кўкрагида ёли бор дейиш ҳам нотўғри. Бунда ҳам ёлини “кўкрагида бор” дейиш зарур.

* * *

Баъзан “маданий оқартув” деган сўзни эшитиш ёки ўқиш мумкин. Бу бирикма кишига қизиқ туюлади. Бунинг қизиқ туюлиши табиий. Чунки бундаги “оқартув” сўзи ўринсиз тушган. Аслида “маданий оқартув” эмас, “маданият маорифи” дейилса тўғри бўлади ва иборадаги ғайритабиийлик йўқолади.

* * *

Баъзи шифокорлар “касал чақирувчи микроб”, “микроб ташувчи ҳайвон” дейдилар. Бу ҳам тўғри эмас, “микробни ташувчи” эмас, “тарқатувчи ҳайвон”, “касални чақирувчи микроб” эмас, “қўзғовчи микроб” дейилса тўғри бўлади. Кўпчилик шундай дейди ҳам. “Касални чақирувчи микроб” дейиш рус тилидаги “звать” билан “вызывать” феълларини фарқламаслик натижасида вужудга келган. “Вызывать” феълининг қўзғамоқ, вужудга келтирмоқ деган маънолари ҳам бор. Ўзбек тилида олд қўшимчалар билан феъл ясалмайди.

* * *

Баъзан “миршикор” сўзини “миришкор” тарзида ўринсиз ишлатадилар. Ҳолбуки, бунинг тўғри шакли “миршикор” бўлиб, “мир” ва “шикор” сўзларидан ясалган. “Шикор” ов дегани, “мир” эса “мироб”, “миршаб” сўзларидаги “мир” бўлиб, “амир” каби бошлиқ маъносини билдиради. Аслида, “мир” “амир” сўзининг қисқарган шакли. “Амир”нинг луғавий маъноси “буюргучи”дир. “Миршаб” деб тунги қоровулларнинг, “мироб” деб сувчиларнинг, “миршикор” деб овчиларнинг бошлиғига айтилади. “Миршикор” сўзини деҳқонларга нисбатан “миришкор деҳқон” деб ишлатиш тўғри эмас. Баъзи кишиларнинг нутқида “миришкор деҳқон” деган иборанинг пайдо бўлишига “миршикор” сўзининг иккинчи қисмини нотўғри тушуниш сабаб бўлган.

* * *

Қорачадан келган кишини баъзан “қорамағиз” дейдилар. “Қорамағиз” сўзидаги “мағиз” элементи аслида “менгиз” бўлиб, юз деган маънодадир. “Менгиз” сўзи классик адабиётда кўп қўлланади. Навоий ўзининг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида:

Қабоқлари кенг-кенг, мижалари хор,

Менгизлари гул-гул, оғизлари тор

деган байтни келтиради. “Мижа” — киприк, “хор” — тикан, “менгиз” — юз дегани. Демак, “қорамағиз” аслида “қораменгиз” бўлиб, қорача юзли дегани экан.

* * *

Баъзан зиркни “қорақанд” деб атайдилар. “Қорақанд” сўзининг иккинчи бўлаги аслида, “қанд” эмас, “қат” бўлиб, маъноси бута ва ўсимликларнинг мевасидир. Бу рус тилида “ягода” дейилади. Зирк қора ва бута меваси, яъни қат бўлгани учун “қорақат” деб ҳам юритадилар. Смородинанинг “қорағат” деб аталиши сабаби ҳам “қорақат”ники сингаридир. Биридан бирини фарқлаш учун бирида “қ” сақланган ва иккинчисида “қ” товуши “ғ” товушига айланган. Натижада бир сўз “қорақат” ва “қорағат” тарзида икки сўзга айланган. Сўнгра ғалат таъбир натижасида “қорақат” “қорақанд”га айланган.

* * *

Кейинги пайтларда “бадиий ҳаваскорлар”, “бадиий ҳаваскорлик жамоаси”, “бадиий жамоа”, “болалар бадиий жамоалари” деган иборалар эшитилиб турибди. Албатта, “бадиий” сўзини нутққа нисбатан ишлатиш мумкин, лекин кишига нисбатан ишлатиб бўлмайди. Киши ва коллективга нисбатан “санъаткор” ёки “санъатчи” сўзи қўлланади. Бинобарин, “бадиий ҳаваскорлар” эмас, “ҳаваскор санъаткорлар” дейилса, нутқ тўғри бўлади.

“Бадиий ҳаваскорлик жамоаси” эмас, “ҳаваскор санъатчилар жамоаси” дейилса, таъбир аниқ бўлади “Бадиий жамоа” эмас, “санъат аҳли” ёки “санъатчилар гуруҳи” ёхуд “санъаткорлар жамоаси” дейилса, ибора маъноли бўлади. “Болалар бадиий жамоаси” эмас, “санъатчи болалар жамоаси” дейилса, маъқулроқ бўлади.

Мазкур нотўғри иборалар қаердан пайдо бўлди деган савол туғилиши табиий. Бу ибораларнинг пайдо бўлишига тажрибасиз таржимонлар сабабчи бўлган ва бундай бирикмалар асосан таржима қилинган хабарларда учрайди.

Гап шундаки, бепарво таржимонлар русча “художественный” сўзини ҳамма ҳолатда “бадиий” деб таржима қилаверган. Ваҳоланки, “художественный” сўзининг маъноси “бадиий” сўзига нисбатан кенгроқ бўлиб, у ўзбекчадаги “бадиий” сўзидан ташқари яна “санъат”, “санъатчи” ва “санъатчилик” сўзларининг аниқловчи бўлиб келгандаги маъносини ҳам қамраб олади.

“Художественный” сўзи, масалан, “художественное произведение”, “мастер художественного слова” деганда “бадиий” сўзига тўғри келади. Мазкур жумлалар ўзбекчада “бадиий асар”, “бадиий сўз устаси” дейилади. Аммо “художественный коллектив” деганда бу сўзни бадиий деб таржима қилолмаймиз. Чунки бу ҳолда “художественный” сўзи санъатчиларга, санъатчиликка оид деган маънодадир. “Художественный коллектив” санъатчилардан иборат ёки санъатчиликка оид гуруҳ дегани. Шунинг учун буни санъатчилар ёки санъаткорлар ёхуд санъатчилик гуруҳи, ёки жамоаси дейиш керак. “Художник” сўзининг ҳам туб маъноси санъатчидир. У тор маънода қўллангандагина рассомга нисбатан ишлатилади. Аслида, рассом рус адабий тилида “живописец” деб аталади.

* * *

Кейинги пайтда “лутфан таклиф қиламиз” деган ибора ишлатила бошлади. Бу ибора кўринишда гўзалга ўхшаб кўринади. Аммо маъно жиҳатдан “лутфан таклиф” қанчалик тўғри?

Баъзан кишининг ташқи кўриниши унинг ички оламига мос келмагандай, ибораларнинг эшитилиши уларнинг мазмунига мос келмаслиги мумкин. Бундай сўз ва иборалар ёш шоирларнинг ва олимларнинг нутқида ҳам учраб туради. Масалан, шоирга бирор сўз, олимга бирор термин ёқиб қолса, уни ўринсиз бўлса ҳам ишлатишдан ўзини тўхтатолмаслиги мумкин.

“Лутфан таклиф қиламан” дейиш икки жиҳатдан нотўғри. Биринчидан, “лутф” билан “таклиф” луғавий жиҳатдан бир-бирига зид. Чунки “лутф” деб юмшоқлик ва назокат билан қилинган эътибор ёки муомалага айтилса, “таклиф”нинг луғавий маъноси кулфатга солиш, ташвишга қўйишдир. Таклиф қиламан деган гап “қадам ранжида қилишингизни сўрайман” деган гапга мазмунан яқин. Бировни ҳатто зиёфат ёки базмга чақирган киши муомала одобига биноан “сизни лаззат олишга чақираман” демай, “сизни ташвишга қўймоқчиман”, дейди. Лутфан, яъни лутф қилиб сизни ташвишга қўяман, дейиш, албатта, тўғри эмас.

Ҳозир кўнглингизга “таклиф” сўзининг ташвишга қўйиш маъноси кўпчилик томонидан уқилмайди деган фикр келди. Бу тўғри фикр. Чунки кўпчилик “таклиф” сўзини фақат чақириқ маъноси билан чеклаб ишлатади.

Аммо масаланинг иккинчи жиҳати ҳам бор бўлиб, бу “лутфан таклиф” иборасининг чақириқ одобига зидлигидир. Меҳмон чақирувчи киши чақирилувчига, мен сизга лутф қилиб меҳмонликка чақираман деса, бу одобдан бўлмайди. Чақирилувчининг кўнглига “мен сенинг бундай лутфингга муҳтож эмасман” деган фикр келиши мумкин. Аммо чақирилувчи лутфан чақирганингиз учун раҳмат дейиши муомала одобига мувофиқ.

Агар чақирувчи чақирилувчига “лутфан марҳамат қилишингизни сўрайман” ёки “лутфан ташриф буюришингизни илтимос қиламан” деб мурожаат қилса, унда лутфни чақирувчи чақирилувчига эмас, чақирилувчи чақирувчига қилган ва ибора мазмунан тўғри бўлади.

* * *

Баъзан “Ғафур Ғулом номидаги мактаб” дейиш маъқулми ёки “Ғафур Ғулом номли” деган тўғрими деб сўрайдилар. Бунинг ҳар иккиси ҳам ўзбек тили нуқтаи назаридан маъқул эмас. “Ғафур Ғулом мактаби” дейилса бас, “номидаги” ёки “номли” деган сўзлар ортиқчадир. Ўзбекча “Навоий театри”, “Пушкин боғи”, “Ойбек кўчаси” дейилади, номли ёки номидаги сўзга эса эҳтиёж йўқ.

Ҳозир баъзи ўқувчиларнинг миясига “Ғафур Ғулом мактаби” дейилса, бу Ғафур Ғуломга қарашли мактаб дегани бўлади деган фикр келди. Лекин бу фикр тил хусусияти нуқтаи назаридан тўғри эмас. Фақат қаратқичнинг “нинг”ли ва “нинг”сиз формаларидаги маъно фарқини кўролмаган тилчилар нуқтаи назаридан тўғри. Гап шундаки, агар мактаб Ғафур Ғуломга тегишли бўлса, яъни у қурдирган ёки ўқиган мактаб бўлса, ўзбек “Ғафур Ғулом мактаби” демайди, “Ғафур Ғуломнинг мактаби”, дейди. Агар мактаб унинг номига қўйилган бўлса, “нинг”сиз “Ғафур Ғулом мактаби” деб қўя қолади. Абдулла Тўқай кўчаси дейилса, кўчанинг номи бўлади, агар Абдулла Тўқайнинг кўчаси дейилса, Абдулла Тўқай яшаган кўча тушунилади.

Аммо рус тилида “имени”, яъни номидаги деган сўз қўшиб, “школа имени Гафура Гуляма” дейилса тўғрироқ ва аниқроқ бўлади. Чунки “школа Гафура Гуляма” деганда мактаб унинг номига қўйилганми ёки у ўқиган мактабми, билиб бўлмайди. Лекин шубҳа туғилмайдиган ўринларда русчада ҳам “имени” сўзи тушириб қолдирилади. Масалан, русча “Парк Бабура”, “Театр Навоий” дейиш мумкин. Худди, шунингдек, “тўқсонинчи сонли мактаб” тарзида “сонли” сўзини ишлатиш ҳам ўзбек тили нуқтаи назаридан ортиқчадир. Биринчи мактаб, тўқсонинчи мактаб дейилса, тўғри бўлади.

Алибек РУСТАМОВ,

филология фанлари доктори, академик